Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
www.ziyouz.com kutubxonasi
27
Жамшид таксига ўтириб меҳмонхонага яқинлашганида хожасидан бир нарсани сўраб
олмаганини фаҳмлаб, афсусланди. Шу боис меҳмонхона назоратчиси чўнтагига беш сўмликни
қистириб ичкари ўтгач, юқорига кўтарилмай, телефон кўшклари томон юрди.
Асадбек аъёнининг овозини эшитиши билан хавотирланиб:
— Яна нима бўлди? — деб сўради.
— Кеннайимларни жўнатиб юбора қолсаммикин, деб сўрамоқчийдим...
Асадбек бу масалани Жамшид айтмасдан илгарироқ ҳал қилиб қўйган эди. Шу сабабли
жавобни ҳаяллатмади:
— Тайёр турларинг, одам боради.
Жамшид еттинчи қаватга кўтарилиб, аёллар жойлашган хона эшиги олдидаги шеригига
яқинлашди.
— Айтганингиздай чой-пой қилдим, — деди йигит Жамшиднинг савол назарига жавобан.
— Йиғи-сиғи қилишмаяптими?
— Йўқ.
— Битта-яримта кузатмаяптими, сезмадингми?
— Йўқ. Биров яқинлашмади.
— Ичкарида гап-сўз бўлмадими? — Жамшид шундай деб шифтга қараб олди. У овоз ёзиб
олувчи ускуналар ўрнатилган бўлиши мумкин, деган гумонда шеригини аввалроқ
огоҳлантирган эди. Йигит ҳозирги саволдан Жамшиднинг мақсадини англаб, «йўқ» деган
маънода бош чайқади. Шундан сўнг Жамшид эшикни аста тақиллатиб, сўнг қия очди-да:
— Кеннайи, кирсам майлими? — деб сўради.
Қафасга солинган қушлар ҳолатидаги аёллар қия очилган эшикка нажот кўзлари билан
қарашди. Жам-шиднинг ортидан Абдусамат билан Абдулҳамидни кўрмоқ илинжида
термулдилар. Жамшид остона ҳатлаб ичкари кирганидан сўнг ҳам эшикдан кўзларини
узмадилар. Манзура Жамшидга яқинлашиб, палтосининг ёқасини аста ушлади-да:
— Ўғилларим қани? — деб енгил силтади.
— Озгина қоғозбозлик ишлари бор экан, келиб қолишади, — деди Жамшид хотиржам тарзда.
Она қалби бу хотиржамлик пардаси ортида ёлғон яширинганини сезиб, Жамшиднинг кўзларига
тикилди. Асадбекнинг баданни тешиб юборгудай ўткир нигоҳларига кўникиб қолган Жамшид
учун бу маъсума кўзларнинг тикилиши нима экан? Жамшид худди ҳеч қандай воқеа юз
бермагандай, ўғиллари ростдан ҳам ҳозир кириб келадигандай хотиржам тарзда қараб
тураверди, ҳатто сал жилмайган ҳам бўлди.
— Тўғрисини айт, — деди Манзура титроқ овоз- да. — уларни... қўйиб юборишдими?
Манзура аслида «уларни қамашмадими?» деб сўрамоқчи эди. Аммо бу хунук сўзни тилга
олишдан ирганиб «қўйиб юборишдими?» деб сўради. Жамшид Манзура тилидан учиши мумкин
бўлган савол ўқларига жавоб-қалқонларини тайёрлаб қўйган эди.
— Кеннайи, болларни ушлашгани йўқ-ку? — Жамшид шундай деб мўлтиллаганча тикилиб
турган келинларга қараб жилмайди. — Биз томонларда қоғозбозликни яхши кўришади. Битта
ҳарф нотўғри тушса ҳам қитмирлик қилаверишади.
— Қорадоричи? — деди Манзура пастроқ овозда.
— Шунга ишондингизми? Божхонанинг томоғи қичишса шунақа қилиқ қилади. Нафсига уриб
қўйдим, тинчишди. Агар ростданам қорадори бўлганида қоғозлар тўлдиришарди, ҳаммаёқни
ваҳимага тўлдириб юборишарди. Битта ҳам қоғоз ёзишмади-ку, ўзингиз кўрдингиз-ку?
Манзура «алдамаяпсанми?» дегандай унга қараб тураверди, палтосининг ёқасини бўшатмади.
Жамшид эса ўз онасини қучган меҳрибон ўғил каби Манзуранинг елкасига кафтини қўйди:
— Ҳозир ака билан гаплашдим, — деди суюнчилик хабари билдиргандай.
— Айтдингми, чақирдингми?
Бу савол унинг мўлжалида йўқ эди, шу сабабли бир оз гангиди. «Чақирдим, келадилар» деса