www.ziyouz.com kutubxonasi
57
иштиёқида» билим юртига борган. Касби — ғишт терувчи! Бу ҳам Зоҳид учун ажабланарли сир
эди. Шокаримовнинг қўлига ғишт ушлаган-ушламагани қанчалар жумбоқ бўлса, унинг қайси
йўллардан юриб таксопарк бошлиғи курсисига ўтиргани шу қадар сир эди. Зоҳид «Иш»ни
қайта-қайта ўқиб «Шокаримовнинг ўйнаши ҳам, ҳайдовчиси ҳам бесабаб ушлаб турилибди,
эҳтиёт чораси ўзгартирилиши керак» деган тўхтамга келди. Аммо Илёсов билан суҳбатлаша
туриб қарорини амалга оширишга шошилмади.
Бекатдан қайтар маҳалида устозининг яраланмаганини, балки юраги ўйнаб, ҳушсиз бўлганини
эшитган эди. Пешиндан кейин Солиевнинг аҳволидан хабар олгани касалхонага борди-ю,
«инфаркт» деган ташҳисни эшитиб, беихтиёр равишда «Нега?» деб юборди.
Солиевнинг ҳаётидан бехабар одам «Қассоб»нинг панжасидаги бомбадан қўрқиб юраги ишдан
чиқибди», деган хулосага келиши мумкин. Ҳар ҳолда бекатдаги тунни бедор ўтказганлар,
айниқса, Солиевни беҳуш ҳолда кўрганлар шундай деб ўйлашган эди. Ҳолбуки «Қассоб»нинг
панжасидаги бомба сўнгги туртки эди. Бу сўнгги турткидан хабарсиз бўлган Зоҳид касалхона
ҳовлисидаги кимсасиз айвон устунига суяниб, заиф қор учқунларининг сар-сари учишларига
тикилиб турарди. У устознинг ҳаётини қисман бўлса-да билгани учун «Нега?» деган саволига
ўзи жавоб топди. Неча ҳафталаб, ҳатто ойлаб бедор юриб, жонини гаровга қўйиб жиноят
илдизини очганида биттагина телефон қўнғироғи билан барча ҳаракатлари чиппакка
чиқарилганида юрагидаги битта томир узилмадимикин? Жиноят иши катталардан бирининг
тантиқ ўғлига тақалганида, қатъий туриб олгани учун «ўз вазифасига муносиб эмас», деган
тамға билан ишдан четлатилганида-чи?
Солиев бошига тушган савдолардан айримларини ибрат тариқасида айтиб берганида Зоҳид
«юрагингиз темирдан экан, чидабди», деганди. Мана энди маълум бўлди, юраги темирдан
эмас экан.
Зоҳиднинг қишлоғида, уларникидан олти хонадон нарида бир одам яшарди. Асл исми Ғайрат
бўлган бу кишини ҳеч ким ўз номи билан атамай, қисқа ва лўнда қилиб «Ғийбат» деб
юритишарди. Унинг яна бир лақаби «Офат» бўлиб, айримлар борига барака усулида уни
«Ғийбат Офат» деб улуғлашарди. «Ғийбат» дейилса- да — ярашиқли, офат дейилса-да
— арзирли бу одам атрофдагиларнинг ёқтирмасликларини фахмларди. Шу боис дуч келган
хонадонга кириб, ўзида йўқ обрўсини тўккиси келмас, мўмин-қобил бўлгани учун Зоҳиднинг
отаси билан ҳамсуҳбат бўлишни ёқтирарди. «Ҳамсуҳбат» дейиш ҳам нисбий тушунча. Чунки
Зоҳиднинг отаси суҳбатлашмас эди, тилининг тагига бир чеким нос ташлаб фақат эшитарди. Ўн
икки йил муқаддам Зоҳид Ғийбат Офатнинг раис билан олишуви ҳақидаги «ахборот»ни бехос
тинглаб, ғазабланган эди. «Менга мошин бермагунингача ҳар куни келаман, юқорига ёзиб сени
тинчитмайман. Ё сен менга мошин берасан, ё мен сени инфаркт қиламан!» Ғийбат Офат бу
гапни алоҳида бир ғурур билан айтган эди.
Раис бу одамнинг айби биланми ё бошқа сабабданми инфарктдан кўз юмган эди. Ўшанда Зоҳид
«пичоқ уриб ёки бўғиб ўлдирганни «қотил» деймиз, қамаймиз, ҳатто ўлимга ҳукм қиламиз.
Раиснинг қотили ким? Ғийбат Офатни айблай оламизми? Пичоқ урмоқ билан инфарктга олиб
бормоқнинг фарқи нимада? Фақат усул бошқа, охир оқибат эса бир — бевақт ўлим!»
Ҳозир касалхона ҳовлисидаги айвон устунига суяниб турган Зоҳид шуларни эслади. Эслай
туриб «бировларни инфаркт қилувчи одамларнинг ўзлари ҳам инфаркт бўлармикинлар? Улар
қандай ҳолда жон бераркинлар?» деб ўйлади.
4
Илёсов жойига ўтиргач, пешонасини тириштирганича Зоҳидга қаради. Зоҳид бу қарашдан
«Ука, бемаврид келибсан, бошимни қотирма», деган маънони ўқиб, хона соҳибининг сўз
бошлашини кутди. Илёсов эса эринчоқлик билан стол тортмасини очди-да, сигарет олиб,
лабига қистирди.
— Нима бўлганини эшитгандирсиз? — У шундай деб сўраб, жавоб кутмай сигарет тутатди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |