www.ziyouz.com kutubxonasi
26
селга айланди-ю, сурувни суриб кетди», дебди чўпон.
Ҳар қандай айбли ишлар, гуноҳ амаллар йиғиндисининг томчилардан вужудга келган кўл каби
сел қудратига эга бўлишини ва бу қудрат жазо дарвозаларини очиб юборажагини кўп қатори
Манзура ҳам билмасди. Қизи Зайнаб ўғирланган куни бу жазо дарвозасининг қия очилганини,
энди эса баралла очила бораётганини у фикр қилиб кўрмади. Бошлари узра жазо шабадалари
эса бошлаганда эр-хотин тавба билан саждага бош қўйганларида балки ибодатлари жазо сели
йўлига тўғон бўла қолармиди, валлоҳи аълам?
Eнди эса кеч.
Ёз чилласи ўрнини навбаҳор қайта эгаллай олмагани каби ғам-ташвиш булутларидан ёғила
бошлаган алам дўлларига чора йўқ энди.
Манзура бугунги ҳолатдан эзилади. Юраги эса эртанинг аламларидан сўзламоқни истаб
беҳаловат тепади. У эса тилсиз юрагининг фарёд билан айтаётган сўзларини англамайди.
Уларни кузатиб келиб, меҳмонхонага жойлаштирган йигит чақиртирган ресторан ходимлари
дастурхон тузадилар. Манзуранинг ҳам, келинларининг ҳам томоқларидан овқат ёки бир
тишлам нон тугул, бир қултум чой ҳам ўтмади.
Манзура келинларига нима деб изоҳ беришни ҳам, нима деб юпатишни ҳам билмас эди. Унинг
ўзи шу топда бир дононинг изоҳига, бир меҳрибоннинг овутишига муҳтож эди. Муштарий қуйиб
узатган чойни олишга олди-ю, кўнгил учун лабига ҳам олиб бормади. Кўзи келинларининг
нигоҳлари билан тўқнашгач, шу болаларни туғиб катта айб иш қилиб қўйгандай бошини хам
қилди.
Чўлпоной ҳам, Муштарий ҳам савол муҳрланган назарларига қайноналаридан жавоб талаб
қилмаётган эдилар. Ота-оналарининг ҳикоялари орқали бу мамлакатни оч, ваҳший бўри
кўринишида тасаввур этган, бир ҳавотир билан йўлга чиққан келинларнинг юраги қуш ҳадиги
билан тепарди. Ота-оналари юртларига кимлар ҳукмрон эканликларини билиб турсалар-да,
мамлакатдаги кейинги ўзгаришларга умид билан қараб, Асадбекнинг ўғилларини куёв
қилмоқликка жазм этган эдилар. Бўрилар ҳукмидаги ўрмонда қашқиру шоқоллар ҳам давр
суришини улар ҳисобга олмаган эдилар. «Мубҳам у диёрда қандай яшаб кетаркинмиз?» деган
ташвишдаги келинларга бу ҳодиса кутилмаган, ажабтовур туюлмади. Уларнинг юраклари
қандайдир нохуш воқеанинг албатта содир бўлажагини сезган эди. Аммо «мамлакат
тупроғига қадам қўйишга улгурмай эрларимиз ҳибсга олинарлар» деб ўйлашмаган эди. Яхшики
улар Олмон полиси билан Москва милисаси орасида осмон билан ерча фарқ борлигини
билишмайди. «Адвокатлар иштирокидаги савол-жавобдан сўнг ҳадемай чиқиб келишади»
деган ўй уларни бир оз бўлса-да, хотиржамликда ушлаб турарди. Эрларининг зах ва совуқ,
қоронғу ва бадбўй қамоқ хонасида қунишиб ўтиришганини билишсами, буни Манзура ҳам
билсами, учовларининг азадор хотин ҳолатига тушмоқликлари аниқ эди. Юрт соғинчи билан
умр кечираётган ота-оналарининг армонлари соясида улғайган қизлар никоҳдан сўнг
танмаҳрамларидан ватанлари ҳақида эшитган нурли ҳикояларга бир ишониб, бир ишонмай
сафарга отланишган эдилар. Абдусамад ҳам, Абдулҳамид ҳам уларни алдамаган эдилар. Улар
Русия истилосида унсиз инграётган Ватан нолаларини эмас, қуёш нурида яшнаётган юрт
табиатини мақтаган эдилар. Бунинг учун уларни ёлғончига чиқармоқ ноўриндир, чунки
Ватанда туриб улар Ватан нолаларини эшитмас эдилар. Бу азобли ингроқни армонда
яшаётганлар жон қулоқлари билан тинглаб, юракларидаги нолалари билан жўр бўлар эдилар.
«Бедарднинг олдида бошимни оғритма», деганларидек тўкин дастурхон атрофида улғайган
болаларнинг Ватан аламларидан воқиф бўлмоқликлари мумкин эмас эди. Абдусамад билан
Чўлпонойни, Абдулҳамид билан Муштарийни бир-бирларига айнан шу тўкин дастурхон
бирлаштириб турарди. Дунёни англамак, Ватан тақдирига куюнмак борасида уларнинг
қалблари бошқа-бошқа эди. Шунинг баробаринда Асадбек билан Музаффархон, Манзура билан
Гулузор бегим ҳам бу масалада ўзга-ўзга оламнинг фуқаролари эдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |