КАТТА ЗУБТУРУМ — PLANTAGO MAJOR L.
Катта зубтурум — Plantago Major L. зубтурумдошлар — Plantaginaceae оиласига киради. Зубтурум кўп йиллик, калта ва йўғон илдизпояли ўт ўсимлик. Илдизпоясининг юқори томонидан (ер устида) узун, қанотли бандли илдизолди тўпбарглар, пастки томонидан эса (ер остида) жуда кўп майда илдизлар ўсиб чиққан бўлади. Илдизолди тўпбарглари кенг эллипссимон ѐки кенг тухумсимон, текис қиррали ва йирик бўлади. Гул ўқи битта ѐки бир нечта, туксиз, бўйи — 10—45 см. Гуллари оддий бошоққа тўпланган. Гули майда, кўримсиз. Гулкосачаси тўрт бўлакка қирқилган, гултожиси оч қўнғир
рангли, тўрт бўлакли, оталиги 4 та, оналик тугуни икки хонали, юқорига жойлашган. Меваси — тухумсимон, кўп уруғли кўсакча. Май-июнь ойларида гуллайди. Географик тарқалиши. Собиқ Иттифоқнинг ҳамма туманларида йўл ѐқаларида, далаларда, экинзорларда, ўтлоқларда, ўрмон четларида, ариқ бўйларида ҳамда бошқа нам ерларда ўсади. Маҳсулот тайёрлаш. Ўсимлик барги йил бўйи йиғилади. Юпқа қилиб ѐйиб, соя ерда қуритилади ѐки қуритмай ишлатилади. Кимёвий таркиби. Маҳсулот таркибида аукубин (ринантин) гликозиди, аччиқ, шиллиқ ва ошловчи моддалар, флавоноидлар (апигенин, гомоплантагенин, лютеолин ва скутелляреин гликозидлари ва бошқалар), каротин ҳамда аскорбин, лимон кислоталар, фактор Т ва витамин К бўлади. Ишлатилиши. Зубтурум ўсимлигининг доривор препаратлари яллиғланишга қарши ва балғам кўчирувчи восита (барг дамламаси) сифатида, меъда-ичак касалликлари (сурункали гипоацидли гастрит, нормал ва кам кислоталик шароитдаги меъда-ўн икки бармоқ ичак яраси)ни (плантоглюцид препарати), анацид гастрит, сурункали ва тузалиши қийин бўлган колит ҳамда яраларни (қуритилмаган барги ва бурга зубтурумнинг қуритилмаган ер устки қисмининг ширалари биргаликда) даволашда қўлланилади. Доривор препаратлари. Дамлама, настойка, янги йиғилган, қуритилмаган баргнинг консервация қилинган шираси, плантоглюцид препарати, барг брикети. Барг йўталда бериладиган чойлар — йиғмалар таркибига киради. Тиббиѐтда катта зубтурум билан бир қаторда ўрта ҳамда ланцетсимон зубтурум ўсимликлари ҳам ишлатилади. Ўрта зубтурум — Plantago media L. Ўсимлиги баргининг ҳар икки томони тукли ва банди калта бўлади. Ланцетсимон зубтурум — Plantago lanceolata L. Ўсимлигининг барги ланцетсимон бўлиб, узунлиги 15 см, эни — 2—2,5 см.
Катта зубтурум
Ўзбекистон республикасининг барча тупроқ ва иқлим шароитида катта зубтурум ўсимлигини экиб ўстириш мумкин. Унинг яхши ўсиши ва ривожланишида тупроқнинг механик таркиби ўртача, ариқ сувлари яқин ва бегона ўтлардан тозаланган ерлар ажратилиши лозим. Катта зубтурум ўсимлиги экиладиган майдонлар асосан кузда, ер ҳайдаш олдидан гектар ҳисобига 20—25 тонна гўнг, 50 кг дан соф суперфосфат ўғити бериб, 22—25 см чуқурликда ҳайдаб қўйилади. Ўсимлик кўп йиллик бўлганлиги учун уни кузда ва эрта баҳорда ҳам экиш мумкин. Агар катта зубтурум ўсимлигини кузда экилса, ерни экишдан 25—30 кун олдин ҳайдаб қўйилади. Бегона ўтлар пайдо бўлиши билан культивация ва бороналаш ўтказилади. Кузда уруғлар стартификацияланмасдан қуруқ ҳолда кенг қаторлаб экилади. Бунда уруғ қадаш чуқурлиги 0,5—1,5 см дан ошмаслиги керак. Кузда ва баҳорда экиладиган уруғларнинг қадаш чуқурлиги 0,5—1,5 см, экиш нормаси гектарига 5—6 кг ва унувчанлик даражаси 70—80% дан кам бўлмаслиги керак. Уруғларни сабзавот экадиган сеялкаларда экилади. Кўчат қалинлиги 1 метрда 8—10 та туп бўлиши керак. Уруғлар эрта баҳорда экиладиган бўлса, экиш олдидан уларнинг униб чиқиш қобилиятини тезлаштириш мақсадида (нам қумда 18—20°С ҳароратда 1—2 кун сақланади) стратификация қилинади, кузда экиладиган бўлса, уруғ стратификация қилинмайди. Ўзбекистоннинг иқлим шароитида катта зубтурум ўсимлигини кузда экилса кам меҳнат сарфланади, ишончли ва тўлиқ кўчатлар ҳосил қилиш имконияти туғилади. Кузда экиладиган уруғлар эрта баҳорда ва баҳорда экилганлари эса, 10—12 кунда кўкариб чиқади. Ўсимлик экилган далалардан фойдаланиш
давомийлиги 3—4 йил. Катта зубтурум ўсимлигини парвариш қилиш ўсимликда чинбарглар ҳосил бўлгандан кейин уларни тупроққа қўшилиб кетмаслиги учун эҳтиѐткорлик билан культивация қилиб ер юмшатилади. Бегона ўтлардан тозаланади ва ягана қилинади. Вегетация давомида ўсимликнинг ривожланишини эътиборга олиб икки марта гектар ҳисобига ўртача 90 кг азот, 40 кг фосфор ва 40 кг калий ўғити билан озиқлантирилади. Иккинчи ва кейинги йилларда ҳам шоналаш даврида ва баргини йиғиб олингандан сўнг культиваторлар ѐрдамида икки марта минерал ўғитлар билан озиқлантирилади. Озиқлантириш суғоришдан олдин амалга оширилади. Мавсум давомида ҳарорат ва намгарчиликни ҳисобга олган ҳолда 10—12 марта суғорилади ва тупроқни юмшатиш ва бегона ўтларни йўқотиш учун 4—5 марта культивация қилинади. Катта зубтурум экилган майдонларда юқори даражада сифатли агротехник тадбирларни амалга оширилса, гектаридан 1,5—2 тонна қуруқ барг йиғиб олиш мумкин. Маҳсулот тайёрлаш. Ўсимлик барги йил бўйи йиғилади. Юпқа қилиб ѐйиб, соя ерда қуритилади, сўнгра майдаланади ва элаб уруғи олинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |