www.ziyouz.com kutubxonasi
266
хабардор эди. Шунинг учун Жамшиднинг боши устидаги гумон булути тарқалиб, Кесакполвон
томонда қуюқлашди.
Полковникнинг тобути ёнида ҳам, краковликникида ҳам Кесакполвон турган эди. У тобут
қопқоғини маҳкам михлатиб, қотириб кетганди. Кетиши билан Тарзаннинг келиши, тобут
очилиб, қорадори олиниши, марҳумнинг қорни аввалгидай тикиб қўйилишини у етти ухлаб, бир
тушида кўрмаган эди. Масалага қоринни ёрган дўхтир ойдинлик киритиши мумкин эди. Аммо
Хонгирей Кесакполвонга бундай имконият бермади. Жамшид билан қайтган Маматбей ўша
одамни қидирди. Бироқ, тополмади.
Хонгирей «Асадбекка совға», деб бир қути бериб юборган эди. Жамшид унда нима борлигини
тахминан билганлиги учун кўрсатгиси келмади. Лекин совға олиб келганини билдирди.
— Кўрсат,— деб талаб қилди Асадбек.
Жамшид уни уйга олиб киришни истамади. Асадбек кўчага чиққач, машина юкхонасини очиб,
қути боғланган шойи тасмани ечди.
Жамшиднинг тахмини тўғри эди — қутида Кесакполвоннинг калласи ётарди. Асадбек унга узоқ
тикилмади. Бир пайтлар унинг юзига тупурган лаблар гўё алам билан қимтилган эди. Чақчайиб
қолган кўзлар эса гўё «Мен ўлмаганман, тирикман, мен ўлмайман» дея-ётгандай эди. Асадбек
бу ўлик башарага тупургиси, тупуриб хумордан чиққиси келди. Бироқ ўзини тутди. Қутининг
қопқоғини ёпди-да:
— Кўмдириб қўй, — деди.
— Қаерга? — деб сўради Жамшид.
— Малла гўрковга айт, Ҳосилнинг гўрига қўйсин.
Жамшид машинага ўтираётганида Асадбек уни тўх-татди:
— Маллага тайинла, кўзларини юмдириб, кейин қўйсин.
Гўрков харчанд уринмасин, қотиб қолган мижжалар юмилмади. Шундан сўнг у очиқ кўзлар
устига бир ҳовуч тупроқ тўкди-да, лаҳад устидан тупроқ тортди.
Бу дунёга сиғишмай, талашган икки одам бир лаҳадда жам бўлишди...
Бир ҳафтадан сўнг почтачи Асадбекникига қалин хатжилд ташлаб кетди. Асадбек бировга хат
ҳам ёзмасди, мактуб ҳам олмасди. Шунинг учун ажабланиб, жилд-ни очди. Ундан газета чиқди.
Ярим бетга яқин жойни эгаллаган мақола ўртасида Хонгирейнинг расми бор эди. Йўғон
ҳарфлар билан «ХХ аср: Гирей хоннинг ҳожатхонада ўлдирилиши» деб сарлавҳа қўйилган
мақола «Ўтган куни Москвада «Хонгирей» номи билан машҳур қонундаги ўғри ҳожатхонада
чавақлаб ташланди...» деган сатрлар билан бошланарди.
Асадбек мақолани охиригача ўқимади.
Илико уни доғда қолдиргани учун армон билан хўрсинди.
Хонгирейнинг ўлимини эшитган Илико ҳам шундай армон билан хўрсинганда, Хонгирейни
томсклик Балабуханинг йигитлари ўлдириб кетишганидан у бехабар эди.
Асадбек уйга сиғмай, кўчага чиқди.
Нима учундир кўча гавжум эди.
Асадбек нима учундир одамлар оқимига қарши юриб борарди...
Бу воқеадан бир йил ўтиб, Ўзбекистоннинг покиза осмонида озодлик байроғи ҳилпиради...
Do'stlaringiz bilan baham: |