Орқа мия оқ моддаси (ўтказгич аппарати)нинг тузилиши Орқа миянинг кул ранг моддаси атрофида жойлашган оқ модда юқорига йўналган (сезувчи) ва пастга йўналган (ҳаракатлантирувчи) нерв толаларидан иборат. Бу нерв толалари орқа миянинг хусусий аппаратини (кул ранг моддасини) бош мия билан боғлайди.
Орқа миянинг ҳар иккала ярмидаги оқ модда учта тизимчадан иборат. Бу тизимчаларни устунчалар деб ҳам юритилади.
Орқа мия оқ моддаси билан ортки шох орасида жойлашган қисмига ортки тизимча дейилади.
Орқа мия оқ моддасининг ортки шох билан олдинги шох орасида ётувчи қисмига ён тизимча дейилади.
Орқа мия оқ моддасининг олдинги шох билан девори орасида жойлашган қисмига олдинги тизимча дейилади.
Ортки тизимча. Ортки тизимча орқа мия тугунидаги ҳужайраларнинг аксонларидан тузилган бўлиб, бу йўл (тизимча) орқали (проприорецептив) бўғим-мускул сезги импульслари ва қисман тактил сезги импульслари ўтади. Бу тизимчада асосан марказга йўналувчи нерв толалари жойлашган. Ортки тизимча икки тутамдан иборат. Ортки тизимчанинг ички ярмидаги тутамга нозик тутам, ташқи ярмидаги тутамга эса понасимон тутам дейилади.
Орқа миянинг пастки ярмидаги сегментларга тегишли (масалан, оёққа тегишли) орқа мия ганглийларидан бошланади. Орқа миянинг юқори ярмидаги сегментларга тегишли (қўлларга тегишли) орқа мия ганглияларидан бошланади. Бу икки тутам узунчоқ мия томон йўналади.
Ён тизимча – юқорига ва пастга йўналувчи нерв толалари ва тутамларидан иборат. Ён тизимчанинг юқорига йўналувчи тутамлари қуйидагиларни ўз ичига олади:
1. Ён тизимчанинг четки қисми орқали орқа миядан миячага борувчи иккита йўл ўтади: а) ён тизимчанинг олдинги томонида орқа миядан миячага борувчи вентрал спиноцеребелляр йўл жойлашади. Бу йўлнинг ўзи орқа миянинг қарама-қарши томонидаги ҳужайраларининг аксонларидан ҳосил бўлади; б) ён тизимчанинг орқа томонида орқа миядан миячага борувчи дорзал спиноцеребелляр йўл ётади. Бу йўл орқа миянинг шу томонидаги ҳужайраларининг аксонларидан ҳосил бўлади.
2. Ички томонида оғриқ, температура ва қисман тактил сезгиларни ўтказувчи спиноталамик йўл жойлашган. Бу йўл орқа миянинг қарама-қарши томонларидаги ортки шох ҳужайраларининг аксонларидан ташкил топган.
Орқа миянинг ортки ва ён тизимчаларининг зарарланиши ўтказгич турдаги сезги ўзгаришларига олиб келади. Бу тўғрида сезги ўзгаришлари турлари бўлимида маълумот берилган.
Ен тизимчанинг пастга йўналувчи тутамлари:
Ен пирамида йўли – ихтиёрий ҳаракатни ўтказиш йўли бўлиб, бош мия пўстлоғининг ҳаракатлантирувчи зонасидаги пирамидасимон ҳужайраларнинг аксонларидан ташкил топган. Ортки шох орасида жойлашган бу йўл орқа миянинг олдинги шохларида тугалланади. Бу йўлнинг функцияси ва патологияси тўғрисидаги маълумотлар бош мия пўстлоғига бағишланган бўлимда берилади.
Руброспинал йўл экстрапирамида ва мияча йўли бўлиб, қизил ядро ҳужайраларининг аксонларидан вужудга келган. Бу йўл кортикоспинал йўлнинг олдинги томонидан ўтади ва орқа миянинг ҳар бир сегментидаги олдинги шохларда тугалланади.
Бу йўлнинг функцияси ва патологияси тўғрисидаги маълумотлар экстрапирамида системаси бўлимида берилади.