Ўзбекистон мустақилликка эришган вақтдан бошлаб, мамлакатни барқарор ривожлантиришга эришиш, халқ фаровонлигини оширишга йўналтирилган ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ўзгаришлар ва кенг кўламли бунёдкорлик ишлари изчил амалга оширилмоқда.
Бугун мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида – давлат ва жамият қурилиши, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиётни либераллаштириш, соғлиқни сақлаш, таълим ва кадрлар тайёрлаш, маданият, ташқи сиёсат, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш тизими ва бошқа соҳаларда чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ислоҳотларнинг мақсади адолатли жамият ва демократик давлат қуриш, «инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» тамойилини амалга ошириш устувор ҳисобланган жойда фуқароларнинг қулай атроф муҳитга бўлган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдир.
Ўтмишда атроф муҳит ҳолатига эътиборсиз муносабатда бўлиш, табиий ресурслардан меъёрдан ортиқ фойдаланиш ва экологик талабларга беписанд муносабатда бўлиш Орол денгизи қуриши, чўлланиш, ер ва сув ресурсларининг таназзули, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофондининг ёмонлашуви, биологик хилма-хилликнинг қисқариши, кўп миқдордаги саноат, маиший ва бошқа чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши каби бир қатор глобал ва минтақавий экологик муаммоларни пайдо бўлишига олиб келди. Ушбу муаммолар иқлим ўзгариши содир бўлаётган шароитларда янада яққолроқ ва кучлироқ намоён бўлиб, замонавий Ўзбекистон учун атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва уни соғломлаштириш масалаларини янада долзарб қилиб қўймоқда.
Мустақил ривожланиш йилларида мамлакатимизда экологик муаммоларни ҳал этиш ва уларнинг салбий оқибатларини бартараф қилиш борасида муайян тажриба орттирилди. Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида илғор халқаро талабларга жавоб берадиган фундаментал норматив-ҳуқуқий база шакллантирилди. Мазкур соҳада 30 га яқин қонунлар қабул қилинди ва 300 дан ортиқ норматив ҳужжатлар тасдиқланди.
Бироқ, мазкур соҳадаги вазифаларнинг кўлами мамлакатда экологик ҳолатни яхшилаш ва юзага келган муаммоларни яхлит ҳолда ҳал этишда жамиятнинг барча кучларини саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга йўналтирилган давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш заруратини қўймоқда.
Бу юксак вазифани атроф муҳит ва аҳоли саломатлигини сақлаш соҳасида фаолият юритаётган миллий ва хорижий жамоатчилик ташкилотлари ва ҳаракатларининг ижобий тажрибаларини ўзлаштирган Ўзбекистон Экологик партияси бажаришга қодир.
Ўзбекистон Экологик партиясининг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:
мамлакатнинг барқарор ривожланишига, экологик хавфсизлигига эришиш, ҳозирги ва келажак авлод учун қулай атроф муҳитни яратиш ҳамда табиий ресурсларни сақлашга йўналтирилган давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни таъминлаш;
атроф-муҳит муҳофаза қилиш ва табиий ресурсларни сақлаш давлат, жамият ва мамлакат ҳар бир фуқаросининг вазифаси бўлишига эришишга кўмаклашиш.
Ўз мақсадларига эришиш учун Партия қуйидаги вазифаларни ҳал этади:
мамлакатда атроф муҳит ҳолатини яхшилаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик муамоларни комплекс ҳал этишга йўналтирилган дастур ва ҳаракатлар стратегиясини шакллантириш ва илгари суриш;
атроф муҳитни муҳофаза қилиш, аҳолини соғлиғини сақлаш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш;
Ўзбекистонинг миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда экология соҳасидаги халқаро конвенция, шартнома ва келишувларга қўшилиш;
Партиянинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенесидаги ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларидаги партия гуруҳлари ва депутатлари орқали сиёсий ташаббусларни илгари суриш;
мамлакатнинг экологик сиёсатини амалга оширишда жамиятнинг барча кучларини сафарбар этиш;
экология ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонунчиликни ижросини таъминлашда давлат органлари, бизнес ва жамоат тузилмаларининг масъулиятини ошириш;
Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш, Оролбўйи ҳудудида ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш, маҳаллийлаштиришни таъминлаш, экологик вазиятни тиклаш ва соғломлаштириш, бошқа экологик ноқулай ҳудудларда экологик муаммоларни ҳал этиш ва аҳоли саломатлигини сақлашга йўналтирилган инновацион ғоя ва технологияларни, дастур ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;
мамлакатда «яшил иқтисодиёт»га ўтишга, қайта тикланувчи ва бошқа муқобил энергия манбаларини, экологик тоза чиқитсиз (кам чиқитли) технологиялар ва инновацион ечимларни тадбиқ этиш жараёнларини фаоллаштириш;
сув ресурсларининг етишмаслиги ва ифлосланиши, чўлланиш, ерларнинг таназулли, атмосфера ҳавосини ифлосланиши, биологик хилма-хилликнинг қисқариши жараёнларини тўхтатиш, шунингдек иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича чора-тадбирлар кўриш;
мамлакат манфаатларини ҳисобга олган ҳолда трансчегаравий сув оқимларининг сув ресурсларидан адолатли фойдаланишга йўналтирилган ташаббусларни илгари суриш ва ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш;
аҳолининг, айниқса қишлоқ жойларида тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжни яхшилаш, мавжуд сув чиқариш ва канализация иншоотларини модернизация қилиш, сув ўтказиш тармоқлари ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича комплекс чораларни амалга ошириш;
мамлакатда экологик тизимларни сақлаш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ва экологик туризмни ривожлантириш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни қабул қилиш;
узлуксиз экологик таълим ва тарбия тизимини такомиллаштириш, аҳолининг экологик маданияти даражасини юксалтириш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш;
давлатнинг экологик сиёсати устувор йўналишлари, Партиянинг мақсад ва вазифалари, мавжуд экологик муаммолар ва уларнинг ечими бўйича аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш;
ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга ва ёшларни табиат ва унинг ресурсларига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш руҳида тарбиялашга кўмаклашиш;
атроф муҳитни ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича амалий тадбирларни амалга оширишда давлат органлари, корхоналар ва муассасалар, сиёсий партиялар, ННТ, ОАВ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликни ривожлантириш;
экология ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги масалаларни ҳал этишга хорижий ва халқаро хамкорларни жалб этиш, халқаро хамкорликни ривожлантириш.
Ўзбекистон Экологик партияси «Биз келажак учун жавобгармиз!» ғоясини ўзининг бош шиори ҳисоблаган ҳолда ўз фаолиятида қуйидаги устувор йўналишларни белгилаб олган:
Do'stlaringiz bilan baham: |