VI. Аҳолининг экологик саводхонлик даражасини ошириш, дунёқараши ва уларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, экологик маълумотга эга бўлишини таъминлаш
Аҳолининг хабардорлигини, экологик маданияти даражасини ошириш, ҳар бир инсонда атроф муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, мамлакатнинг ноёб табиатини келгуси авлодлар учун асраб-авайлаш фуқаролик жавобгарлигини шакллантириш бугунги кунда экологик ҳолатни яхшилаш ва атроф муҳитга салбий техноген ҳамда антропоген таьсирни олдини олишнинг муҳим омили бўлиб бормоқда.
Ушбу устувор йўналишни амалиётга татбиқ этиш мақсадида Ўзбекистон Экологик партияси экологик фикрлашни шакллантириш, узлуксиз экологик таълим ва тарбиянинг мукаммал тизимини ишлаб чиқишга йўналтирилган ишларда кенг жамоатчиликнинг фаол иштирокини муҳим деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон Экологик партияси мазкур йўналишда қуйидагиларга йўналтирилган давлат дастурларини амалга оширишда фаол иштирок этади:
узлуксиз экологик таълим ва тарбия концепциясини ва дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
экология соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини, шунингдек, ишлаб чиқаришнинг турли тармоқлари, иқтисодиёт ва бошқарув, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг раҳбарлари ҳамда мутахассисларини экологик маълумоти даражасини оширишнинг самарали тизимини яратиш;
экологик таълим-тарбия жараёнига масофадан ўкитиш учун ресурслар яратишни ўз ичига олган замонавий ахборот-коммуникацион технологияларни жорий этиш;
ёшларнинг экологик таълими ва тарбияси масалаларида давлат ва нодавлат таълим муассасалари, оила, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш.
Аҳолининг экологик маданиятини ошириш вазифасини ҳал этиш учун Ўзбекистон Экологик партияси халқимизнинг доимо табиат ва инсон уйғунлигига эришишни таъминлашга интилиш, келгуси авлод учун уни асраб-авайлаш, сув ва бошқа табиий ресурслардан тежамли фойдаланишдек асрий анъаналари ва қадриятларидан иборат маданий ва табиий меросига мурожаат қилишни муҳим деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон Экологик партияси ушбу вазифаларни давлат органлари, сиёсий партиялар, ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқин ҳамкорликда ҳал этади.
Мавжуд экологик муаммоларга жамоатчиликнинг эътиборини қаратиш, уларни изчил ҳал этишнинг энг мақбул йўлларини жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш, атроф муҳит муҳофазаси ҳолати, уни муҳофаза қилиш ишлари ҳақида фуқароларни ҳаққоний ва тезкор ахборот билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Экологик партияси мавжуд оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилади ҳамда ўзининг оммавий ахборот воситалари ва Интернет ресурсларини ташкил этади.
Ўзбекистон Экологик партияси атроф табиий муҳит муҳофазаси соҳасида ресурс ва энергия тежовчи, экологик тоза технологиялар борасидаги илмий изланишларни ривожлантиришда кенг жамоатчиликнинг қўллаб-қувватлашини таъминлаган ҳолда бугунги кунда фан ва таълим соҳасига сарфланаётган маблағлар мамлакатимизда келажагимиз эгаларига хизмат қиладиган, экологик маданияти юкори, юксак интеллектуал жамиятни шакллантиришга мустаҳкам пойдевор бўлади, деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон Экологик партияси:
аҳолининг атроф муҳит ҳолати ва экологик вазиятни яхшилаш, фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилишга оид кўрилаётган чора тадбирлар ҳақидаги маълумотларни олиш имкониятини таъминлаш;
экологик таълим ва тарбия тизимини шунингдек, барқарор ривожланиш мақсадлари учун таълимни ривожлантириш;
юксак экологик маданият даражасига, ҳар бир фуқаро томонидан мамлакатнинг ноёб табиати ҳалкимиз тарихий меросининг ажралмас қисми эканлиги ва келажак авлодлар учун уни асраб-авайлашда ўзининг масъулиятини англашига эришишга босқичма-босқич интилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |