Ер ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан самарали фойдаланиш иқтисодий барқарорлик асоси
Ер муаммоларига инсониятнинг эътиборини қаратиш мақсадида 1970 йилдан бошлаб, ҳар йили 22 апрель куни жаҳондаги барча мамлакатларда турли тадбирлар ва акциялар ўтказилади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош ассамблеяси қарорига асосан 22 апрель куни Ҳалқаро Ер куни сифатида нишонланмоқда.
Бугунги кунда ер ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш халқаро ҳамжамиятнинг ҳамда дунёдаги барча давлатларнинг олидида турган ўта муҳим долзарб муаммолардан бири ҳисобланади.
Ер юзасида кечаётган глобал экологик зиддиятли жараёнлар, масалан иқлим ўзгариши, чўлланиш жараёнлари, биологик хилма хилликнинг қисқариб бориши, атмосфера ҳавоси ва сув мабаларининг ифлосланиши, чиқиндилар билан боғиқ муаммолар, саноат ишлаб чиқариши билан боғлиқ техноген авриялар ерга ва бутун атроф табиий муҳитга зарар етказмоқда, ердан самарали фойдаланмаслик натижасида ерларнинг бузилиши ва ориқлаб кетиши жараёнлари кучаймоқда.
Ҳозирги вақтда республикамиз ҳудудининг 70 фоизи ёки 31,4 млн га табиий шўрланишга, қум кўчкилари, чангли бўронлар ва гармселлар тарқалиши таъсирига учраган қурғоқчил ва ярим қурғоқчил майдонлардан иборат. Орол фожиаси оқибатида 5,5 млн гектардан ортиқ майдонли Оролқум чўли вужудга келган.
Мамлакатимиз умумий майдонининг 9,6 фоизи, яъни 3,3 млн. гектари суғориладиган ерларга тўғри келиб, ҳозирда ушбу майдонларда барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотларинг 95 фоиздан ортиғи етиштирилмоқда. Қишлоқ хўжалиги экин майдонларини сув билан кафолатли таъминлаш мақсадида ҳар йили давлат бюджетидан 2 триллион сўмдан ортиқ, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун эса 400 млрд. сўмдан зиёд маблағ ажратилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда ерлардан самарали фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, Фуқаролик кодекси, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Давлат ер кадастри тўғрисида”ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги, “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги, “Ўрмон тўғрисида”ги қонунлари, Фуқаролик кодекси, Солиқ кодекси, Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва бошқа қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинмоқда.
2018 йилнинг июль ойида ва жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармон ва қарорларидан келиб чиққан ҳолда ерга эгалик қилувчилар, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан суғориладиган ерларни яхшилашни ҳамда муҳофаза қилишни, шу жумладан ерлардан мақсадли, оқилона фойдаланилишини, тупроқнинг қайта тикланишини ва ҳосилдорлиги оширилишини таъминлаш бўйича мажбуриятларни кучайтириш, суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик, ноқонуний қурилишларни тўхтатиш чораларини кўриш мақсадида, Ер кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, “Давлат ер кадастри тўғрисида”ги ва “Давлат кадастрлари тўғрисида”ги қонунларга, Жиноят кодексига, Фуқаролик кодексига, Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
(Халқарога)Ўзбекистон, 1993 йилда БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияга ва Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвецияга қўшилди
1995 йилда Қаттиқ қурғоқчиликни бошдан кечираётган ва (ёки) чўлга айланиб бораётган мамлакатларда, айниқса Африкада чўлга айланиб боришларга қарши кураш бўйича БМТ Конвенциясини ратификация қилди. Мамлакатимиз
2018 йилда БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенциясига Париж битимини ратификация қилди ва ушбу халқаро ҳужжатлар доирасида қабул қилган мажбуриятларини бажариш билан ерларни муҳофаза қилиш масалаларига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда.
Чўлланишга қарши курашиш, деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш бўйича ишларни олиб бориш самарадорлигини ошириш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини самарали бажаришни таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президантининг 2019 йил 22 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига Ўзбекистон Республикасининг миллий ваколатли органи сифатида республикада чўлланишнинг олдини олиш, ўрмонларни қайта тиклаш ва иҳота ўрмонларини кўпайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, Конвенция бўйича халқаро мажбуриятларини бажариш, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан самарали ўзаро ҳамкорликни таъминлаш, чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этадиган вазирлик, идора ва маҳаллий давлат ҳокимияти ҳокимият органлари ишларини мувофиқлаштириш юзасидан қўшимча вазифалар юклатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 31 майдаги “Ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида назоратни кучайтириш, геодезия ва картография фаолиятини такомиллаштириш, давлат кадастрлари юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва 2017 йиил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори республикамизда ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ва қишлоқ хўжалиги ерлари унумдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги ерларидан, айниқса, суғориладиган ерлардан бошқа мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш юзасидан назоратни янада кучайтириш, ер фонди ҳисобини юритишни тизимлаштириш соҳага замонавий юқори технологияли техник воситалар ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этилишда алоҳида аҳамият касб этади.
Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини бериш механизмларини тубдан такомиллаштириш, шунингдек тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлардаги бюрократик тартиб-таомиллар ва тўсиқларни қисқартириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан, 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион орқали ҳамда ер участкаларини бериш бўйича материалларни йиғиш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан келишиш замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда амалга ошириш тартиби белгилаб қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида қишлоқ хўжалиги соҳасини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасидаги илғор технологияларни жорий этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш энг муҳим вазифалардан бири сифатида таъкидланиб, қишлоқ хўжалиги мақсадларида ер бериш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш, ерлардан самарали фойдаланиб, мўл ҳосил олаётган кўп тармоқли фермер хўжаликларига ўз фаолиятини кегайтириш учун қўшимча ер майдонларни ажратиш лозимлиги қайд этилган эди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури” доирасида қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш орқали соҳани жадал ривожлантириш чора-тадбирларига асосан, тупроқ унумдорлиги, сув таъминоти ҳамда бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги ерларининг ҳосилдорлигини белгилаш бўйича нормативлар ишлаб чиқиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашни таъминлаш, қишлоқ хўжалиги мақсадларида ер бериш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш ва амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Орол денгизининг қуриб қолган қисмидаги шўрланган ерларда илмий-тадқиқот ва амалий ишлар кўламини кенгайтириш, экотизимни яхшилаш ҳамда муносиб ҳаёт фаолиятини таъминлаш, тадқиқотлар ва инновацияларнинг илғор тажрибаларини жорий этиш мақсадида, 2018 йилнинг 16 октябрида «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация Марказини ташкил этиш тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди.
Халқаро инновация марказининг асосий вазифалари ва фаолиятиниг устувор йўналишлари, Орол денгизининг қуриб қолган қисмидаги шўрланган ерларда экотизимни яхшилаш ҳамда муносиб ҳаёт фаолиятини таъминлаш, шўрланган тупроқли муҳитдаги турли муаммоларни ҳал этиш мақсадида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда инновацияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, инновацион технологиялар ва ёндашувларни, жумладан, агроўрмон мелиорацияси, саҳрони дарахтзорга айлантириш, экинлар диверсификацияси, чорвачилик, яйловларни ривожлантириш, қурғоқчиликни бошқариш ва унинг оқибатларини юмшатиш, иқлим ўзгаришларига мослашувчанликни белгилаш, илгари суриш ва тақдим этиш, Орол қуришининг оқибатларини бартараф этиш ва Орол денгизи ҳавзасини экологик соғломлаштириш соҳасида давлат-хусусий шерикчиликни ривожлантириш ва бошқалардан иборат.
Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалда рўёбга чиқариш доирасида бутун донорлар ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатлари ва маблағларини сафарбар қилиш, Орол ҳалокатининг офибатларини тугатиш учун ягона кўптомонлама майдонни ташкил этишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йилнинг 8 январида қабул қилинган “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ўта муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бугунги кунда ўзнинг самарали натижаларини бермоқда.
Мамлакатимизда умумиллий бойлик ҳисобланган ерлардан оқилона ва самарали фойдаланиш, ернинг экологик ҳолатини яхшилашга қаратилган замонавий инновацион ва ресурстежамкор технологияларни кенг жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ижтимоий, иқтисодий ва экологик соҳаларда барқарор ривожланишни таъминлаб, шубхасиз, халқимиз фаровонлиги ва турмуш даражасини янада оширишга хизмат қилади.
Cодиржон Джакбаров,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати
Do'stlaringiz bilan baham: |