www.ziyouz.com kutubxonasi
36
— Биламан, — деди Хонгирей, — Илико сен билан ишлайдиган аҳмоқ эмас. Икки қулоғингга
қуйиб ол: Ўзбекистон меники. У ерга бир-икки ишончли одам керак. Алоқаларингни
йўқотмагандирсан, а?
— Бор... сиз билан ишлаш биз учун бахт.
— Тилёғламалик қилма. Мен билан ишлаган одам ҳеч қачон бахтли бўлмайди. Сен
Ўзбекистонга боравер, нима қилишингни кейин айтаман.
— Мен аввал ўзим бориб, жой-пой қилсам...
— Ҳа, албатта, бир ўзинг борасан. Оиланг эса Москвада туради. Сен у ерда бошқага уйланиб,
маиша-тингни қилавер. Маматбей, бунинг ўйнашларидан хабар олиб келдингми?
Маматбей бош бармоғини кўрсатиб, «Зўр!» деган ишорани қилганича ишшайди. Селим эса
оиласи гаровда эканини англаб зил кетди.
— Балки Бокуда... — деб гап бошлаган эди, Хонгирей унга ўқрайди.
— Галварс! Одамлар Москвада яшашга етишолмайдилару сен ноз қиласанми? Агар ҳалол
ишласанг, уч йилдан сўнг ана у ерда, — Хонгирей устози ўтирган ерни имлаб кўрсатди, —
ўтирасан.
Хонгирей шу гапни айтгач, Селим масала ҳал бўлганини англаб, ўрнидан турди. Остонага етай
деганида Хонгирей уни тўхтатди:
— Ҳосилдан қўрқма, у ҳам ўлган.
Селим бу хабарни энди эшитгандай, Хонгирейга ажабланиб қаради. Хонгирей бошқа
гапирмади. Ичида «Ҳа, тулки!» деб қўйиб сўкинди.
Бир неча соатдан сўнг Кесакполвон қўнғироқ қилиб, Асадбекнинг Москвага қараб учганини
билдирди.
2
Бу воқеадан тўрт кун аввал Асадбек Чувриндининг жанозасидан сўнг эски уйига келиб
ўтирганида Хонгирей Москвадан салкам икки юз чақирим нарида жойлашган Шаховской деб
номланувчи ўрмон бағрида барпо этилган қароргоҳида маишат қилиб ётарди. Чувриндининг
ўлими хусусидаги Кесакполвоннинг хабари унга айнан шу ерга етказилганди. Ўшанда Хонгирей
хушхабарни айтган Маматбейдан:
— Асадбекнинг ўғиллари Германияда эдими?— деб сўраб, саволига жавоб кутмаёқ амр этган
эди: — Хабар олчи, ҳар ҳолда қадрдонимнинг болалари, уйига қайтадиган бўлишса, Москвада
уч-тўрт кун меҳмон қилайлик.
Уларни қандай кутиб олиш, қандай меҳмон қилиш режаси айнан ўша ерда, ўша дамда пишиб
етилган эди. Ёвлашиб қолган икки одамнинг бири отасидан қолган эски уйида, болалик чоғида
башарасига туфлаб, халқ душмани ўғлига нафратини изҳор этган дўстлари учун ош дамлатиб
ўтирарди. Дўстларини кутаётган Асадбекнинг хаёли болалик хотиралари билан эмас, балки
укасидай қадрдон бўлиб қолган Чувриндининг ҳалокати билан банд эди.
Шаховскойдаги қароргоҳда эса Хонгирей шохона дастурхон тузаб, ўғрилар оламига кириб
топган Катс, Япончик, Тенгиз, Жамал, Михас, Каро, Якутёнок каби лақаблар билан ном
чиқарган дўстларини кутаётган эди. Мазкур маишат Козлов салтанатининг барбод этилгани
суюнчиси эди. Хонгирей шу зиёфат баҳонасида Ўзбекистонда ҳам тўла назорат ўрната
бошлаганини маълум қилиб, «сенлар у томонларга буринларингни тиқмаларинг», деб ишора
қилиб қўймоқчи эди.
Осмонга ҳукмини ўтказишга, қуёш юзини тўсишга аҳд қилган қора булутлар оҳиста ва сокин
сузиб юрган бўлсалар ҳам, улардан қўрққулик. Етарли қувват тўплагач, бир-бирига
яқинлашади-ю, яшин чақнаб ҳамма-ёқ остин-устин бўлиб кетади. Шамол уларни ҳайдаб, қуёш
юзи очилгунга қадар қора булутлар бағридан тўкилган дўл экинларни пайҳон қилишга
улгуради. Шаховскойдаги қароргоҳ билан Асадбекнинг эски уйи орасида салкам бешминг
чақирим масофа бўлса-да, бу икки жойни, бу икки жонни кўзга ташланмас иблиснинг зулм
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |