www.ziyouz.com kutubxonasi
28
ишнинг жиддийлиги сезилиб қолади. «Келмас эканлар», деса уйга қайтишганида бу ёлғони ҳам
фош бўлади. Жамшид «Нима бўлганда ҳам уйга етиб боришаверишсинчи» деган фикрда:
— Акам кутяптилар. Аслида бир-икки кун Масковда айлантирай девдим...
Жамшиднинг гапи чала қолди. Манзура қўлини унинг ёқасидан олиб салгина чекинди-да:
— Ҳа, Масковиям жувонмарг бўлсин! — деди.
Бу гапдан Жамшид жонланди:
— Акам ҳам шундай дедилар. Ҳозир сизларни кузатиб қўяр эканман. Болалар билан ўзим изма-
из етиб бораман.
Манзура «шундай қиламизми?» дегандай келинларига қараб олди-да, улардан жавоб кутмай
қарорини айтди:
— Бирга кетамиз. Бир кун минг кун эмас, кута- миз.
— Билмадим... — Жамшид сиқувга олиб уларнинг ҳадикдаги юракларини янада эзмаслик учун
сукут сақлади. Сўнг иложсиз одамнинг овози билан давом эт-ди: — Акам нима дер эканлар.
Ҳозир одам келади.
— Ким?
Ким келишини Жамшиднинг ўзи ҳам билмас эди. Шу сабабли мужмал жавоб қилди:
— Акам шу ердаги яқинларига тайинлабдилар. Агар хоҳласангиз телефонни улай, акам билан
ўзингиз гаплаша қолинг.
Жамшид Манзурани кўндириш учун атайин шундай деди. У янглишмади — мўлжални аниқ
олди. Эри билан гаплашиш ҳақидаги таклифни Манзура ўйлаб ҳам ўтирмай рад қилди:
— Йўқ... керакмас.
Манзура хонага кириши билан уйга қўнғироқ қилишни ўйлаган эди. Аммо эрининг қаҳрли
овозини эшитишдан чўчиди. «Бунга сен ўзинг айбдорсан!» деган ҳукмдан қўрқди. Ҳозир
ҳам ана шу қўрқув тирноқлари орасида «йўқ» деб қайтиш ҳақидаги амрга бўйсунмоқдан ўзга
чораси йўқлигини англади-ю, бу билан Жамшиднинг мушкулини енгил қилди.
Аёллар ҳузурида қоққан қозиқдек туриш Жамшидга малол келиб, даҳлизга чиқди. Қўшни
хонадан жой олган бўлишларига қарамай, бу эшикдан узоқлашмаган ҳолда соқчи каби
туришди. Уларни кузатиб қўйиши лозим бўлган одам ҳадеганда келавермагач, Жамшид
тоқатсизланди. Хожасидан «Кимга айтгансиз, ким келади, ким кузатади?» деб сўраб
олмаганди. Буларни сўрашга ҳаққи ҳам йўқ эди. Бек акаси лозим топса ўзи айтарди.
Айтмадими, демак, Жамшид буларни билмаса ҳам бўлади. Айниқса телефонда ҳар қандай гап
айтилавермаслигини Жамшид яхши билади. Билгани учун ҳам «шуни сўраб олмабман-да» деб
афсусланмади. Жамшиднинг бетоқатлиги замирида «айтилган одам келадими ё йўқми?»
деган ҳавотир йўқ эди. Хожаси ким билан-дир гаплашдими, кимгадир айтдими, демак, масала
ҳал. Жамшид масаланинг тезроқ ҳал бўлишини, аёлларни тезроқ соғ-омон кузатиб, йигитлар
ҳолидан хабар олиш учун милисахонага қайтишни истаётган эди.
Минг йиллик қари тошбақа сингари судралаётган вақт бетоқат юрагини сиқаётган дамда
аёллар хонасидаги телефон жиринглади. Манзурага ҳам, келинларга ҳам телефоннинг
бемаврид жиринги худди рўпараларида пинакка кетган бўғма илоннинг беҳос уйғониб, бош
кўтаришидай туюлиб, чўчиб кетишди. Гўшакни кўтармоққа ҳеч бирлари журъат этишмади.
Телефон тўртинчи марта жиринглаганда Жамшид эшикни тақиллатиб, кириб келди. Гўшакни
қулоғига тутиб «алло» дейиши билан қўнғироқ қилган одам салом-аликсиз, муддаога кўча
қолди: тезлик билан Домодедовога етиб боришлари лозимлигини тайинлади. Гап қисқа ва аниқ
эди. Жамшид «хўп, яхши» дейишга ҳам улгурмай алоқа узилди.
Кўчага чиқишганда мижозга маҳтал бўш таксиларга ўтиришмади. Бироз кечикиброқ чиққан
Жамшиднинг шериги худди бегона одамдай уларга эътибор бермасдан кўчанинг нариги бетига
ўтиб кетди. Келинлар бўш машиналардан бирига ўтирмай изғиринда кутиб туришлари
сабабини билмай ҳайрон эдилар. Манзура ҳам эҳтиёт чораси кўрилаётганини билмай,
танишларнинг машинаси келса керак, деган ўйда турарди. Қарши томондан уч-тўрт бўш такси
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |