3-савол баёни. Хўжалик юритувчи корхоналарда дебиторлик ва кредиторлик қарзларининг олдини олиш ёки уларни бартараф этишни битта тадбир белгилаш ёки уни назорат қилиш асосида уддалаб бўлмайди. Бунинг учун бевосита кенг қамровли дастур ишлаб чиқиш лозим.
Дебиторлик қарзларининг ҳолатини яхшилашнинг асосий йўллари қуйидагилардан иборатдир:
зарур маҳсулотни етказиб бериш ва харид қилиш шартномаларини ўз вақтида ва тўғри тузиш;
ҳисоб-китоб ва тўлов ҳужжатларини ўз вақтида ва тўғри расмийлаштириш;
маҳсулот етказиб берувчилар ва харидорларнинг молиявий аҳволини ўрганиш;
маҳсулот ҳажмини ошириш ва сифатини яхшилаш;
корхонада маркетинг хизматларини яхшилаш;
маҳсулот етказиб берувчилар ва харидорлар билан ўз вақтида ҳисоб-китобларни амалга ошириш;
корхоналарнинг молиявий аҳволини ўз вақтида таҳлил қилиш ҳамда уларнинг натижаларини мақсадга мувофиқ ҳолатда ушлаб туриш чораларини кўриш.
Дебиторлик ва кредиторлик мажбуриятларининг олдини олиш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш мақбулдир:
ўзаро шартномавий муносабатларда томонларнинг масъуллигини ошириш ва уларнинг шартларига қатъий амал қилиш;
муддати ўтказиб юборилган ҳар қандай тўловлар суммаси бўйича ҳуқуқий жавобгарлик чораларини кўриш;
замонавий ҳисоб-китоб шаклларидан фойдаланиш;
даргумон қарзлар бўйича резервлар ташкил қилиш механизмини ишлаб чиқиш ва б.
Дебиторларга таъсир кўрсатишнинг энг кенг қўлланадиган усулларига хат жўнатиш, телефон қилиш, шахсан бориб келиш, дебитор қарзларни бошқа ташкилотларга сотиб юбориш киради.
Дебиторлик қарзларини бошқа ташкилотларга сотиб юбориш – факторинг операцияси деб аталади.
Факторинг – дебитор қарз мажбуриятларини фактор воситачига ўтказаётган субъектнинг қарз ундириш таваккалчилигини камайтириш мақсадида тузиладиган шартномадир56. Субъектлар ўртасида дебиторлик ва кредиторлик қарзлари муаммоси пайдо бўлганда, яъни товар-моддий қийматликларни жўнатган субъект харидордан маҳсулот ҳақини ўз муддатида ундиролмаса ёки бундай қарзлар шубҳали, уларни ундириш эҳтимоли кам бўлса факторинг воситасида қарзни ундириш амалиёти қўлланилади.
Факторингда воситачи корхона (одатда банк) қарз берган субъектдан маълум бир комиссион тўлов эвазига қарздордан маблағни ундириш ҳуқуқини қўлга киритади. Факторинг шартномаси тузилиши билан субъект ундиролмай турган қарзнинг аксарият қисмини факторинг субъектидан (ёки банкдан) олади. Сўнгра факторинг корхонаси қарздор корхонага қарзни ундириш бўйича даъво қўзғатади.
Факторингнинг афзаллиги шундаки, у нотўловлар муаммосини қисман бўлсада, ечишга имкон беради.
Дебитор қарзларни назорат ва таҳлил қилишнинг умумий схемаси одатда ўз таркибига қуйидаги босқичларни олади:
1-босқич. Алоҳида дебитор қарзларнинг критик даражаси белгилаб олинади. Бу суммадан юқори бўлган ҳар бир қарздорликнинг ҳисоб-китоб ҳужжатлари тўла текшириб сиқилади.
2-босқич. Қолган ҳисоб-китоб ҳужжатларидан назорат учун тўплам танлаб олинади, танлашнинг турли усуллари қўлланилиши мумкин.
3-босқич. Текшириш учун танлаб олинган ҳисоб-китоб ҳужжатларидаги дебитор қарзлар қанчалик реал эканлиги текширилади. Хусусан, қарздорлардан бу сусмманинг ҳақиқийлигини тасдиқлашлари сўралиши мумкин.
4-босқич. Аниқланган хатоларнинг муҳимлигига баҳо берилади.