Artemisia sogdiana Bge - суғд шувоғи. Мураккабгулдошлар оиласига мансуб, кўп йиллик ярим бута, бўйи 15 – 20 см. Қулай шароитда генератив новдалари 40 – 50 см. Барглари тукли, 2 марта патсимон қирқилган, тухумсимон, узунлиги 1 – 2 см, эни 0,8 – 1,2 см. Асосан майда тупроқли-шағалли ва шағалли тошли тупроқларда тоғ ва тоғ олди ҳудудларда тарқалган. Ўсимликнинг барча қисми хусусан пояси оқ – кулранг яшил рангли, генератив поялари бир йилда 40 смгача боради. Суғд шувоғи Ўрта Осиёнинг Ғарбий Тянь – Шань, Жанубий – Ғарбий Помир – Олой ҳудудларида тарқалган.
Тероиремоксерофит экологик гуруҳига мансуб, Наманган вилояти адирларида ушбу тур формацияси рўйхат қилинган. Аммо кузатишларимизга кўра ўсимлик кейинги йилларда Чуст – Поп адирларида сийраклашганлиги аниқланди. Дунё миқёсида ва Республикамизнинг бошқа ҳудудларида унинг биоэкологияси деярли ўрганилмаган. Чортоқ адирлари тупроғи ва иқлими жиҳатидан Чуст – Поп адирларидан фарқ қилади.
А В С
5 – расм. Суғд шувоғи. А) Ўсимлик уруғи. В) Экилган ювениль босқичидаги ўсимлик (2009й. апрель). С) Икки йиллик генератив фазадаги ўсимлик
Уруғ диаметри 2 – 2,1 мм, тескари тухумсимон, янги терилган вақтда оч кулранг. 1000 та уруғининг массаси 0,9-1г. Ўсимликнинг лаборатория шароитидаги унувчанлиги 67 – 70 %ни, дала шароитидаги унувчанлиги эса ноябрь ва декабрь ойларида экилган 0,5 см ли вариантда эса 30,7 % ни ташкил қилади. Март ойида униб чиқади.
Икки ва ундан катта ёшли ўсимликларда илдиз 250 см чуқурликгача борди. Ён илдизлари икки ярусни ҳосил қилади. Табиий шароитда бу шувоқнинг ҳосилдорлиги 3 ц/гадан ортмайди. Маданий шароитда эса 7 – 9 ц/га тенг бўлди. Маданий шароитдаги уруғининг ҳосилдорлиги 30 кг/гани ташкил этди. Вегетатив танаси ва барги октябр-ноябрь ойларида ҳам қулай шароит бўлса яхши ўсиб ривожланади. Совуқ қишда ҳам илдиз бўғзидан яшил барглари униб чиқади. Вегетатив танасининг асосий вазифаси фотосинтезни амалга ошириб органик модда ҳосил қилиб, илдизда тўплайди ва генератив танасини ўсиб чиқиши учун замин тайёрлайди. Агар куз фаслида совуқ кам бўлиб, нисбатан ҳаво давом этса унинг вегетатив танаси ҳам шунча яхши ривожланиб кўп озиқа тўплайди ва баҳорда генератив танаси яхши ривожланади.
Cуғд шувоғи ўсимлигидан фойдаланиб яйловларни яхшилаш фитомелиорациясига оид тадқиқотлар фақатгина Фарғона водийси Чортоқ адирларида амалга оширилган, унинг 100 кг қуруқ пичанида 37 озуқа бирлиги бор. Ўсимлик кимёвий жиҳатдан таҳлил қилинганда, таркибида 19 турдаги органик компонентлар аниқланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |