Инглиз Уйғониш ҳаракатининг ривожланиши. Ф.Бэкон. Уйғониш даври тараққиётида йирик мутафаккир, инглиз философ–материалисти Бэкон салмоқли ўрин тутади. Френсис Бэкон (1561–1626) янги дворян оиласида туғилди. Унинг отаси Елизавета саройида катта мансабдор эди. Ёш Бэкон Кембридж университетини тугатгач, Париждаги инглиз ваколатхонасида ишлайди. Англияга қайтиб келган Бэкон ҳуқуқшуносликни ўрганиб, адвокат бўлиб етишади. 1593 йилда парламентга сайланиб, оппозициячилар сафига ўтади. Кейинчалик у ўз мулкига қайтиб, илмий ва адабий иш билан шуғулланади. Тахтга чиққан Яков И уни хизматга чақириб олади. Бекон кетма–кет янги мансабларни эгаллаб, 1618 йилда лорд–канцлер вазифасига тайинланади. 1621 йилда оппозициячи парламент, уни мансабини суиистеъмол қилганликда ва порахўрликда айблаб судга беради.
Бэкон қамалиб чиққанидан сўнг илмий–ижодий иш билан машғул бўлади. У 1605 йилда «Фаннинг муваффақиятлари ҳақида» деган фалсафий трактатини нашр эттиради. Бундан кейин Бэкон қатор илмий–фалсафий асарлар яратади. Унинг ижодида муҳим ўрин тутган «Янги органон» (1620) асарида схоластик фан танқид қилиниб, табиатни тажриба асосида ўрганишга асосланган янги метод илгари сурилади.
Бэкон ўз фалсафий қарашлари билан материалистдир. «Инглиз материализмнинг чин отаси Бэкондир, – деб кўрсатди Маркс. – Унинг назарида табииёт илми ҳақиқий илм бўлиб, ҳиссий тажрибага таянувчи физика эса табииёт илмининг энг муҳим қисмидир. Бэкон гомеомериялар масаласини қўзғаган Анаксагорни, атомлар масаласини қўзғаган Демокритни авторитет деб ҳисоблаб, улардан жуда кўп далиллар келтиради. Бэконнинг таълимотича, ҳислар бизни алдамайдилар ва ҳар бир билимнинг манбаидирлар. Фан — тажриба фанидир ва ҳислар воситаси билан ҳосил қилинган маълумотларга рационал методни татбиқ қилишдан иборатдир...
Материализмнинг энг биринчи ижодчиси бўлган Бэконнинг материализмида, гарчи содда формада бўлса ҳам, ҳар тарафлама тараққиётнинг уруғи бор эди. Порлоқ шоирона ҳиссиёт ичига олинган материя камолотга эришган одамга табассум билан боқади».
Бэкон ижодида унинг насрий йўл билан ёзилган «Тажрибалар» (1597) асари муҳим ўрин эгаллайди. Инглиз тилида ёзилган бу китоб «Ҳақиқат ҳақида», «Ўлим ҳақида», «Севги ҳақида», «Гўзаллик ҳақида», «Одат ва тарбия ҳақида» деб номланган кичик очерклар тўпламидир. Бу очеркларда фалсафий, ахлоқий, сиёсий ва маиший масалалар ҳақида фикр юритилиб, схоластика ва догматизмга қарши кураш олиб борилади. Бу китобнинг номи француз гуманисти Монтеннинг шу номдаги китобидан олинган бўлса ҳам, лекин Бэкон ўз қарашлари билан Монтендан бутунлай фарқ қилади.
Бэкон ижодида латин тилида ёзилган (лекин тугалланмаган) «Янги Атлантида» (1622—1624) романи алоҳида аҳамиятга эга. Бу роман Томас Морнинг «Утопия»си тарзида ёзилган. Бироқ «Янги Атлантида»да ёзувчи жамиятни қайта қуриш масаласини кўтармай, уни фан тараққиётига суяниб ривожлантириш ғоясини илгари суради, холос. Бу мамлакат кишилари ўз ватанларига илм–фандан бошқа ҳеч нарсани, ҳатто «олтинни ҳам, кумушни ҳам...» киритмайдилар. «Янги Атлантида»да илм–фан жуда ривожланган, Янги Атлантиданинг олимлари сув остида сузадиган қайиқ ва кемалар, осмонда учадиган машиналар ва бошқа нарсалар ҳам ярата оладиган қобилиятли кишилардир. Гарчи бу асарда Томас Мор романидаги каби чуқур ижтимоий масалалар илгари сурилмаса ҳам, у Уйғониш даври ҳаракатига боғлиқлиги билан қимматлидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |