91
- мижозларнинг топшириқларига биноан қимматли қоғозларни бегоналаштириш (сотиб
олиш, сотиш ва ҳоказолар) актларини рўйхатдан ўтказиш;
- электрон депозитарий орқали қимматли қоғозлар чиқариш ва жойлаштириш ва
ҳоказоларни ташкил этиш;
- инвестиция фондларида бухгалтерлик ҳисоботи тўғри юритилишини назорат қилиш.
Тижорат банклари умумий банк лицензияси асосида депозитар фаолият юритиш ҳуқуқига
эга. Банкларнинг ҳам бошқа инвестицион институтлар сингари депозитар фаолияти
“Депозитарийда қимматли қоғозларни чиқариш, қайд қилиш ва муомаласини ҳисобга олиш
қоидалари” га мувофиқ тартибга солинади. Мазкур фаолият турининг мақсадлари қимматли
қоғозларни пухта сақлаш, аниқ ҳисобга олиш, жисмоний ва юридик шахслардан қимматли
қоғозларни қабул қилиш ва бериш борасида тез хизмат кўрсатишга эришишдан, мижозларнинг
топшириқларига биноан қимматли қоғозларни бир ҳисобварақдан бошқа ҳисобвараққа ўтказиб
беришдан иборат. Депозитарийлар қимматли қоғозларни нақд ва нақдсиз шаклда сақлаши
мумкин. Фонд бозорида ҳаракат қилувчи юридик ва жисмоний шахслар банк-депозитарийнинг
мижозлари бўладилар.
Депозитарийнинг ҳар қандай операцияси топшириқ асосида амалга оширилади ва
топшириқнинг бажарилганлиги тўғрисида ҳисобот тузиш билан якунланади. Депозитарий –
банк амалга оширадиган ҳаракатлар мазмунига қараб уч хил: маъмурий, бухгалтерлик ва
ахборот операцияларига бўлинади.
Маъмурий операциялар қуйидаги хилларини ўз ичига олади:
- депо ҳисобварағини ва депо ҳисобварағи бўлимини очиш ва ёпиш;
- депо ҳисобварағи анкетаси маълумотларини ўзгартириш;
- ҳисобварақнинг “мақоми” ни ўзгартириш;
- тасарруфчини тайинлаш;
- тасарруфчининг ваколатларини белгилаш ва тўхтатиш;
- сақлаш тартиблари ва сақлаш жойлари тавсифларини жорий қилиш ва мустасно этиш;
- қимматли қоғозлар янги турини хизмат кўрсатишга қабул қилиш ва қимматли қоғозлар
қайсидир турини хизмат кўрсатишдан олиб ташлаш;
- қимматли қоғозлар муайян тури анкетасига ўзгартиришлар киритиш.
Бухгалтерлик операциялари қуйидаги тўртта турга бўлинади:
- “Кирим” (депозитарийларга қимматли қоғозларни қабул қилиш);
- “Чиқим” (қимматли қоғозларнинг депозитарийдан чиқарилиши);
- “Кўчириш” (қимматли қоғозларнинг турли сақлаш жойлари орасида кўчириб юрилиши
ёки битта “Ностро” ҳисобварағидан бошқасига кўчирилиши);
- “ўтказиш” (турли депонентлар ўртасидаги қимматли қоғозларга мулкдорлик ҳуқуқини
ўтказиш).
Ахборот операциялари депозитарийда юритилаётган депо ҳисобварағи операцион
ёзувлари, депо ҳисобварағи анкетаси, маълумотномалар, картотекалар ва маълумотлар
базаларининг аниқ аҳволи тўғрисида сўровларни амалга ошириб бориш билан боғлиқ.
Do'stlaringiz bilan baham: