www.ziyouz.com кутубхонаси
37
деб қўярди. Ғирт пиёздан иборат сомса шунчалик Насибжоннинг меъдасига тегдики, биров
сомса деса, кўнгли айнийдиган бўлиб қолди.
Тоғанинг ҳисоб-китоб қиладиган пайти келди. Негадир у шошилмасди. Насибжон пулдан
гап очган эди, жеркиб ташлади.
— Уялмайсанми, бегона эмасман-ку! Қочиб кетаётганим йўқ. Арзимаган шу хизматингни
миннат қилиб, ҳақ сўрагани қандоқ тилинг борди? Манаву бола, майли, у бегона. Уч-тўрт сўм
берсам бўлади. Аммо, сен ўзимизникисан, жиян! Ҳашарга ҳақ сўраса, айб бўлади. Унақа паст
бўлма, жиян. Шу гапни сен айтмадинг, мен эшитмадим.
Уч ойлик меҳнати куйган Насибжон ҳамкурс ўртоғи олдида юзи қора бўлди.
Насибжон меҳрибон тоғасини шундан кейин кўрмади. Кўргани тоқати йўқ эди. Тўғри, бир
марта кўрди. Ўша йили қиш жуда мижғов бўлганди. Қор ёғади, эрийди, ёғади, эрийди.
Насибжон брезент туфлида шилт-шилт ҳўл қор кечиб, пойабзал дўконига борди. Кеча олган
стипендиясига туфли олмоқчи бўлди. Бир туфлини энди қўлига олган эди, таниш овоз
эшитилди. Пештахта орқасида шу Нурмат тоғаси турарди. Демак тоғаси базани силлиққина
топшириб, шу дўконга ўтиб олибди-да.
— Стипендия тегибди-да, жиян? Дидинг дуруст, яхши туфли танладинг.
Насибжон пулини санаса уч сўм етмаяпти.
— Тоға, уч сўм етмаяпти. Етмаганини эртага ташлаб ўтаман.
— Унақа эмас-да, жиян! Бу ҳукуматнинг моли. Ревизия босса, шу уч сўм учун мени нима
қилади, биласанми? Қўй, менга жабр қилма. Пулингни бутлаб, кейин туфлини олиб кет.
Насибжон тоғасига «хайр» ҳам демади, индамай чиқиб кетди. Мана, шундан бери
«меҳрибон» тоғасини энди кўриб турипти.
— Энди мундоқ қилсак, — деди тоғаси ясама тишини шақиллатиб. — Мен ҳам қариб
қолдим. Кетадиган вақтим бўлиб қолди, шекилли. Биттагина ўғлимдан кўнглим нотинч. Мендан
кейин у нима бўлади, билмайман, Мана, бахтимизга сен министр бўлдинг. Бу ҳам худонинг
инояти. Султон суягини хўрламас, деб бекорга айтмаганлар. Шу болани ёнингга ол. Эски шаҳар
бозорини олиб бер. Ўзинг биласан, бозорда катта бўлган бола, эплаб кетади. У ёнида ўтирган
ширакайф йигитни туртди.
— Тур ўрнингдан, министр тоғангга қуллуқ қил! Бозор сеники бўлди, нодон! Энди кўпам
ичаверма! Бунақа ичиш раҳбар одамга ярашмайди!
Кўкрагига Брус Лининг суврати туширилган майка кийган, барзанги йигит ўрнидан туриб,
қўлини кўксига қўйиб қуллиқ қилди. Унинг оғзи тўла тилла тиш, Бўйнига ҳар бири конфет
донасидек тилла тросс осиб олган.
Насибжон ҳайрон. Бу тилла тросснинг баҳоси бирон минг доллар турса керак, деб кўнглидан
ўтказди. Уруғларининг ҳаммаси тилла тишли, гўё топган бойлигини оғзига жойлагандай. Улар
бўлар-бўлмасга хандон отиб қулишар, кулганларида оғзиларида чироқ ёниб тургандек бўларди.
Хотинларнинг бўйни, кулоғи, билаги, бармоқлари, «Арча байрами»ни эслатарди. Бугун
Насибжоннинг уйига уруғлари эмас, «Ювилерторг»нинг кўчма дўкони келгандек эди.
Насибжоннинг тоғаси билан холаси шунчалик ишонч билан гапирдиларки, нимайики
сўраган бўлсалар оғизларидан чиқмай туриб, вазир жиянлари бажарадигандек эди. Аммо
Насибжон бу гапларга на «ҳа деди, на «йўқ» деди. Нимаики эшитган бўлса, ичига ютиб
ўтираверди. Ҳукумат унга бу лавозимни фақат уруғ-аймоқларингни таъминла, деб бергандек
эди.
Холаси ийманиб, қимтиниб ўтирган синглисига ачитма гап қилди.
— Бошқа кўйлагинг йўқми?! Министрнинг уйига шу алпозда келдингми?! Бу штапел
ўлгурни Ачавотнинг лўлилари ҳам киймайди-ку!
— Қандоқ қилай, опа, бир этак бола. Эрим рабочийгина одам бўлса! Топганини болаларнинг
бошига етказсам, эгнига етказолмайман! — деди Салима ўксиб.
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |