«Янги ҳаёт». Ўттизта шеърни ўз ичига олган «Янги ҳаёт» тўплами 1283-1291 йилларда ёзилган бўлиб, улар шоирнинг севгилиси Беатричега бағишлангандир. Бу шеърий асарда шоирнинг муҳаббати, ширин хаёллари Беатриченинг бевақт ўлимидан сўнг уни қуршаб олган қайғу-аламлар билан қўшилиб кетган. Шеърларнинг мазмуни насрий ҳикоялар, фалсафий изоҳлар билан шарҳланади.
Шоир тўққиз ёшга кирганида ўзига тенгдош Беатричени кўради ва уни севиб қолади. Шундан тўққиз йил ўтгач, улар яна учрашадилар. Қизнинг очиқ чеҳра билан таъзим қилиши шоирни ҳаяжонга солади. Уйга қайтган шоир туш кўради ва бу тушларини ўзининг биринчи шеъри (сонети)да тасвирлайди. Беатриченинг образи шоирни ижодий изланишларга илҳомлантиради. Жозибадор ва «олиҳиммат» Беатричени кўрган кишининг баҳри очилади, ўзини бахтли ҳис қилади, ғам-ғусса ва ёмонлик ундан йироқлашади, дейди шоир. Данте Беатричени покиза ва мусаффо қиз деб тасвирлайди.
Автобиографик характердаги «Янги ҳаёт» тўплами севган қалбнинг нозик руҳий кечинмаларини бера билиши билан диққатга сазовордир. Лекин унда ўрта аср диний-черков адабиётидаги видение жанрининг элементлари – аллегория ва символика ҳам мавжуд. Асарда учрайдиган 9 рақами (9-кун, 9-осмон) шоир ҳаётида юз берган муҳим воқеалар билан боғланиб кетади. Бу тўпламда мистик ва символик элементлар билан бирга янги реалистик белгилар ҳам бор. «Янги ҳаётнинг бошланиши» ҳақида шоирнинг тантана билан довруғ солиши бунга мисол бўла олади.
Дантенинг сиёсий-фалсафий трактатлари. Данте Беатриче вафотидан сўнг ўзига тасалли бериш мақсадида илмий-фалсафий масалалар билан шуғулланади, ўрта аср схоластик дунёқарашини ўрганади, антик адабиёт билан чуқур танишади. Натижада ахлоқий-фалсафий характердаги «Зиёфат» трактати (1307-1308) юзага келади. Дантенинг фикрича, ўрта асрлар фалсафаси, дини ва ахлоқи тасвирланган бу китоб ўша даврнинг энциклопедиясига айланиши керак эди.
«Зиёфат» рисоласида ёзувчи ер юзида икки ҳокимият – императорлик ва папа ҳукмронлиги мавжуд деб, дунёвий ҳокимиятнинг диндан мустақил экани ва унинг илдизи қадимги мажусий Римга бориб тақалиши ҳақида тўхталиб ўтади. Автор инсониятнинг табиий ва ғайри табиий икки мақсади бор, табиий мақсад – турмуш фароғатлари билан боғлиқ бўлиб, уни амалга оширишда кишига черков ақидаларидан холи ақл-идрок ва ирода мадад бериб туради, деган фикрни тарғиб қилади. Асарда бошқа янги қарашлар ҳам мавжуддир.
Данте ўрта аср традицияларига амал қилмай, «Зиёфат» трактатини эскирган латин тилида эмас, балки итальян тилида ёзади, бу жонли тилнинг келажаги порлоқ эканини таъкидлаб, китобни янги офтоб деб атайди. «Бу – арпа ноники, ундан минглаб кишилар тўйинади... Бу эски офтоб ботганидан сўнг унинг ўрнига чиқадиган янги офтоб – янги нур бўлади».
Данте халқ тилини ҳимоя қилиб, бу тил орқали ўрта аср билимларини кенг ёйишга интилади. Бундан ташқари, у одамдаги олижаноб хислатлар унинг авлоди, давлати ва мансабига боғлиқ бўлмай, балки унинг қобилияти натижасидир, деган Уйғониш даври учун характерли бўлган гуманистик фикрни илгари суради.
Дантенинг латин тилида ёзилган «Халқ нутқи ҳақида»ги трактати (1305) роман тилшунослиги бўйича биринчи илмий асардир. Бу китобида ёзувчи роман тиллари ўртасидаги фарқни кўрсатади, уларнинг латин тилига алоқаси ҳақида тўхталиб ўтади ва, ниҳоят, бутун Италия учун ягона миллий тил яратиш керак, деган фикрни ўртага ташлайди. Авторнинг умумитальян адабий тилини ҳимоя қилиши, мамлакатнинг миллий бирлигини юзага келтиришга интилиши унинг миллий маданиятни демократик негизда барпо этиш ғояси билан қўшилиб кетади.
«Италиянинг бирлиги ҳақидаги фикр унинг кўп ва энг яхши кишиларининг олижаноб ва йироқ хаёллари эди. Данте ва Макиавелли томонидан баён қилинган бу хаёл асрлар мобайнида йўқолиб кетмади...».
Бу асар ўз замонаси учун муҳим ижтимоий ва маданий қимматга эга бўлди.
«Монархия ҳақида» (1313) номли латинча рисоласида Данте папанинг сиёсий ҳокимиятга интилишини қоралаб, империя ҳуқуқини ҳимоя қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |