www.ziyouz.com kutubxonasi
37
иплари бир-бирига боғлаб турарди. Қора булутларни-ку шамол ҳайдар, аммо қора ниятларга
нима тўсиқ бўла олар экан?
Асадбек «дўстлар даврасида бир оз таскин топармикинман», деб янглишган эди. Танча
атрофида фақатгина унинг жисми ўтирарди. Палов сузилиб, ҳиди нафсни бир қалқитиб олди-
ю, бироқ томоқдан овқат ўтмади. Айниқса Жалилнинг бир гапи бошига гурзи каби урилди...
Болаликдан бирга улғайган дўстлар йиғилгани билан давра суҳбати уй каби совуқ, узуқ-юлуқ
мавзудаги гаплар бир-бирига қовушмас эди. Осмон каби тунд ўтирган Асадбекнинг кайфияти
ҳазил-мутойибага йўл бермади. Ошналар «нима учун чақирди-ю, нима учун биров еб ўзи қуруқ
қолгандай тумтайиб ўтирибди», деган маънода бир-бирларига саволомуз қараб қўйдилар
халос. Бунинг сабабини фақатгина Жалил сўрай оларди. У жим ўтирибдими, демак
бошқаларнинг ҳам сукут сақлаганлари дуруст. Агар Асадбек лозим топса, нега йўқлаганини ўзи
айтади. Лекин кайфияти чатоқлигининг сабабини барибир билдирмайди. У ташвишини бировга
дастурхон қилиб ёядиган тоифадан эмас.
Асадбекнинг қулоғига ошналарининг сўзлари дам кириб, дам кирмасди. Жалил суҳбатга
қўшилмасидан олдин гап нима ҳақда кетаётганини англамай қолди. Тўлқин маҳалладаги бир
қариянинг фарзандлари беоқибат, бемеҳр чиққанини айтаётганида Жалил унинг гапини шарт
бўлиб:
— Худодан қайтибди, унинг ўзи ҳам отасини хорлаган эди, — деди.
Худодан қайтибди... Зайнаб ўғирланганида Жалил томонидан айтилган бу гап унутилмай,
юрагини сич-қон каби кемириб ётган эди. Ҳозир ўша оғиздан чиққан ўша гап хонада
момақалдироқ сингари гулдирагандек бўлди. Асадбекнинг бошига гурзи каби урилиб, товонига
қадар зириллатди.
«Худодан қайтибди?.. Мени гапиряптими?» Асадбек шу хавотир билан ўртоқларига қаради.
Жалил унинг боқишига эътибор бермай айни кунларда эзилаётган оқсоқолнинг бир вақтлар
отасини қандай хорлаганини гапира бошлаган эди. Асадбек суҳбат мавзуини қисман англаган
бўлса-да, бошига тўқмоқ каби урилган гапнинг заҳридан қутула олмади.
Худодан қайтибди... Асадбек ўшанда «Менинг маишат қилганимни кўрдингми?» деб баланд
келишга уринса-да, фақат ўзигагинаю Оллоҳга маълум қилиқларини эслаб, бу ҳақ гап олдида
таслим бўлган эди. Ана шу таслимлик ўшандан бери азоб берарди. Жалилнинг ҳозирги гапи
бошқа одамга тегишли бўлгани билан унинг ярасини янгилади.
Худодан қайтиши...
Зайнабнинг қисмати, Маҳмуднинг ўлими... Яна Худо нималарни қайтариб, бошига солар экан?..
Ош ейилиб, бир пиёладан чой ичилди-ю, дўстлар давраси ортиқча лутфсиз тарқалди. Шундан
сўнг Асадбек ҳам ўрнидан турди.
— Уйингга борасанми? — деб сўради Жалил ундан.
— Сени олиб бориб қўйишади, — деди Асадбек тўғри жавобдан бўйин товлаб.
Жалил бу гапдан «Борар ерим билан ишинг бўлмасин», деган маънони уқиб:
— Автобусда кетавераман, онам мени машинада туғмаганлар, — деди.
Асадбек яна тўнғиллаб қолишнинг олдини олиш мақсадида ҳазил оҳангида:
— Сени ойинг гармдорининг устига туққанлар, — деди.
Бир нима деб жавоб қайтаришга Жалилнинг тили қичиди-ю, аммо дўстининг аҳволини
инобатга олиб, ўзини тийди.
Асадбек уйига қайтмади, Чувриндиникига борди. Шом кириб, хассакашлардан бўлак одамлар
тарқалишган эди. Асадбек машинадан тушмай турибоқ, атрофга қараб Кесакполвонни қидирди.
Ҳовлига, ундан меҳмонхонага кирганида ҳам нигоҳи уни излади. Муштоқлиги учун эмас,
аксинча кўргиси келмаётгани учун ҳам қидирди. Жалил «ошнам укасининг ўлимидан эзилиб
кетди, шунинг учун жанозадан сўнг азадор хонадонга боргиси келмади», деб ўйлаб бир оз
янглишди. Тўғри, эзилди. Бироқ Чувриндининг уйига келишидан тийилишига асосий сабаб
Кесакполвонга рўпара келиш қўрқуви эди. Ҳа, айнан қўрқуви эди. У ўзини тутолмай аъёнига
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |