ШЕКСПИР ИЖОДИНИНГ БИРИНЧИ ДАВРИ
Поэма ва сонетлар. Шекспирнинг адабий фаолияти «Венера ва Адонис», «Лукреция» поэмалари ва қатор сонетлар ёзишдан бошланган. Ҳар икки поэманинг сюжети антик давр тарихи ва мифологиясидан олинган бўлса ҳам, уларда Уйғониш даври руҳи акс этган. «Венера ва Адонис» (1593) поэмасида кишининг ҳис–туйғулари ва табиат манзаралари реал тасвирланган. Китобда муҳаббат ва гўзаллик маъбудаси Венеранинг кўркам йигит Адонисга муҳаббати акс эттирилади. Бироқ йигит Венеранинг эҳтиросли севгисига эътибор бермайди. Унинг истакларини рад қилади. Овга меҳр қўйган Адонис Венеранинг огоҳлантиришларига қулоқ солмайди. Натижада бир куни ов қилиб юрган вақтида уни ёввойи тўнғиз ёриб ҳалоқ этади.
Венеранинг ҳаётга бўлган эҳтироси поэманинг марказий темасидир. Бу маъбуда табиат рамзидир. Ям–яшил далалар, гўзал ўтлоқлар, қушларнинг ёқимли сайрашлари Венеранинг ҳаётбахш интилишлари билан уйғунлашиб кетади. Адониснинг ўлими унинг табиатга зид хатти–ҳаракатларининг оқибати, деб қаралади, поэмада бу дунё қувончи ўрта аср тарки дунёчилигига қарши қўйилади.
«Лукреция» (1594) поэмасида Шекспир ёвуз ният – «қўпол ҳирс»ни қоралайди. Қадимги Рим шоҳи Тарквинийнинг ўғли ўз дўсти Каллатиннинг хотини Лукрециянинг гўзаллигини эшитади ва эри йўқ вақтда уйига бостириб кириб, уни зўрлайди. Бундай таҳқирлашга чидаёлмаган Лукреция ўзини ҳалок этади. Тарквинийнинг ўғли эса Римдан қувилади.
Бу поэмада бўлажак драматургга хос хусусиятлар – инсон характерини оча билиш, фожиали воқеани ҳис этиш, атрофни қуршаб олган зулмат–даҳшатларга нафрат қўзғата олиш маҳоратининг дастлабки белгилари кўриниб туради. Ёш Тарквинийнинг жиноят қилиш олдидаги иккиланиши Шекспирнинг кейинроқ яратган «Макбет» трагедиясининг бош қаҳрамонини эслатади.
Бу икки поэмадан ташқари, Шекспир 1609 йилда 154 сонетдан иборат тўпламини нашр эттирди. Унинг илк сонетларида Италия Уйғониш даври поэзиясининг дастлабки вакили Петрарканинг таъсири кўринса ҳам, лекин Шекспир ижодий эволюцияси давомида бу жанрнинг шартли белгилари доирасини ёриб чиқиб, сонетларни янги мазмун билан бойитди. Шекспир сонетлари замондош Ренессанс шоирлари Сидней ва Спенсер сонетларидан фарқ қилади. Чунки уларнинг лирик ижодида умумлаштирувчи ҳолат йўқ эди. Шекспирнинг лирик қаҳрамони ўзига хос хусусиятлари билан намоён бўлувчи такрорланмас ҳаётий образлардир. Шоир Уйғониш даври кишиларининг асосий хусусиятлари севги ва дўстлик, уларнинг хушчақчақ ҳаётга интилишлари, фикр ва ҳис–туйғуларини акс эттиради.
Шоир, унинг дўсти ва «хафақон аёл» Шекспир сонетларининг асосий қаҳрамонларидир. 1 дан 126–сонетгача дўстга садоқат ҳисси ифодаланса, 127 дан 154–гача бўлган сонетларда севгилисига муҳаббат тасвирланади.
Дўстлик мотивлари шоир ижодининг муҳим қисмини ташкил қилади. У дўстининг хаёли билан яшайди. У ҳақда шеърлар ёзади. Бинобарин, дўстлик қаттиқ синов – имтиҳонлардан ўтади. Бир сонетда қуйидаги тасвирни ўқиймиз: шоир иш билан бошқа томонга кетаётган вақтида севганини дўстига ишониб қолдиради. Лекин улар ўртасида яқинлик туғилиб, бири дўстига, иккинчиси севганига бевафолик қилади. Демак, унинг қайғуси икки томонламадир. Шунинг учун ўз ёрига у: «Сенинг юзинг эмас, балки ишларинг қора», деб таъна қилади. Лекин шундай бўлса ҳам, у дўстларидан воз кечмайди.
Шекспирнинг ўзига хос ифода усуллари бор. Шоир ўз шеърларида символлардан ҳам фойдаланади. У ёшликни баҳор ёки тонгга ўхшатади, гўзаллик ажойиб гулларга таққосланади, одамнинг қайтиши кузга, қарилиги қишга ўхшатилади; йигитнинг чиройида ёз латофати мужассамланади.
Шекспирнинг шеърлари мусиқавий – оҳангдордир. Шу сабабли замондошлари уни «ширин сўз» деб атаганлар. Тўпламнинг 66–сонетида лирик ҳарорат товушлар гармонияси орқали тўла очилади. Бир ўринда нафрат, қизиққонлик, иккинчи ҳолда вазминлик ҳукмрон. Унинг баъзи сонетларида драматик ва лирик ҳолат уйғунлиги намоён бўлади. Масалан, Шекспир сонетларидан бир намуна кўрайлик:
Ким қулай соатда туғилган экан,
Шуҳрату давлатдан баланд димоғи.
Менга илтифотни толе кам қилган,
Менга муҳаббатдир бахтлар булоғи.
Шаҳзода маҳрами бекнинг улфати
Валломат лутфидан шароб ичади.
Қачонким офтоб ботиб кетади,
Кунгабоқарнинг ҳам зари ўчади.
Зафарлар эркаси, машҳур саркарда
Охирги урушда енгилса бир кун,
Бурун хизматлари пуч бўлар бирдан,
Унинг қисмати шу: инқироз, сургун.
Менинг унвонимга йўқ завол куни,
Севдиму, севаман, севарлар мени.
Бу сонет – қабоҳат, сотқинлик, бузилган муҳитда азоб чекаётган кишининг аламли фиғоки – Гамлетнинг аламли монологларини эслатади. Лекин сонетнинг охири умидворлик руҳи билан тугайди. Жуда оғир пайтларда фақат муҳаббатгина қаҳрамонни ўлим хаёлидан қайтаради, унга куч ва руҳий тетиклик бағишлайди.
Шекспирнинг ҳақиқий инсоний ҳис–туйғулар ифодаланган сонетлари инглиз адабиётида лирик поэзиянинг янги гуманистик ривожланиш йўлини белгилаб берди.
Do'stlaringiz bilan baham: |