www.ziyouz.com kutubxonasi
30
ишонмаса-да, «келдилармикин?» деган ҳам илинж, ҳам хавотирда машиналарга қараб олди.
— Келинларнинг нақ шкаладидан топибсан, Манзур! — деди Кесакполвон тиржайиб.
Бу гап Манзурага малол келса ҳам, юрагидаги ғамни сездириб қўймаслик учун бош ирғаб
жилмайишга уринди. Чўлпоной ҳам, Муштарий ҳам «Манзур» деб сенсирашидан бу паст бўйли
жиккак одамни яқин қариндошлардан шекилли, деб ўйлашиб «келинларнинг нақ шкалад»и
қандай эканини англашмаган бўлишса-да, аста жилмайиб қўйишди. Гарчи Асадбек бир неча
марта «Бу сенга кеннайи бўлади, сизла» деб танбеҳ берганига қарамай «сен ошнамсан, бу
синглим», деб ўз билганидан қолмаган Кесакполвоннинг сансирашига авваллари Манзура
бефарқ қарарди. Аммо ҳозир келинлари ҳузурида малол келди.
— Паттани бер, юкларингни болалар олади.
— Юкларни... укаларингиз олиб келишади.
— Ҳа... Асад айтувди.
Манзура олд ўриндиққа, Ҳалимжоннинг ёнига ўтирди. Келинлар орқа ўриндиқдан жой олишди.
Кесакполвон ўтирган машина изма-из юрди.
Дарвоза остонасидан то меҳмонхонага қадар бўлмаса-да, уч-тўрт қадам узунликда пояндоз
солинган эди.
...фақат сочқи сочилмади.
...Манзуранинг бахтига ғазабли нигоҳдан таъна ўқлари ҳам ёғилмади.
...келинларининг пешоналаридан ўпиб, қутлаши лозим бўлган Асадбек кўринмади.
Пояндоз адоғида жилмайиб кутиб олган Зайнаб аввал келинойилари билан кўришиб, сўнг
онасининг бағрига сингиб кетди. Бундай онларда она-боланинг йиғлаб кўришмоғи айб
саналмайди, биров ажабланмайди ҳам. Бундай йиғи шодлик нишонаси деб изоҳланади. Бироқ,
ҳозирги йиғи фақат соғинган юракларнинг эмас, балки аламга тўла қалбларнинг нидоси ҳам
эдиким, буни атрофдагилар англашмади. Онанинг қалби ҳам, қизнинг қалби ҳам фақат
ўзигагина маълум ғам заҳридан азобланиб нола қиларди. Агар Манзура қизи бошига
тушган қора кунларни билсами, агар Зайнаб акаларининг нима сабабдан Москвада қолганлари-
дан хабар топсами — бу йиғилар янада бўлакча бўлар эди.
— Қани, Манзур, фотиҳа бер, қассоб қараб қол-ди, — деди Кесакполвон она-боланинг унсиз
дил розига барҳам бериб.
Манзура қизини бағридан бўшатиб, ёноғидаги кўз ёшларини кафти билан артди-да,
Кесакполвоннинг кибрли боқувчи хотини, яна «қутлуғ бўлсин»га чиқишган қўшни хотинлар
билан енгил-елпи кўришиб, ўнг қўлида пичоқ билан фотиҳага тайёр турган қассобга, оёқ
остида бўйнини чўзиб, бўғзига пичоқ қадалишини кутиб ётган қўйга қаради.
— Қани, овмийн! — деди Кесакполвон баланд овозда.
Манзура ҳам фотиҳага қўл очиб, пичирлаганича дуо қилди. «Я оламлар Роббиси, ўзингнинг
розилигинг учун атадик, даргоҳингда қабул эт, ҳар на бўлганда ҳам ёлғиз ўзингга шукр
қиламиз, ёлғиз ўзингга сиғинамиз, ёлғиз ўзингдан умидвормиз, ёлғиз қудрат соҳиби ўзингсан!»
демади. «Eй Тангрим, болаларимни ўзинг паноҳингда асра!» деб муножот қилди. Онанинг
дилига ҳам, тилига ҳам бундан бўлак илтижонинг келмоғи мумкин эмасди. Пичирлаган
лаблардан учган қалб нидосини атрофдагилар эшитишмади. Эшитишлари шарт ҳам эмас, чунки
тингловчи ҳам, дуоларни ижобат этувчи ҳам Тангри таолодир.
Чўлпоной ҳам, Муштарий ҳам бу ажабтовур маросимдан гангиган ҳолда, ийманибгина
туришарди. Манзура бошга оқ рўмол ташлашни, остона ҳатлагач салом беришни уларга
тайинламаган эди. Оқ рўмоллар жомадонда, жомадон эса Москвада. Салом бериш ва бошқа
урфларни Москвадан учганда йўл-йўлакай ўргатарман, деб ўйлаган эди, айтиш кўнглига
сиғмади.
Қўй бўғзига пичоқ тортилиб, қон отилганда Муштарий чўчиб, «вой!» деб юборди-ю, юзини
бурди. Бунақа манзарага биринчи марта гувоҳ бўлаётган опа-сингил ҳурмат-еътибор рамзи
бўлмиш одатни ёввойилик, ҳатто ваҳшийлик белгиси сифатида қабул қилишиб, бир оз
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |