www.ziyouz.com kutubxonasi
29
ўтгандан сўнг, йигит навбатдагисига қўл кўтарди. Манзура унинг машинага ўтирганини кўриб
«иши бўлса бошқа ёққа кетаётгандир» деб ўйлади. Аммо орадан бир қанча муддат ўтгач, айни
шу машина рўпараларида тўхтагандан сўнг Манзура йигитларнинг мақсадини тушунди. Олд
ўриндиқдаги йигит ўрнига Жамшид ўтирди, аёллар орқадан жой олдилар. Жамшиднинг шериги
бошқа машина тўхтатиб, изма-из юрди.
«Домодедово» деб аталмиш ҳаволанида уларни ҳеч ким кутиб олмади. Шундай бўлса-да,
Жамшид қандайдир кўзлар таъқиб этаётганини ҳис қилди. Телефондаги топшириққа биноан
патталарни расмийлаштирувчи иккинчи бўлимдаги олтинсоч жувонга ҳужжатларни узатди.
Жувон бир ҳужжатга, бир унга қараб олди-ю, патта илинжида соатлаб мўлтиллаб турган
йўловчиларга эътибор ҳам бермай ишга киришди.
Жамшид аёллар олдида, шериги сал орқароқда назоратчининг тўсиғидан ўтиб, учоққа
чиқишди. Аёллар жойлашиб олишгач ҳам Жамшид йўловчиларга зимдан кўз ташлаб кузатиб
турди. Учоқ бекаси «Сиз нега турибсиз, жойингиз қаерда?» дегач, Манзура билан хайр-лашиб,
пастга тушди. Зинапоялар олиниб, учоқ учиш майдонига қараб юрганидан сўнггина изига
қайтди. Йигитга «Сен Бек акамни кут», деб ўзи милисахонага кетди.
Учоқ булутлар оқими билан олишиб, титрай-титрай юқорига кўтарилгани сайин Манзуранинг
юраги ҳам титраб-титраб, парча-парча бўлиб узилиб ерда қолаётгандай зириллайверди. Уйга
қайтмоқ умидининг бу тарзда амалга ошаётганидан аламда бўлган она қалбининг хотиржам
тепиши мумкин ҳам эмасди.
Ўлди деб юргани йигитнинг тирик ҳолда кўргандаги ажабланиши ҳам унутилди, уйга қайтгач
амалга ошажак суюнчли орзу-ҳаваслар юзини эса қора булут тўсди...
...Дарвоза остонасидан то меҳмонхонага қадар оқ пояндоз тўшалган... Бошларига оқ ҳарир
рўмол ташлаган келинлари қутлуғ қадамлари билан пояндозни босиб остона ҳатлайдилар.
Ичкарига бир қадам қўядилару эгилиб салом берадилар — таомил шундай: хонадонга,
меҳмонларга, шунинг баробаринда муборак кунда йўқлаб келган руҳлар ҳурматига салом
берилади. Кимдир «ҳаётлари ширин бўлсин» деган ният билан келинлари боши устидан
ширинлик сочади. Адаси (яъни Асадбек!) «ҳаётлари тўкин бўлсин», деган ниятда пул сочади.
Кейин аввал келинларининг, сўнг ўғилларининг пешонасидан ўпади. Агар биров келиб
Манзурадан «Бу дунёга нега келдингу нега яшадинг?» деб сўраса у «мана шу бахтли онларни
кўриш учун яшадим» деб жавоб бермоғи аниқ эди. Энди-чи?
Пояндоз солиш бировнинг хаёлига келармикин?
Сочқи сочиш-чи?
Eри, Асадбек нимани сочади, пулми?
Eнди пул эмас, заҳрини сочади...
Манзура эрининг қай ҳолда қаршилашини кўз олдига келтириб, баттар эзилди.
Булутлар бағридан юлқиниб чиққан учоқ титроғи босилди. Лекин Манзуранинг юрагидаги
титроқ сўна қолмади. Кўз илғамас кенгликдаги осмон унинг кўзига тор кўринди. Пастдаги
булутлар ўркачининг гўзаллиги уни мафтун этмади, балки дўзах ўтларининг тутуни бўлиб
кўринди кўзига. У учоқда учмади, бадбахтлик тиконлари устидан ялангоёқ югуриб етди
манзилига.
Учоқ қўнгач, ўрнидан туришга шошилмади. Савол назари билан қарашган келинларига
«одамлар тушиб олаверишсин, туртиниб юрмайлик», деб изоҳ берди. Агар орада ташвиш
олови ёнмаганида, ўғиллари бағрида бўлганида бундай демасди, ўзи биринчи бўлиб ошиқиб
тушарди, қуш каби ошиқиб учарди уйи томон. Ҳозир эса эри билан учрашиш онларини бир
неча сонияга бўлса-да, ортга суришни истади. Гўё сал кечроқ тушса, ўғиллари ортдаги учоқ
билан изма-из етиб келиб, уни эрининг қаҳрли нигоҳидан қутқариб қоладигандай эди.
Учоқ зинапоясидан ўттиз қадамча наридаги икки оқ «жигули» ёнида турган Кесакполвон
Манзурани кўриши билан унга пешвоз чиқиб, сўрашди. Кейин келинларнинг саломига алик
олиб, «қийналмай келдиларингми?» деб қўйди. Манзура эрининг кутиб олишига унчалик
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |