www.ziyouz.com kutubxonasi
52
— Чарчабсан, фараон. Ўлимни бўйнингга олдингми, демак, тамом бўлибсан. Иштонинг қуруқми
ишқилиб? Ҳар ҳолда ҳўл иштонда ўлсанг шерикларингга кулги бўласан. Мен сенга бир яхшилик
қилай: иштонинг қуригунича кутаман. Икки соат олдин ўламанми ё кейинми, менга барибир.
Сен, — «Қассоб» истеҳзо билан тиржайди. — «мардларча ҳалок бўлсанг» битта медалга
илиниб қоласан.
Солиев индамади. У «Қассоб» бақираётган пайтда талабларидаги қатъийликнинг сусайганини
сезган эди. Ҳозир гапириш оҳангининг ҳам тундагидан фарқ қила-ётганини фаҳмлади. Фақат
бу ўзгариш сабабини билолмади.
— Фараон, — деди «Қассоб», — қара, атроф ёришиб қолди. Лекин қуёш кўринмаяпти. Мен
қуёшсиз кунни ёмон кўраман. — «Қассоб» шундай деб пича сукут сақлади-да, сўнг таъкид
этди: — Жуда ёмон кўраман.
«Қассоб» тўғрисини айтган эди. У болалик чоғларида денгиз қирғоғида ўтириб қуёш чиқишини
томоша қилишни яхши кўрарди. Онасининг маишатига халал бермаслик учун кўчага чиқиб
кетганида у кўпинча қирғоққа борарди. Тўлин ой нурининг тўлқинчалар билан ўйинига узоқ-
узоқ тикиларди. Сўнг эса қуёшни кутиб оларди. Тўлқинчалар юзини силаган ой нури қанчалик
мафтункор бўлмасин, уфқни титратиб кўтарилган қуёшнинг ўзгача латофати бор эди. Боланинг
назарида табиат чиройини очиб юборган қуёш унга янги кунда ширин ваъдалар бераётгандай
бўларди.
«Бугун отанг қайтиб келади», дер эди Қуёш.
«Eнди сени ҳечам ташлаб кетмайди», — деб ишонтирарди Қуёш.
«Онанг энди бегоналарни бошлаб келмайди», — деб ваъда қиларди Қуёш.
«Eнди тунлари кўчаларда санқимайсан», — деб умид чироғини ёқарди Қуёш.
«Бугундан бошлаб сени биров «шилтанинг боласи» деб камситмайди», — деб ҳимоясига
оларди Қуёш.
Ўзининг онгида туғилган бу ваъдаларга бола ишонарди.
«Отам қайтиб келса ҳам, тунларда санқимасам ҳам, барибир сени кутгани тонгда келаман»,
деб ҳам ваъдалар берарди.
Булутли тонгларни эса ёмон кўрарди.
Онаси «Отанг кимлигини ўзим ҳам аниқ билмайман», деган рост гапни шубҳасизки, айтмас эди.
Шу боис «отанг бизни боқа олмай ташлаб кетган» деган ёлғонга бола ишонарди. Қуёшни
кутаётган маҳалларида пул топиш, бойиб кетиш йўлларини изларди.
Бир куни ўртоғига юрагини ўртаётган орзуларини айтди:
— Пулни нима қиласан, машина оласанми? — деб сўради ўртоғи.
— Йўқ, отамни топиб, уни боқаман.
— Нега? — деб ҳайрон бўлди ўртоғи.
— У бизни боқолмай ташлаб кетган экан. Эркак кишининг бундай қилиши — номардлик.
Номардлик жазосиз қолмаслиги керак. Мен уни боқиб жазолайман. Ҳар тишлам нонни
тишлаганида мени ташлаб кетганидан уялади, афсусланади. Афсусланиб, афсусланиб, юраги
сиқилиб қийналади. Қийналиб-қийналиб, охири ўлади...
Норасидалик чегарасидан ўтган ўсмирнинг истаги шу эди. У фақатгина Худога маълум бўлган
онасини жазолашнинг турли усулларини мўлжаллаб қўйган эди. Тасодиф туфайли отасини
топиб, ўйлаб қўйган жазолаш усулларидан бири қўлланилган тақдирда ҳам у болани айблаш
жоиз бўлармикин? Ҳар ҳолда валади зинодан яна нималарни кутмоқ мумкин?
Унинг мурғак қалби, кирланишга улгурмаган онги фарзандини ташлаб кетмоқлик номардлик
эканини фаҳм этарди. Номардлар қандай усулда бўлмасин жазо топмоқликлари шарт, деб
ҳисобларди. Ўшанда ўртоғига жазонинг охири нима билан якунланишини айтмовди. Унинг
режасича, отаси «афсусланиб-афсусланиб» ўлгач, тобутга солиб кўмилмайди. Балки, жасади
крематорийга топширилиб, куйдирилади. Унинг кули бир қутичага солинади, сўнг музейга
топширилади-да, тагига «Номард отанинг кули» деб ёзиб қўйилади. Буни кўрган эркаклар
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |