www.ziyouz.com kutubxonasi
47
эмас», деган ақидасига содиқ ҳолда иш юритувчи Хонгирей Асадбекнинг, унинг ўғилларининг
тақдирини қандай ҳал этар экан?
Учоқ булутлар бағрини ёриб юқорига кўтарилар маҳалда қаттиқ титради. Бунақа пайтда ҳар
қандай одам Худони эслаб қолади. «Ўзинг асрагин, Тангрим, фалон-фалон гуноҳларни бошқа
такрорламайман», деб тавба қилади, онт ичади. Учоқ титроқдан тўхтаб, оҳиста уча бошлагач,
тавба ҳам унутилади, Худо ҳам. Кўп каби Асадбек ҳам шундай эди. Ҳозир ундай бўлмади.
Учоқнинг қулашидан, ўзининг ўлимидан қўрқмади. Аксинча, «бу кунимдан ўлиб кетганим минг
марта яхши эмасми?» деган фикр уни карахт қилиб қўйди.
Ёши элликдан ошибди. Қанчадан қанча нарсаларни кўрибди. Қизиқ... Нималарни кўрди? Ўйлаб
қараса, ҳеч нимани кўрмаганга ўхшайди. Рўпарасида зулмат, ортига ўгирилиб қараса, қоронғу
бўшлиқ. Фақат уқубат учун туғилган одам ҳам у каби уқубат чекмаса керак... Қоқ суяк топган
ит ҳам ўзини бахтли ҳис қилар балки. Шунча бойлиги бўла туриб нима учун Асадбек бахтсиз?..
Ҳар бир одамнинг бахт дарахти ўзига алоҳида бўлади. Бу бахт дарахтини бойлик булоғи суви
билан суғориб мева олмоқчи бўлганлар янглишадилар.
Асадбек ана шу адашувчилардан бири эди.
Фақат иймон булоғидан сув ичган бахт дарахтигина ширин мева беришини ҳамма ҳам англаб
етавермайди.
Асадбек ана шу англамаганлардан бири эди.
Зулм булоғидан сув ичган бахт дарахти қиёматда заққум дарахтига айланажагидан барча
хабардорми?
Асадбек хабардор бўлмаганлардан бири эди.
Учоқ титроғи тиниб, булутлар устига чиқиб олган онда икки қатор олдиндаги ўриндиқда
ўтирган одамга Асадбекнинг кўзи тушиб, юраги бир ҳаприқди. Бошига дўппи кийиб олган бу
одам ён томондан Собитхонга ўхшаркан.
Асадбек ўзининг сиҳати, ташвишлари билан андармон бўлиб уни йўқлай олмаган эди. Ҳозир шу
дўппили кишининг чиндан ҳам Собитхон бўлиб қолишини истаб, унга қайта-қайта тикилди. У
киши ортидан кимнингдир қаттиқ тикилаётганини сездими, бир-икки ўгирилиб қаради.
Дўппили бу кишининг ҳам соқол-мўйлови бўлса-да, юзида Собитхон юзидаги нур йўқ эди.
Шу киши баҳона бўлиб, Асадбек Қўқондаги шифохонада бўлган суҳбатни эслади:
Икки юз йил умр кўрган одам: «Балоли йиллар, фаровон йиллар... кун ўтади, тун ўтади. Туққан
туғади, ўлган ўлади. Туққан туғмасайди мавжудот тугарди. Ўлган ўлмасайди — Ер юзи
ундагиларга тор бўлиб қоларди», деган экан.
Ҳа... Ўлганлар ўлиб турибди. Лекин шунда ҳам Асадбекнинг назарида, кенг дунё жуда тор
бўлиб кетаётган эди. Тор бўлмаса, салкам беш миллиард одам сиққан шу дунёга Маҳмуд
сиғмасмиди? Дунё биргина шу одамга торлик қилдими?.. Дунё янада торайиб, энди кимларни
сиқиб чиқаради экан?
«Бек ака!..»
Ёнидаги одам Собитхоннинг овози билан чақиргандай бўлди. Асадбек беихтиёр равишда унга
қаради: бурнига кўзойнак қўндириб газетага мук тушиб ўқияпти.
Овоз эса яна такрорланди:
«Бек ака... Яхшилаб ўйлаб қаралса, бу дунё ҳаётидан тубанроқ нарса йўқ. Дунёни йиқилишга
юз тутган деворга ҳам ўхшатишади.
Деворнинг йиқилажагини билган ҳолда унга суянамиз, а? Дунё ҳаётини сирпанчиққа ҳам
ўхшатишади. Бу сирпанчиқда ҳеч кимнинг оёғи собит турмайди... сирпаниб яшаймиз... Кейин
эса... сўнгги зиёратгоҳга қараб жўнаймиз. Сўнгги зиёратгоҳимиз — қабр. Бу зиёратгоҳни ҳеч
эсламаймиз, эслагимиз ҳам келмайди. Ажални унутишда бир-биримизни ортда қолдириб
кетамиз...»
Қўқон шифохонасидаги ўша учрашувдан сўнг кўп ойлар ўтди. Красноярда юрганда, айниқса
хасталик ўлим дарвозасига ҳайдаб келган кунларда Собитхоннинг гапларини кўп эслаган эди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |