www.ziyouz.com kutubxonasi
32
ўради. Сўнг Зайнабга «сен меҳмонларга қара, мен ҳозир келаман», деб қайнонаси ва қайниси
дафн этилган қабристонга кетди. Ҳалимжон олиб келган тугунни гўрковларга бериб, ўзи
машинага қайтди. Манзура эса тахта ўриндиқда узоқ ўтириб, Яратганга илтижо қилди.
IV б о б
1
Марҳумларнинг фақат қиёмат қойим бўлганида, сур чалинган онда тирилмоқлари маълумдир.
Шундай бўлмаганда эди, Фиръавн тирилиб келиб Хонгирейнинг қилмишларини кўриб,
аъёнлари Ҳомон ва Қорунга қарарди-да, «Сенлар ўтмиш ҳаётларингдан кўп ҳам куймаларинг.
Сенлардан баттари ҳам бор экан. Сенлар-ку, мени худо деб билиб қилдиларинг барча
гуноҳларни. Бу бефаросат бола эса ўзини ўз оламининг худоси деб фаҳм этяпти. Мен дўзахга
ҳукм қилинганман, аммо бу ақли қосир билан бир ўтда куймоқликдан ҳазар қиламан», деган
бўларди.
Фиръавн тақдиридан бехабар ўнлаб, юзлаб, балки минглаб, балки ундан-да кўпроқ бандалар
сафидаги Хонгирейни у дунёда кутилажак азоблар мутлақо ташвишга солмас эди. Унинг айни
дамларда ташвиши фақат бу дунёга хос — синган Асадбек ўрнига ўзининг содиқ вассалини
қўймоқ. Ҳа, у Асадбекни синган ҳисобларди. Қуриган, синган шохларни гулханга ташлаб,
оловда қўлларини иситиб роҳат олгани каби Асадбекнинг жон талвасасидан ҳузурланишни
истаётган эди.
Қонундаги ўғри шоҳсупасида ўтирган, устози Зелихон томонидан «Княз» деб эркаланган
Хонгирей қиморбозларни азалдан ёқтирмас эди. Ҳали ўғрилар оламида суяги қотмаган
маҳалларда шериклари билан милитсия либосини кийиб қиморхоналарни беш-олти марта
босган эди. Омади келиб катта ютуқ олган қиморбозларнинг ҳам додини берган эди. Унинг
учун давлат хазинасини ургандан кўра қиморбозларнинг шўрини қуритиш дурустроқ эди. Чунки
қиморбоз аҳли ҳукуматга арз-дод қилмагани учун таъқиб ташвишидан ҳоли эди. Катта
қиморбозлар билан қонундаги ўғрилар орасида сулҳ мавжуд бўлгани сабабли
«қонундагилар»нинг катталари Хонгирейнинг танобини тортиб қўйишгач, ресторан
директорининг шўрини қуритаман деганида ўзининг шўргинаси қуриб қолди. Шу ҳолатнинг
асосий сабабчилари қиморбозлар деб билиб уларга нисбатан сўнмас нафрати юрагига
муҳрланди.
Шунданми, Хонгирей ўзга ўғрилардан фарқли ўлароқ, қимор ўйнамас эди. Ҳатто шунчаки ҳавас
ёки кўнгил очар учун ҳам қўлига қарта олмас, ёнидагилар учун ҳам қиморга яқинлашмоқликни
ман этган эди. Ўжарлик, ўз аҳдида қатъий туришда унга бас келувчининг топилиши қийин.
Аҳдга вафо қилмоқ, қатъийлик покиза қалб эгалари учун яхши фазилат саналади. Зулм уруғи
ниш урган юраклар учун эса офат эшигининг очилмоғидир.
Хонгирейнинг бу оламга кириб қолишига асосий сабаб ҳам шу ўжарлик эди.
Қофқазнинг осмон билан ўпишган ерларида жойлашган Ҳамзат овули фақат атрофидаги
мағрур чўққилари билан эмас, йигитларининг бўйдор, бақувватлиги билан ҳам бошқалардан
ажралиб турарди. Эндигина ўн бешни қоралаган Афтондил эса гавдада ҳам, абжирликда ҳам
йигирма ёшлилар билан баралла баҳслаша оларди. Чавандозликда, курашда овулнинг фахрига
айлана бораётган эди. Майхўрлиги туфайли овулга иснод келтираётган одамнинг ўғли атроф
овулларнинг ҳам назарига тушаётган пайтда шайтон ғолиблик қилди.
Тенгсиз чавандоз бўлиб етишаётган йигитчанинг уйида от тугул эшак ҳам йўқ эди. Афтондил
учун эса бу бир адолатсиз ҳол эди. Бу ноҳақликка чек қўйишга аҳд қилган дамда қалбига зулм
ўргимчаги ҳали тўрини ёймаган эди. Дастлаб аҳдини ҳалол тарзда амалга оширмоққа уринди.
Тўй-ҳашамдаги пойгаларда, курашларда ғолиб чиқса-чиқмаса унга меҳрини боғлаганлар
суюнчи сифатида пул берар эдилар. У ана шу пулларни йиға бошлади. «От бўлмаса той
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |