www.ziyouz.com kutubxonasi
48
Кейинроқ ўлим остонасидан қайтиб, умид дарвозасига етганда ибодатдан йироқлашгани каби
бу гапларни, Абдураҳмон табибнинг гаплари қаторида, эслашдан узоқлашди.
Ер билан осмон орасида эслаши...
Осмонда нима бор?
Ерда нима қолди? Бир-бирларини бўридай ғажийдиган одамларми?
Шу савол хаёлига урилиши билан қулоғи остида Анварнинг гапи жаранглади. Ҳа, айнан ўша
овоз, айнан ўша гап:
«Бўридай десангиз бўрилар хафа бўлишармикин? Бўрилар аҳил яшашаркан...»
«Бўричалик ҳам ақлимиз йўқ, — деб ўйлади Асадбек. — Бу дунёда сирпаниб яшарканмизми?
Мен сирпана-сирпана шу ҳолга келдимми? Энди сўнгги зиёратгоҳ қолдими? Йўқ, ҳали вақт
бор... Биламан, Маҳмуд у дунёда кимнидир оловли гуллар билан кутиб турибди. Аввал ўша гул
эгасини топиб, жўнатай...»
Асадбек зулм либосига ўралган ниятини қандай амалга оширишини ўзи ҳам яхши билмайди. У
бир йил аввалги Асадбек бўлганида зулматли олам ичра бу қадар сарсари кезмасди. Аравалар
отлардан олдин чиқиб кетган замонда бир қаноти қирқилган, иккинчиси эса хиёнат қилган қуш
баланд уча олармикин? Ўлжага дадил ва бехато човут сола олармикин? Ҳеч бўлмаса ўзини
ҳимоя эта олмоққа куч топармикин?
Бир қанотнинг қирқилиши кутилмаган ҳол бўлди. Аммо иккинчи қанотнинг хоинлиги
тасодифми? Бир қанотнинг қирқилишига сабаб бўлган иккинчи қанотнинг хоинлиги қачон
бошланди? Ўзини зийрак ва сергак деб ҳисобловчи Асадбек нечун бу ҳолни пайқамай қолди?
Қимор ўйнаб юрган кезларида рақибининг қарта тутган бармоқларига, жавдираган кўзларига
қараб ғирром ўйин бўлаётганини фаҳмлаб оларди. Бу ўйиндаги ғирромликни нечун сезмади?
Бир куни Кесакполвон Асадбекка:
— Укангнинг танобини тортиб қўй, менинг илдизимга болта ураман, деб овора бўлмасин, —
деган эди.
Шунда Асадбек юмшоқроқ оҳангда:
— Ҳаммамизнинг илдизимиз бир, болта урилса, баравар қуриймиз, — деб жавоб берган,
Кесакполвон эса, қўл силтаб, зарда билан:
— Сен ҳам укахонингнинг гапларини айтяпсан, — деган эди.
Кесакполвон хиёнат кўчасига шундан сўнг кирдими ё у дамда кириб бўлгандими?
Асадбек Абдураҳмон табибникида шифо умидида юрган кезлари ўзи барпо этган олам
қасрининг ёрила бошлаганини сезиб, «бу офат қачон бошланди?» деган саволига жавоб
излаган эди. У Зайнабнинг ўғирланиши барча ташвиш эшикларини очиб юборди, деган
тўхтамга келиб эди. Бу дунёда дунё умидида юрган кўп ғофил бандалар каби Асадбек ҳам
Яратганнинг «Ябна Одама! Иза раайта-л-ғинаа муқбилан аълайна. Фақул занбун аъжилатун
уқубаътуҳу»* деган хитобидан бехабар эди. Хабардор бўлганида ҳаёти ипларининг чигилини
ечишда бу қадар қийналмас эди.
Бойлик ҳам келди, унинг изидан гуноҳ ҳам ҳаялламади.
Азоб-уқубат ва жазо ҳам нақд бўлди...
Ғофил банда буни билмайди.
Муҳрланган қалб кўзларнинг нурини ҳам олиб қўйган.
Кўзлар очиқ, аммо оёқлар остидаги вайл чўғларини кўрмайди.
Бунинг ўрнига энг яқин аъёни бўлиб келган хиёнатчи қанотнинг хиёнатларини ўйлайди. Ўйлай-
ўйлай хиёнат кўчасига бурилиш нуқтасини ўзича топгандай бўлади ҳам.
Зайнабнинг ўғирланишини ундан гумон қилмайди. Аммо тўйдан сўнг Элчиннинг кўчасига
йигитларни қўйганида «Кимдан қўрқасан, — Асадбек чумчуқ пирр этса, юраги ширр этадиган
бўлиб қолибди, деган иснодга қолмоқчимисан?» деб қайтарди. Асадбек «Тўғри, энди кимдан
чўчийман?» — деб унинг гапига кириб аҳмоқлик қилди. Кейин Бўтқани масъул қилиб кўчага
пойлоқчи қўйди, аммо бу тадбири уй ёниб бўлганидан сўнг сув сепиш каби бир чора эди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |