Робин Гуд ҳақида халқ балладалари. Ўтмишнинг буюк ёзувчилари халқ ижодига мурожаат қилиб, унинг сюжет ва бадиий ифода воситаларидан ижодий фойдаланганлар.
Қадимги Шотландияда қўшиқ тўқиш ва айтиш анъаналари кучли эди. Ҳаётдаги барча воқеалар, яъни туғилишдан то ўлимгача: меҳнат жараёни, дам олиш, тўй ва оммавий сайиллар ҳам қўшиқсиз, куйсиз ўтмаган. Ўрта асрларга оид шотланд ва инглиз халқ қўшиқлари XВИИИ асрдан бошлаб ёзиб олина бошланди. Бизгача 300 га яқин сюжет ва баллада сақланган бўлиб, уларнинг вариантлари эса мингдан ортиқдир.
Бу давр халқ поэзияси лирик ва эпик қўшиқлардан ташкил топган. Меҳнат куйланган ва тўйда айтиладиган қўшиқлар, асосан, лирик асарлар бўлиб, баллада (дастлабки маъноси рақс ва музика билан айтиладиган қўшиқ) деб аталадиган қўшиқлар эпик характерда эди. Унда тарихий, афсонавий ёки маиший воқеалар тасвирланади. Баъзи балладалар тарихий воқеаларга боғланган бўлиб, уларда инглиз ва шотландлар ўртасида бўлиб ўтган урушлар, шотланд халқининг озодлик учун курашда кўрсатган мардлик ва шижоати куйланган. «Чевиот тепаликларида ов», «Отерберн жанги» балладалари бунга мисол бўла олади. Дерхем яқинидаги уруш (XИВ аср) ҳақидаги балладада Шотландия қироли Давиднинг Англияни босиб олиш учун тўсатдан қилган ҳужуми мағлубиятга учрагани ҳикоя қилинади.
Робин Гуд ва унинг отрядининг жанговар ҳаракатларига бағишланган балладалар қирқдан ортиқдир. Уларнинг кўпи XИВ асрнинг иккинчи ярмида яратилган. Балладаларнинг бош қаҳрамони ҳукмронлар зулмига қарши курашга отланган ва ўз эркини йўқотмаган деҳқон («йомен»)лардан келиб чиққан Робиндир. Унинг дружинаси камбағал деҳқон ва косиблардан иборат эди. Уларнинг ҳаракатида XИВ–XВИ асрларда юз берган ўзаро феодал урушлар, катта солиқлар натижасида қийин аҳволда қолган деҳқонларнинг дворян аристократия синфига қарши кучли норозиликлари ва қўзғолонлари акс этади. Робин Гуд ҳақидаги балладаларнинг сюжети мураккаб эмас.
Қирол ёки шериф (ҳоким) топшириғи билан Робинни қўлга тушириш истагида юрган ҳар бир киши, унинг куч–қудратини билгач, ўз ихтиёри билан унинг дружинасига қўшилиб кетарди.
Жасур, чаққон ва толмас Гуд ўзини ушлаш учун қўйилган барча пистирмалардан усталик билан қутулиб, хўрланганларнинг ёвуз душмани шерифга қарши аёвсиз кураш олиб боради.
Бу жиҳатдан Робин Гуд билан Гай Гисборн ҳақидаги баллада характерлидир.
Робинни излаб юрган Гай ўрмонзорда унга дуч келади, лекин уни танимайди. Улар ўқ отишда мусобақа қиладилар. Робиннинг мерганлигини кўрган Гай «қалбинг ҳам қўлинг сингари бўлса, у вақтда Гуд сендан зўр эмас экан» деб ўч олмоқ мақсадида Гудни ахтариб юрганини маьлум қилади. Халқ қаҳрамони Робин ўша қидириб юрган кишинг мен бўламан, дейди. Икки ўртада қаттиқ олишув бошланади ва охирида Гуд «бир умр хоин бўлгач» Гайни енгиб, уни ўлдиради. Сўнгра Робин шериф соқчилари қўлига асир тушган дўсти «кичкина Жон»ни қутқаради. Хушчақчақ Жон эса Гудни кўриб қочиб кетаётган шерифга найза санчиб, ундан қасос олади.
Робин Гуд қаҳрамонликлари ёзма адабиёт намуналарида ҳам ўз ифодасини топган. Шекспирнинг «Бу сизга ёқадими?» комедеясида Гуд тилга олинади. Роберт Гриннинг «Векфильд – дала қоровули» драмасида халқ қасоскори Робин Гуд ҳақида ажойиб эпизод бор. Робин Гуд золим феодаллар билан уруш олиб борган, эзилганларни ҳимоя қилган ҳақиқий халқ қаҳрамонидир.
М. Горький «Ёзишни қандай ўргандим» деган мақоласида болалик чоғларида ўқиган Гриннинг «Веквильд — дала қоровули» асарининг қаҳрамони халқ орзу–истакларини мужассамлантирган оддий кишилар — Жорж Грин ва Робин Гуд бўлганини қувонч билан хотирлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |