www.ziyouz.com kutubxonasi
49
Асадбек ўша нуқтадан то ўғилларининг бугунги қисматига қадар бўлган гап-сўзлар, воқеаларни
хаёл чиғириғидан бир-бир, қайта-қайта ўтказиб кўрди.
Бир жанг аввалида мунажжим соҳибқирони акбарга «юлдузлар бу кунингизни
шарафлашмаяпти», деганида у зот «Биз ўз ғалабамиз билан бу кунни шарафлагимиздур»,
деган эканлар. Агар мунажжим пайдо бўлиб Асадбекка шу мазмунда бир гап айтса, у шарафли
кунга ишонч билан қадам қўя олармиди?
Ҳолбуки...
Тун хунук фожиага ҳомиладор бўлиб, кун уни туғишга тадорик кўрарди.
Учоқ ерга қўнганида қуёш бош кўтараётган эди. Ёруғлик ваъдасида кўтарилаётган қуёшми бу ё
мажҳул сароб — ҳеч ким билмасди.
____________
* Мазмуни будир: Эй Одам фарзанди! Агар сенга бойлик келаётганини сезсанг, билгилки, азоб-
уқубати ва жазоси нақд бўлган гуноҳ келаётир («Ҳадиси қудсий»дан).
V б о б
1
Зулмат...
Ҳа, зулмат эди.
Нафас олди-ю, нафас чиқаришга улгурмади. Худди бирданига чироқ ўчирилгандай бўлди.
Зулмат қандай бостириб кирганини сезмай қолди. «Ана энди ўлдим», деб фикрлашга ҳам
улгурмади.
«Қассоб» қўлида асир эканида «Бу жинни бу балони портлатиб юборса, ўлар олдидан оиламга
бир оғиз ҳам гапиролмай кетаманми?» деб афсусланган эди. «Келиб-келиб шундай ўлим менга
насиб қиладими-я? — деб ўйлади маёр Солиев. — Уйда ҳеч бўлмаса уч-тўрт кун оёқни
чўзилтириб ётиб, бола-чақага васиятни қилиб, сўнг жон беришнинг ҳам гашти бор экан-да, а?»
Айтадиган гаплари кўп ҳам эмас, болаларига «онанг-ни ҳурмат қилларинг, ҳалол еб, ҳалол
яшаларинг», дейди. Отаси унга шундай васият қилиб эди. Отасидан ошириб у нима дея
оларди?
Аслида бу гапни кунда бўлмаса-да, тез-тез айтади. Аммо ўлими олдидан айтса у оддий гап
мақомидан чиқиб, васият мартабасига кўтарилади.
Хотинига ҳам кўп гапирмайди. «Келининг билан ҳадеб ўчакишаверма, бечорани эзаверма»,
дейди халос.
Аслида бу гапни ҳам кунда бўлмаса-да, тез-тез айтади. У айтишдан чарчамайди, хотини ўз
билгича яшашдан ҳоримайди. Солиев қайнона-келин можаросига пойдевор бўлгувчи, кўпчилик
эътибор бермайдиган бир сабабни аниқ билади: унинг хотини ҳам кўп оналар сингари ўғлини
келинидан қизғанади. Йигирма йилми ё ундан кўпроқми ҳамиша қанотида юрган фарзандининг
хуфтондан сўнг «ғойиб» бўлишига аввалига кўниколмайди, кейин-кейин эса чидолмай қолади.
«Қизил оёқ келиб, қизил юздан жудо қилди», деган мақолнинг айнан ўшандай «қизғанчиқ»
оналар тўқигани бежиз эмаслигини Солиев англайди. Гаплари шамолга соврилишини билса-да,
танбеҳ бераверади.
Жон чиқиши олдидан сўнгги бор айтса бўларди. Аммо энди буниси оддий гап мақомидан чиқиб,
васият мартабасига кўтариларди. Нодон хотини ҳеч бўлмаса, бир-икки ҳафта васиятга амал
қилар ахир. Сўнг қизғаниш олови янада баттарроқ аланга олар. Олдинлари ёнида эри бўларди,
ёлғизлик музхонасининг совуғи унга камроқ сезиларди. Эри ўлгач, музликлар аро ялангоёқ,
яланғоч қолгандек бўлади. Тонгга қадар азобланади. Азобнинг аламини кимдан олиши эса
тайин...
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |