www.ziyouz.com kutubxonasi
53
оқибатни ўйлаб қоладилар ва фар-зандларини ташлаб кетмайдилар.
Болалик тасаввури шундай эди. Болаларини ташлаб кетувчиларнинг ҳаммасига шундай жазо
қўлланилса, музейларда жой етишмай қолишини у ўйлаб кўрмаганди.
Болалик орзулари ўттиз кунлик ой нури каби унга хиёнат қилди — зулмат қаърига сингиб
кетди.
Аммо... қуёшга бўлган муҳаббати сўнмади.
Булутли тонгга бўлган нафрати ҳам сусаймади.
Зотан...
Унинг бутун умри булутли тонг каби эди.
Шубҳасизки...
Умри адоғи айнан шундай булутли кунда бўлажагини у билмас эди.
Қуёшли тонгни суйган бола умри адоғида қуёшни бир мартагина кўрмоқ илинжида кўз
юмади...
Болалигида тонг қуёши уни алдарди.
Алҳол, унинг қуёши хиёнат қилди. Сўнгги нафасида бир қараб олишни истамади.
Қуёш-ку... балки истагандир. Бироқ, заҳарли булутга чирмалган умри эвазига бу бахтдан
маҳрум этилгандир...
У отасининг жасадини куйдирмоқни ният қилган эди. Нияти ўзига насиб этади...
Унга қадар эса...
Чангалида бомбани ушлаганича, ҳазин овозда:
— Қуёшсиз кунни ёмон кўраман, — деди.
Маёр Солиев унинг овозидаги хазинликни сез-ди-ю, «ишқилиб бу ўзгариш яхшиликка бўлсин-
да», деб ўйлади.
— Фараон, сен Худога ишонаман, дединг, а? Шайтонга-чи? Шайтонга ишонасанми?
Солиев дарров жавоб бермади. «Қассоб» ҳам «тез бўл!» деб қистамади. «Агар бу дунёда
шайтон бўлса, бу сенсан», деб ўйлаган Солиев фикрини сиртига чиқармади. Илоҳий
туйғулардан маҳрумлиги боис руҳлари ўлик, ҳайвоний ҳислари эса қувватли бу одамга
нисбатан шу гаплар айтилса, балки шайтон алайҳилаъна ранжирмиди... Иблис «Қассоб»ни
ҳидоят йўлидан адаштиргани рост, Худога бегона қилгани тўғри, хийлалари тўрига ўрагани,
васвасалари гулханида қовургани айни ҳақиқат. Бироқ, иблиснинг ўзи хотинларни ўлдириб,
гўштларидан чучваралар тугиб емагандир... «Eнг ширин чучвара сен маишат қилган жувоннинг
гўштидан бўлади», деган хийласига ишонтира олган иблис ҳозир «Қассоб» лақабли
бандасининг қонларини кўпиртириб қандай васваса қиляпти экан? Ёки «мана, охирги
манзилингга эсон-омон етиб келдинг, энди мен сенга дўст эмасман», деб қочиб қолдими?
Ажаб... «Қассоб» умрининг сўнгги соатларида нечун қадрдони шайтонни эслаб қолди? Қизиғи
шуки, шайтон етовида юргувчилар ҳамма вақт ҳам ўз йўлбошчиларини эслайвермайдилар.
Бир озлик сукутдан сўнг «Қассоб» қадрдонини нима сабабдан эслаганини маълум қилди:
— Мен шайтонга ишонаман, — деди у. — Билиб қўй: барчаларимизнинг хўжайинимиз шайтон
бўлади. Менинг шайтоним бақувватми, демак, мен зўрман. Сеники кучлими, демак, сен зўрсан.
— Ҳозир... сен зўрмисан? — деб сўради маёр Солиев.
— Зўр бўлмасам шунча одам атрофда титраб турармиди? Лекин... фараон, билиб қўй: шайтон
ҳар бир одамнинг кўкрагига мана шунақа бомбани босиб туради.
— Кейин портлатадими?.. Қачон портлатади?
— Ҳар куни портлатади. Кейин юракни қийма-қийма қилиб ейди.
Eртасига юрак яна ўсиб чиқади, у яна портлатади, яна ейди.
— Фалсафанг қизиқ экан. Мен шайтон томирлардаги қонга аралашиб оқиб юради, деб
эшитувдим. Сен ўша шайтон билан олишиб кўрмаганмисан?
— Нега олишаман? У менга доим қувват берган.
— Юрагингни қиймалашичи?
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |