www.ziyouz.com kutubxonasi
35
Байгилдин шогирдини огоҳлантириш билан вазифасини адо этган ҳисоблаб, гапни
чувалаштирмади. Хонгирей эса ўнг билагидаги соатга қараб, яна эснади-да:
— Пончикни соат нечага айтгансан? — деб сўради.
— Вақт бўлди, келгандир, — деди Маматбей.
— Қара, келган бўлса чақир.
Маматбей яна ўрнидан туриб, эшикни очди-да, амр-га маҳтал турган йигитга имлагач, яна
жойига қайтди. Дам ўтмай эшик баралла очилиб, остонада Селим кўринди.
— Селим, бормисан, орқадошим! — деди Хонгирей ўтирган ерида.
Селим салом берди-да, гавдасига ярашмаган ҳолда тез-тез юриб келиб, сўрашиш учун
узатилган қўлни ўпиб, кўзига суртди. Бу қилиқ маъқул келиб, Хонгирей ўзини чин хон каби ҳис
қилиб жилмайди-да, Селимга ёнидан жой кўрсатди.
— Қаерларда тентираб юрибсан? — деб сўради у Селим ўтиргач, елкасига қўлини ташлаб. —
Қорабоғда эдинг, Бокуга кўчибсанми?
— Ҳа, энди... — Селим айбдор боладай бошини эгди. — Қорабоғдаги қариндошларни қора
тортиб борувдим, у ернинг тинчи ҳам бузилди... Боку тинчроқ бизга.
— Сен қаерга борсанг, ғалва чиқяпти, нима бало шумқадаммисан? — Хонгирей шундай деб
кулди. Маматбей ҳожасининг кўнгли учун тиржайди. Дам сигарет тутатиб, дам қаҳва
ҳўплаётган Байгилдин эса бу гапларни эшитмагандай жимгина ўтираверди.
— Сен нима учун Ҳосил билан чиқишмай қолган эдинг? — деб сўради Хонгирей жиддийлашиб.
— Отанг-дан қолган молингни талашдингми?
— У нархни паст олди, бизга тийин ҳам қолмади.
— Ҳосил менинг одамим-ку?
— Буни билмабман.
— Сен ментларга хизмат қилдингми?
— Йўқ. — Селим шундай деди-ю, ичида нимадир узилгандай бўлди.
— Зели оғам сени нима учун дўппослади?
— Тушунмовчилик бўлган...
— Зели оғамни ўлдиришди. Унинг ўлими сенинг бўйнингда. — Хонгирей шундай деб Селимнинг
бўйнига уч-тўрт шапатилади. — Сенинг ҳар бир томирингни битта-битта кесиб ташласам ҳам
хумордан чиқмайман. Бўри ўлибди, эшитгандирсан?
— Йўқ...
— Лақиллатма, эшитгансан. Сен ҳар бир балони биласан. Сен титрама, пончик. Нима бало,
иштонингни ҳўл қилиб қўйдингми, тур, чиқиб алмаштириб кел. Маматбей бунга лойиқ
иштонинг борми? Хотинларники ҳам бўлаверади. Бунинг эркакка ўхшамай қолибди. Ўзингни
тут, шу юрак билан Ҳосилга осилдингми? — Хонгирей шундай деб уни елкасига енгил
муштлади. — Сени ўлдирмайман. Бир қоп гўштнинг жонини суғуриб олсам иснодга қоламан.
Сен ҳозир кўч-кўронингни кўтарасану Ўзбекистонга қайтасан.
— Нега?
— Кокоин билан шуғулланасан.
— Ким билан... ишлайман? Яна Ҳосил биланми?
Хонгирей «Ҳосилнинг ўлимини ростдан ҳам билмайсанми?» дегандай унга тикилди:
— Ҳар ҳолда Илико билан эмас...
Бу гапдан сўнг Селим ростдан ҳам иштонини ҳўл қилай деди. Фарғонада эканида, ҳали
Зелихоннинг тепкисини емай туриб, «Бўри» — Федянинг йўриғига юрмасидан аввал ғилай
Шомил уни сиқувга олганида «Илико билан маслаҳатлашайчи...» деб, кимга суянажагини
ишора қилиб қўйган эди. Ҳосилнинг Хонгирей билан алоқаси борлигини билганда бу гапни
зинҳор айтмаган бўларди.
— Илико билан... алоқам йўқ, — деди Селим титроқ товушда. — Менга осилавермасин, деб
шунчаки айтувдим.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |