www.ziyouz.com кутубхонаси
36
биридан қулоқсиз. Эрталабдан жаврайман, магазиндан нон опкелиб, кейин ишингизга
кетинглар деб, қани қулоқ солса! Шунча бола ўстириб, куним қотган нонга қолиб ўтирибман!
Ўғил-қизлар бирин-кетин бирови ўқишдан, бирови ишдан келишди. Тоғажон-тоғажон, деб
унинг бўйнига осилишди. Онаси уларни бирин-кетин имлаб чақириб, олиб чиқиб кетди.
Бироздан кейин улар лаблари ёғдан йилтираб киришди.
Холасининг қилмишидан Насибжоннинг дили вайрон бўлди. Шу уйга иккинчи қадам
босмаганим бўлсин, дедию, чиқди-кетди.
— Ҳой, шошма, ҳозир овқатга уннайман! Қуруқдан-қуруқ кетма, — деганча қолди холаси.
Мана, йигирма уч йил бўпти уни кўрмаганига. Бугун жияним катта лавозимга ўтибди, деб
келибди.
— Холагинанг гиргиттон, гап мундоқ. Кимсан, энди каттакон министрсан! Ёт бегоналар
ёнингда еб-ичиб юрмасин. Бош ёрилса бўрк ичида, деган гап бор. Жиянингни ёнингга ол.
Помошник қилиб, ол. Нима қиласан бегоналарга сир бериб. Иложи бўлса, жиянларингдан яна
биттасини ўзингга шопир қил. Худо хоҳласа, икковимиз қуда бўламиз. Кенжа қизим оқи оқ,
қизили қизил бўлиб турибди. Эшигимдан совчиларнинг оёғи узилмай қолди. Шу қизим
ўғлингга муносиб. Отингни қамчила, бўлмаса қуруқ қоласан!
Гапирганда ясама тиши шиқ-шиқ қилиб турадиган Нурмат тоғаси салмоқлаб гап бошлади.
— Холанг саводсиз бир нарса, аммо юрт кўрган хотин. Етти йил поездларда проводник
бўлиб, бормаган шаҳри қолмаган. Ўзинг биласан проводник оғир иш, бир кунда неча-неча одам
билан гаплашади. Холанг ўрислаб сўкканида ўрислар ҳам қулоғини бекитиб қочиб қоларди.
Топмади эмас, топди. Топганини болаларини ўқишга жойлашга сарфлади. Ўзинг яхши биласан,
ҳозирги домлаларнинг нафси ҳаккалак отиб кетган. Ноинсофлар, пешона терини тўккандек,
берганингни бармоғига туфлаб санаб олади. Холанг бечора болаларининг ҳаммасини дипломли
қилди. Унинг гаплари қулоғингда турсин, помошник масаласи — ўйлаб кўрса арзийдиган
масала. Энди менинг гапимни эшит. Ёшим ўтиб, куч-қувватдан қоляпман. Қариганда
уруғларингни қўмсаб қоларкансан. Кўргим келади. Энди қариганимда бир яхшилик қилиб
кетай. Ҳали сен келгунингча ҳовлингни айланиб чиқдим. Энди сен кимсан, министрсан! Бунақа
уй, бунақа ҳовли сенга ярашмайди. Олдингга ўзингга ўхшаган казо-казолар келади. Уларни
манави чолдеворга қандай олиб кирасан?! Энди сенга обрўйингга яраша уй керак. Ўзимча
чамалаб чиқдим. Икки қаватли уй қурамиз. Ўн икки хона бўлади. Зал уйга энг камида олтмиш
киши сиғади. Тагида билиярдхона, фин ҳаммоми, спорт зали бўлади. Менга қара, ғишт
заводлари ҳам сенга қарайди. Тахминан етмишта ғишт заводинг бор, деб эшитдим. Тахта
искалатинг ҳам юздан ошар эмиш. Ҳар қайсисидан бештадан тахта олганингда ҳам бутун уруғ-
аймоғингга етади. Директорларингга мени кўрсатиб, шу одам менинг вакилим, деб қўйсанг,
тамом, у ёғини ўзим келиштираман...
Меҳрибон тоғаси уни иккинчи курсни тугатиб, энди таътилга чиқаман, деб турганда
қидириб борганди. Кимсан, каттакон базанинг мудири катта бошини кичик қилиб келибди.
— Ҳой, сен кимга ўхшаган чиқдинг?! Уруғимизда бунақа одам бўлмаганди-ку?! Тоғам
бечора участка қуряпти, қийналиб кетгандир деб ўйламадингми? Сендан ош-нон сўраётганим
йўқ. «Ҳорма, бор бўл»га ҳам ярамайсанми? Эртага каникулга чиқасан. Умрингни бекор ўтказма.
Эрта-индин қиличини кўтариб қиш келади, ишлаб беш-тўрт тангани белингга тугиб қўйсанг,
тешиб чиқмайди. Мардикор бозорига чиқиб, бизни уятга қўйма! Меникига кел. Битта студент
ўртоғингни ёнингга олиб, ғишт қуясан. Ҳар куни овқатингдан ўзим хабар олиб тураман. Уч
ойда, ўҳ-ҳў, қанча ғишт қуйиш мумкин! Эртага бориб, машинада олиб келаман. Кўриб оласан,
кейинг ўзинг бораверасан.
Насибжон қашқадарёлик ҳамкурси билан тоғасининг участкасида уч ойда эҳ-ҳе, қанча ғишт
қуйиб ташлади! Саксон мингдан ошган чиқар... Тоға айтганини қилиб, ҳар куни тушликка
икковига тўрттадан сомса олиб келиб, қуйилган ғиштларни кўздан кечирарди. Ва албатта, балли
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |