Курс иши ёзиш бўйича йўриқнома
Умумий қоида
Курс иши - бу ўқув режасига киритилган, бирор аниқ мавзу бўйича талаба ва магистр томонидан тайёрланадиган, илмий-тадқиқот элементларини ўз ичига олган ёзма иш. Курс ишларини бажариш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Давлат таълим стандартлари”да кўзда тутилган. Уни ёзиш талаба ва магистрларнинг фан бўйича олган билимларини чуқурлаштириш ва мустаҳкамлашга, мустақил равишда илмий- тадқиқот ишларини олиб бориш кўникмасини эгаллашга, бажарган илмий иши натижаларини ижодий якунлашни ўрганишга ёрдам беради.
Курс ишини мақсади ва вазифаси
Академия таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида таҳсил олаётган талаба ва магистрларда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш кўникмаларини шакллантиришда курс ишининг аҳамияти каттадир. Курс ишини бажариш жараёнида талаба ва магистр эгаллаган назарий билимлари ва мавжуд меъёрий ҳужжатлар, маълумотномалар ва замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиб амалий масалаларни мустақил равишда ечиш ҳамда ўз ғоя ва ечимларини жамоада ҳимоя қилиш кўникмасини эгаллайди.
Курс ишини бажаришдан мақсад - ўқув режасида кўзда тутилган муайян фан бўйича маъруза ва амалий машғулотларда олган назарий ва амалий билимларини мустаҳкамлаш, чуқурлаштириш, умумлаштириш ва ушбу билимларни аниқ ижодий ва амалий масалаларни мукаммал ечишда кўллашдир.
Курс ишини бажариш орқали талаба ва магистр мураккаброқ назарий ва амалий масалаларни, масалан, битирув-малакавий ишини бажаришга тайёрланади. Шу билан бирга курс иши талаба ва магистрда давлат стандартлари, соҳа меъёрлари, маълумотномалар, жадваллар, диаграммалар, йўриқномалар ва муқаддам эгалланган тажрибалардан фойдаланиш кўникмасини шакллантиради. Шунингдек, курс иши талаба ва магистрларда ҳисоб-китоб ишларини бажариш, масалалар чизмаларини чизиш, тушунтириш ҳисоботларини расмийлаштириш кўникмаларини ҳосил қилиши лозим.
Курс ишининг вазифаларига асосан куйидагилар киради:
талаба ва магистрларнинг маъруза ва амалий машғулотларда, мустақил фаолиятларда олган назарий ва амалий кўникмаларини ижодий масалаларни бажаришда қўллай олишини намойиш этиш;
талаба ва магистрларда меъёрий, маълумотнома ва бошқа адабиётлардан фойдаланиш кўникмаларини ҳосил қилиш;
мустақил фикрлаш ва энг мақбул ечимларни қабул қилишга ўргатиш;
ахборот технологиялари воситасида тайёрлаган ўз ишининг тақдимоти
(ҳимояси)ни ўтказиш, унда курс ишини бажариш жараёнида эгаллаган натижаларни ишончли далиллар билан асослаш, ўзини дадил тута билиш, турли замонавий техник воситалар ва уларнинг дастурларидан фойдалана олиш қобилиятини кўрсатиш;
ўқув жараёнида шаклланган коммуникатив кўникмаларини намойиш этиш, ўз нуқтаи назарини ҳимоя қила олиш ва муросага келиш, мулоқотга қўшилиш, иш бўйича саволларга асосланган жавоб бериш, этика қоидаларига риоя қилган ҳолда бахслашиш, музокаралар ва давра суҳбатларида қатнашиш имкониятини намойиш этиш;
талаба ва магистрларда гуруҳ билан ишлаш кўникмаларини фаоллаштириш, олдинга кўйилган мақсадни бажариш бўйича ташаббус кўрсатиш қобилиятини кенгайтириш, умумий масалаларни ечишда ҳамкорлар билан ишлаш кўникмаларини мустаҳкамлаш;
мустақил ижодий ишлаш, маълумотларни излаш, йиғиш, кайта ишлаш ва сақлаш учун замонавий компьютер ва ахборот технологияларидан фойдалана олиш, ижодий ишлаш жараёнини тўла ниҳоясига етказиш масъулиятини ҳис этишга ўргатиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |