Катта зубтурум - Подорожник большой - Plantago major L. - Plantaginaceae зубтурумдошлар оиласига мансуб кўп йиллик тупбарг гулли ўсимлик. Илдиз пояси қисқа, кўплаб ён попук илдизлари бор. Илдизлари боғичсимон, узунлиги 15-20 см. Барглари йирик бандли, кенг тухумсимон, чеккалари бутун, узунлиги 12-15 см, учлари ўткир, 39 та узунасига таралган томирлари бор. Туксиз ёки сийрак тукли. Гулдор поялари тик ингичка чизиқли, туксиз, учида узун цилиндрсимон қуюқ бошоғи бор. Гуллари майда кўримсиз. Меваси тухумсимон кўсак тарзида бўлиб, ичида узунлиги 1 мм келадиган 8-10 та тухумсимон қиррали, кулранг - жигарранг ёки қўнғир рангли уруғ жойлашган.
1000 дона уруғнинг вазни 0,2-0,4 г келади. Тиббиётда барги ва қуритилмаган ер устки қисми ишлатилади.
Кимёвий таркиби. Баргининг таркибида аукубин гликозиди, флавоноидлар, шиллиқ ва ошловчи моддалар, витамин С, лимон кислоталар бўлади.
Ишлатилиши. Яллиғпанишга қарши ва балғам кўчирувчи восита сифатида, меъда-ичак касалликларини даволашда дамлама, настойка, янги йиғилган қуритилмаган баргининг қонсервация қилинган шираси плантаглюцид препаратини олищда ишлатилади.
Ўстириш технологияси. Зубтурум уруғидан кўпаяди. У тупроқнинг нам бўлишини хамда бегона ўтлар бўлмаслигини ёқтиради. Ҳар қандай турдаги хусусан сизот сув яқин бўлган тупроқлар зубтурум етиштириш учун қулай ерлар хисобланади. Ҳайдаб экиладиган экинлардан бўшаган ерлар зубтурум экиш учун мақбул хисобланади. Асосий шудгор вақтида гектарига 20-30 тоннадан гўнг, 45-60 кг дан фосфор ўғитлари солинади. Кеч кузда, ноябрнинг иккинчи ва учинчи ун кунликларида шудгордан кейин ўзаро бир бирига тик йуналишда молаланади, яхшилаб текисланади, ишлов берилади. Зубтурум экинзоридан фойдаланиш давомийлиги 2-3 йил. уруғ сабзавот экиш ускунасида қатор оралари 60 см қилиб экилади. Бунда уруғ Кадаш чуқурлиги 0,5-1 см ни ташкил қилади. Гектарига 5-6 кг уруғ сарфланади.. Экиш олдидан уруғ юз хисса қум кукун ҳолидаги гўнг ва ҳоказоларга аралаштирилади. Бу эса уруғни бир текис экиш имконини беради. Кузда хам экиш мумкин, бунда уруғ дастлаб стратификацияланади (униб чиқишини тезлаштириш учун нам қум орасида 0-6 даража хароратда сақланади) ёки ишқалаш ва ювиш ёрдамида шилимшиқдан тозаланади. Ўсимлик тўпларида бахорда 3-4 та чин барг чиққанидан кейин ер юмшатилиб, уларни тупроқ босиб кетмаслик учун секин культивация қилинади. Бегона ўтлардан тозаланади, ягана қилинади. Бир метр ерда 8-10 та туп бўлиши, ўсимлик зичлигини меъёрида экилишини англатади. Зубтурумни кейинги парвариши мавсум давомида .10-12 марта суғориш, 3-4 марта культивация қилиш, вегетация давомида май-июль ойларида гектарига 30 кг дан азот ўғитлари ва 40 кг дан калий ва фосфор билан озиқлантирилади. Иккинчи ва кейинги йилларда май ойида икки қатор қилиб бир - бирининг орасидан 10 см қолдириб, униб чиққан ўсимликларнинг барги ягана қилинади, икки марта озиқлантирилади. Катта зубтурум экилган майдонлардан гектаридан 1,5-2 тонна қуруқ барг йиғиб олиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |