– Гапларида ҳақиқат бор албатта, – деди Ултон. – Лекин,
кечирасизлар, мен бундай... нарсаларга панжа орасидан қараб
ўрганганман. Чунки бундан муҳимроқ, парво қилса жуда арзийдиган
муаммолар тўлиб ётипти! – У ҳозир қаерга бораётгани ва у ерда содир
бўлган бир фожиа ёдига тушиб, тўлиқиб кетди. – Ана ўша Қизил
мозорнинг мачити бўлганми?
– Бўлган, – деди Ботир. – Биз кичкина эдик бузишганида.
– Нимага бузишган?
– “Жаҳолат маскани!” – кулди Баҳор. Кейин ғижиниб кетди. –
Уйингга ўт тушкурлар...
– Кимни кўзда тутаяпсан? – сўради Дунё.
– Ҳарҳолда Бўтабой Сўпини эмас.
Дунё дугонасига оғир-таҳдидли қараб қўйди.
– У киши директор бўлишидан олдин бузишган, – деди Ултон. –
Мени ёдимда: қари-қартанглар йиғлашган эди. Кейин уларни
264
милисалар ҳайдаб юборди... У, қандай фожиа! – Ултон кўзи қизариб
аланглади. – Лекин ҳеч ким қаршилик қилмади...
– Сиз-чи? – ўгирилмай сўради Дунё.
– Мен? – Ултон синиқ жилмайди. – Ўшанда... “Шундай бўлиши
керак”, деб ўйладим шекилли. – Кейин ўртаниб кетди. – Ўшанда биз,
умуман, қарияларга паст назар билан қарардик: “Эскилик сарқити...”
деб...
Баҳор ҳаво етишмаётгандек чуқур нафас олди.
– Жа-ҳо-лат маскани.
Ултон унга бир чимирилди-да, кесатиб айтаётганини англаб,
бирданига томоғи бўғилиб хирқиради:
– Биласизларми, унинг пештоқида қандай ёзув бўлган?
– Ёзув бўлган, – деди Ботир.
– Қандай?
– Айтинг-да, билсангиз, – зарда қилди Дунё.
Баҳор Ултонга илтижо билан боқди.
– Улуғбек мадрасасидаги ёзувни эшитгансизлар, – деди у, – Ўша:
“Ҳар бир муслим ва муслима учун илм олмоқ фарздур”.
Do'stlaringiz bilan baham: |