«ПЛЕЯДА» ШОИРЛАРИ
Реформация ва гуманизмга қарши Европада бошланган реакция Францияда ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Адабиётда диний мотивлар кучаяди. Бироқ у прогрессив ҳаракатни бўғолмайди. Шундай оғир шароитда француз гуманизми янги ривожланиш босқичига кўтарилади. Шу даврда француз тилини реформа қилиб, миллий маданият ва адабиёт яратишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган бир қанча илғор француз ёшларининг «Бригада» номли адабий тўгараги ташкил этилади. Кейинчалик бу тўгарак (унда етти киши қатнашар эди) «Плеяда» деб номланадиган бўлади. Тўгаракка қадимги грек ва латин тиллари мутахассиси Жан Дора бошчилик қилади. Пьер Ронсар, Дю Белле, Жан Антуан Этьен, Жодель, Белло ва Понтюс де Тиар бу тўгаракнинг аъзолари эдилар. Кўп ўтмай, унинг ҳақиқий раҳбари Пьер Ронсар (1524–1585) бўлиб қолади. 1549 йилда Дю Белле (1522–1560) нинг «Француз тилини улуғлаш ва ҳимоя қилиш» трактати босилиб чиқади. Бу эълон қилинган манифест «Плеяда» нинг адабий программаси бўлиб, унинг аҳамияти катта эди. Бу асарда Дю Белле шу вақтгача ҳукмрон бўлиб келган сарой поэзияси традициялари билан алоқани бутунлай узишга чақиради, француз адабиёти ва маданиятини гуманистик принциплар асосида яратиш зарурлиги масаласини илгари суради.
Манифест икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмда француз тили ҳуқуқи учун кураш, уни адабий тил сифатида такомиллаштириш асосий ўрин тутади. Француз тилини бойитиш манбаи фақат қадимги тилларгина эмас, балки косиблар, денгизчилар, рассомлар тили ва диалектлар ҳам бўлиши керак. Китобда она тилига бутунлай ўтиш учун вақтинча антик тиллардан фойдаланиш мумкин, деган фикр ҳимоя қилинади.
Манифестнинг иккинчи қисмида адабиёт ва шоирнинг асосий бурчи ҳақида фикр юритилади: ёзувчи фақат қизиқтирувчи ва овутувчигина эмас, балки «хушчақчақлик, қайғуриш, севиш, нафратланиш»га ҳам ўргатувчи ва мажбур этувчи бўлиши лозим. Бу ерда ҳам Дю Белле шоирларни антик адабиётдан ўрганишга ундайди. Лекин асосий мақсад уларга тақлид қилиш эмас, балки мустақил ижодий йўл тутиш ва улар билан рақобатлашиш кераклигини уқтиради. У антик шеърий вазнларни француз тилига киритмасликка ундаб, адабий жанрларнинг ислоҳ қилинишини талаб қилади. Француз поэзиясини улуғлаган Дю Белле уни антик поэзия билан мусобақа қила оладиган даражага кўтарилади, деб ишонади.
Дю Белленинг «Олива» номли сонетлар тўплами, «Ўкинч», «Қадимий Рим» шеърий тўпламларида нозик лиризм, гўзал табиатга қизиқиш, ватанга садоқат ҳисси, дин жаҳолатига чуқур нафрат сезилиб туради.
«Плеяда» шоирлари билан сарой шоирлари ўртасида борган кучли курашга Генрих ИИ ҳам аралашиб, ёш шоирлар тўгарагига ҳомийлик қилади, натижада «плеяда»чилар ғалаба қилади. Шунинг билан бир қаторда қиролнинг бу ишга аралашуви ва реакциянинг кучайиши шоирлар ижодининг гуриллаб ўсишига салбий таъсир этмай қолмайди.
Дю Белле, Ронсар ва «Плеяда»нинг бошқа аъзолари дунёқарашлари билан чекланган бўлсалар ҳам, лекин улар XВИ аср француз Уйғониш даври адабиёти ривожига катта ҳисса қўшган шоирлар эди. Улардаги чегараланганлик Карл ИX ва интриган Екатерина Медичларни Францияни қутқариб қолувчилар, деб тушунишга олиб боради.
Do'stlaringiz bilan baham: |