www.ziyouz.com kutubxonasi
51
юқоридан пастга томон туширди. Бироқ, кўзлари ичакнинг қаерга қадалганини кўролмади.
Шундан сўнг бошини аста ён томон буриб, қўшни каравотда ётган одамни кўрди. Ҳаракатсиз
ётган одамнинг тирикми ё ўлик эканини билмади. Унинг тепа томонидаги тўнтарилган шиша
идишда пуфакчаларни кўргач, қўшниси ҳали ҳаёт эканини англади. «Ким бу? — деб ўйлади у.
— «Қассоб»ми? Шунча отишмадан сўнг ҳам тирик қолдими?» Хонадаги ёруғлик етарли
эмасмиди ёки Солиевнинг кўзлари хиралашганмиди, ҳар ҳолда тикилгани билан ён томонда
ётган одамни таний олмади.
Бу орада эшик очилиб, ҳамшира кирди. Солиевда ҳаёт нишонасини кўриб, унга яқинлашди-да,
ҳеч бир сўз айтмай, ўзини зўрлаган ҳолда жилмайди.
— Қаердаман?
Бу сафар ҳам овози чиқмади, фақат лаблари аста қимирлади. Ҳамшира лабларнинг
қимирлашидан саволнинг мазмунини уққандай, ўша сохта жилмайишини канда қилмаган ҳолда
майин кафтини унинг пешонасига қўйиб:
— Хавотирланманг, кризис ўтди, — деди. Кейин далда берувчи оҳангда қўшиб қўйди: — балки
эрта-индин реаниматсиядан умумий хонага олишар...
«Кризис...», «Реаниматсия...»
«Зулмат — кризисмиди? Менга нима бўлди ўзи? — деб ўйлади Солиев — Бомба портламаган
эди. Йигитлар киришганди. Балки ўшандан кейин портлагандир? Ёнимдаги яраланганлардан
биттасими? Бошқалари қани?»
Тили гапга айланиб, буларни сўраганида ҳам ҳамшира жавоб қайтара олмас эди. Ҳамшира ён
томондаги беморнинг ҳолидан хабар олгач, чиқиб кетди. Ҳамшира киргач, қайси бир бурчакка
биқиниб олган сукунат у чиқиб, эшик ёпилиши билан яна хонага ўз ҳукмини ўтказа бошлади.
Солиевнинг бахтига бу сафар қулоқлари шанғилламади. Аҳён-аҳёнда даҳлиз томондан
соатнинг чиқиллашини эслатувчи узуқ-узуқ, ожиз-ожиз товуш сукунат ҳукмига зарба бериб
турди. Хаёллари аста-секин тиниқлаша бошлаган Солиев зулмат дунёсига кириш арафасидаги
воқеаларни эслади.
2
Солиев жиноятчиларнинг изларидан тушган пайтларида кўп тунларни бедор ўтказган, бироқ,
«Тун» деб аталмиш вақт бирлигининг бу қадар узун, бу қадар оғир-вазмин бўлишини сезмаган
экан.
«Қассоб» ҳам, Солиев ҳам, атрофда сергак турган йигитлар ҳам «Тезроқ тонг ота қолсайди»
деб кутишарди. Гўё бу машмашага тун айбдору, отажак тонг барча балоларни даф этадигандай
эди.
Ўлим ёки ҳаёт дарагини бермоғи лозим бўлган тонг ҳам отди.
«Қассоб» чала бўғизлаб қўйилган ҳўкиз товушида бақириб, яна талабларини такрорлади. Бу
томон ваъдани яна қуюқ қилди. Талаб ва ваъдалар қачонга қадар давом этажагини, қандай
якун топажагини ҳеч ким билмасди. Ҳамма қандайдир бир мавҳум тасодифга умид қиларди.
Солиев ваъда бераётганлардан ҳам, атрофда кузатиб турганлардан ҳам ранжимас эди. Чунки
бу муаммонинг ечимини ўзи ҳам билмасди. Билганда-ку, «шундай-шундай қилинса — олам
гулистон» деб ғазабланса ҳам арзирди.
Юракни эслатувчи муштдеккина темир неча соатдан бери неча-неча юракларни беҳаловат
тепишга мажбур қиларди. Портламай қолса-ку, барча масала бир нафасда ҳал бўлади-қолади.
Тонгга яқин ҳолдан тойган Солиев бомбанинг портлаб кетишини ҳам истади.
У томон ҳеч қачон талабни бажармайди. «Қассоб» эса ўзича инсофга келмайди. Шундай экан,
нимадан умид қилмоқ мумкин?
— Ҳа, фараон, чарчадингми? — деди «Қассоб» унинг ҳолини англагандай.
— Чарчашимнинг бировга фойда-зиёни йўқ. Ўзинг чарчаганга ўхшайсан. Бармоқларинг
титраяпти. Қўйиб юбора қол ўша зормандани.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |