www.ziyouz.com kutubxonasi
43
Халимжон Зайнабни олиб келгач, дарров изига қайт-ди. Фотиҳачилар билан овора Кесакполвон
унинг ғо-йиб бўлганини билмай ҳам қолди. Ҳалимжон бу сафар ҳожасидан олган асосий
топшириқни бажариш учун кетди. Асадбек бу топшириқни эрталаб йўлда келаётганида айтиб
қўйган эди. Шунга мувофиқ Ҳалимжонни ўша ондаёқ жўнатса бўларди. Лекин у йигитни икки
марта чақириб, қулоғига шивирлаганда кўзи Кесакполвонда бўлди. Аъёнининг саросимага
тушиш ёки тушмаслигини текширмоқчи эди, кутгани амалга ошди.
Ҳалимжон Чувриндининг жони узилган ерга бориб, ўша ердаги хонадонларда яшовчилар билан
учрашиб, ўзини «милитсия ходими» деб таништиргач, «КамАЗ»дан тушиб қочган
одамнинг қиёфасини суриштирди. Одамлар учун «мен милитсияданман» деган гапнинг ўзи
кифоя қилди. Биронтаси ҳужжат сўрамади. Айни дамда тайинли гап ҳам айтмади. Барчалари
ярим тундаги фожиадан уйғонганларини, кўчага чиққанларида «КамАЗ»да ҳеч кимни
кўрмаганликларини айтишди. Фақат биргина кампир «КамАЗ»дан тушаётган паст бўйли одам
қорасини кўрганини билдирди. Ҳалимжон бу маълумотни эшитиши билан тезгина изига қайтди-
да, фурсат топиб туриб Асадбекка билдирди.
Бу хабардан Асадбекнинг кўзлари ёнди:
— Хумкаллани топ, нега кўринмаяпти? — деди.
Ҳалимжон яна бир соатча ғойиб бўлиб, Хумкалланинг уйида тунамагани ҳақидаги нохуш
хабарни етказди. Бу янгиликни эшитган Асадбекнинг кўкрагида бир нима портлагандай бўлиб,
бу портлаш кучидан ҳосил бўлган тўлқин бўғзига қадар бостириб келди. Атрофида ҳеч ким
бўлмаганида «мени гўл қилиб кетишди, ан-қайиб қолдим-а», деган афсус билан пешонасига
бир шапатилаган бўларди. Ўзига неча жуфт кўз тикилиб тургани учун ташвишли эмас, хуш
ёқувчи хабарни эшитгандай ўзини мажбурлаб жилмайди.
Пешинда қўшнилар пишириб чиқарган ошдан бир-икки қошиқ еган бўлиб, кетишга
чоғланганида Жамшиднинг машинаси кўринди. Икки уй нарида тўхтаган машинадан Жамшид
тушди-ю, юрарини ҳам, юрмасини ҳам билмай тўхтаб қолди. Фожеани йўлда эшитиб, ишониб-
ишонмай келаётган Жамшид бу кўчага бурилди-ю, дарвоза ёнидаги одамларни кўриб юраги
увишди.
Бир неча ой муқаддам шу дарвозадан куйиб кўмирга айланган майитни олиб чиқишган эди.
Тутинган укасига «аза очган» Чувринди шу дарвоза оғзида уч кун бел боғлаб турган эди. Буни
Жамшид билмайди. Билгани — Маҳмуд акасининг ўрнида ҳозир Умид бел боғлаб турибди. Кеча
бу ердан кўтариб чиқишгани ҳам бировнинг куйган мурдаси эмас, айнан Маҳмуд акасининг
жасади... Юришга мажоли қолмаган Жамшид кўчага чиқиб келаётган Асадбекни кўргач тамом
жойида қотди.
Жамшидга кўзи тушган Асадбек ҳам тўхтади-да, Кесакполвондан:
— Бунинг қаерда эди, нега кўринмади? — деб сўради.
— Ҳайронман, — деди Кесакполвон елка қисиб, сўнг Жамшид томон тез-тез юрди-да, унга
яқинлашиб, баланд овозда:
— Қаерларда санқиб юрибсан, маржабоз?! — деб сўради.
Жамшид унга «қаердалигимни ўзингиз биласиз-ку?» деган маънода ажабланиб қараганида
Кесакполвон пастроқ овозда «Сени мен эмас, Маҳмуд аканг юборган», деб шипшиди.
Кесакполвон орқа ўгириб тургани учун Асадбек унинг кейинги гапини эшитмади. Лекин
Кесакполвоннинг бирдан у томон юриб қолганидан ажабланди. Бунақа пайтда битта имлаб
қўйилса кифоя эди, Жамшид югуриб келарди...
Кесакполвонга эргашиб юриб келган Жамшид Асадбекдан бир қадам берида тўхтаб, салом
бергач, «Бандалик...» деб таъзия билдирди.
— Қайси гўрларда юрибсан? — деди Кесакполвон жеркиб.
— Термизга бориб келдим, — деди Жамшид ерга боққанича.
Саволга алик олмаган Асадбек бу гапдан кейин унга ажабланиб қаради-ю, индамади.
Кесакполвон «Аҳмоқ, Термизни айтиб қовун туширди-ку», деб ичида сўкиниб қўйгач, сўроқни
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |