www.ziyouz.com kutubxonasi
24
Чегарачилар назоратидан ўтиб, божхона расм-русм-лари майдончасига ўтишганида Манзура
тўсиқ орти- да турган Жамшидни кўрди-ю, тошдай қотди. Ҳатто киприклар ҳам ҳаракатдан
қолдилар. Абдусамад жомадонлар билан овора эди. Акасига кўмаклашишга ҳозирланган
Абдулҳамид онасидаги ўзгаришни сезиб, тўхтади. Онаси тикилиб турган томонга қараб
Жамшидни кўрди-ю, жилмайганича қўлини ҳаволатиб, саломлашган бўлди. Сўнг онасига:
— Жамшид акам келибдилар, ойи, — деди.
— Вой тавба, астағфируллоҳ! — деди Манзура пичирлаб.
— Ҳа, ойи? — деди ажабланган Абдулҳамид.
— Ростданам Жамшид акангми?
— Ҳа, танимадингизми?
Танимаганида бунчалик ҳолсизланмас эди. Бошқа аъёнларга нисбатан яқинроқ, суюмлироқ
бўлган Жамшиднинг ўлимини Манзура ўғилларига айтмаганди. Ку-йиб, қовжираб, деярли
кўмирга айланган жасад учун Чувриндининг уйида ўзи ўрин солганини, ғассол келгунига қадар
она қаторида мурданинг ёнида ўтирганини, сўнгроқ эса Жамшиднинг ўлимини эшитган
Зайнабнинг ўзини осганини айтганида Абдулҳамид бундай деб сўрамаган бўлар эди.
Ўғли таниди. Демак, тўсиқ ортидаги йигит — Жамшид. Унда Чувриндининг уйида кимнинг
ўлигига ўрин солди? Ё тирилиб қайтдими бу йигит? Кўмирга айланганини кўрмаганида ҳам
«тирилибди» деган гапга ишониши мумкин эди. Балки кўраётгани арвоҳдир? У ҳолда... ўғлига
ҳам арвоҳ кўриндими?
Божхоначиларга жомадонларни очиб кўрсатаётган Абдусамад гап талашиб овозини
баландлатгач, она-бола беихтиёр ўша томонга қарашди. Абдулҳамид «Сизлар шу ерда
туринглар», деб келинлар билан Манзурани қолдириб, ўзи акаси томон юрди. Ўғилларининг
гап талашаётганидан, божхоначиларнинг зарда қилаётганларидан хавотирланган Манзура
келинларига «шу ерда жилманглар», деб фарзандларига яқинлашди. Ўрисчани дурустроқ
билмагани сабабли нима воқеа юз берганини дарров англамади. Англамаса-да, ярим ўрисча,
ярим ўзбекчалаб болаларини ҳимоя қила кетди. Гўштдор малла божхоначи «гражданка, сиз
нари туринг» деб Манзуранинг билагидан ушлаганида Абдулҳамид қизишиб «Нега онамни
туртасан!» деганича унинг қўлини силтаб тортди. Даҳанаки жанг Манзура келиши билан
росмана олишувга айланиб кетай деди. Абдусамад укасини четга тортиб танбеҳ бераётганида
Жамшид тўсиқ эшиги олдидаги соқчи йигит кафтига пул қистирди-да, шошганича йигитларга
яқинлашди.
— Кеннайи, сиз келинларингизнинг ёнига бориб тура қолинг, — деди. Кейин Манзуранинг нари
кетишини кутмай, Абдулҳамиднинг елкасини ушлаб силкитди: — Калланг борми, кимга
осиляпсан?
— Ўзини кўрмайсизми?
— Ўчир, аҳмоқ!
Манзура жойига қайтгач, Жамшид ака-укаларни ҳам қолдириб божхоначилар билан ўзи
гаплаша бошлади. Оқибат шу бўлдики, ўзи билан келган йигитга аёлларни топшириб
меҳмонхонага жўнатди. Ака-укани эса юклари билан бирга милисахонага олиб кетдилар.
Улар билан изма-из етиб келган Жамшид милисахонанинг катталари билан тил топишга
уринди. Божхонада тафтиш қайдномаси ёзилмагани учун бу ерда иш осон битар, деб ўйлаб
янглишган эди. Милисахонада ҳам терговчи сўроқни бошламай ака-укаларни «изолятор» деб
аталмиш вақтинчалик қамоққа қамади. Жамшид «Иш»нинг расмийлаштирилишига
шошилишмаётганидан, гапларини бееътибор тинглашаётганидан бир шумликни сезди. Шу боис
улар қаршисида кўпам эланмай, изига қайтди. Телеграфга кириб Бек акасига нохуш хабарни
билдирди-да:
— Юкларидан қора дори чиққанмиш, — деб изоҳ берди.
Бу гапдан сўнг Асадбекдан бир неча сония садо чиқмади.
— Хонгирейга айтсаммикин? — деб сўради Жамшид.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |