www.ziyouz.com kutubxonasi
55
— Ҳожатхонадаги учта шеригинг димиқиб кетишгандир, айт, даф бўлишсин, — деб буюрди
«Қассоб».
«Оббо занғаре, шуни ҳам билиб турган экан-да?» деб ўйлаб, йигитларга ишора қилди.
«Қассоб»нинг талаби бажарилгач, ҳожатхона сари юрдилар. Солиев эшикни очиб, остона
ҳатлайман, деганида «Қассоб» уни тўхтатиб, орқасига ўгирилди:
— Шерикларингни тўсиб оламан, қийналиб кетди. Халақит бермаларинг. Эшикни очган —
ўлади!
Ичкари киришгач, «Қассоб» кишаннинг калитини сўради. Калит шимнинг чўнтагида, Солиев
кишанли қўли билан ололмас эди. Шунда «Қассоб» панжасидаги бомбани Солиевга тутди:
— Ушла, фараон, жон ширин бўлса, маҳкам ушла.
Панжаларига бомба тегиши билан Солиевнинг юраги «шув» этиб кетди. Бош бармоғи билан
эҳтиёт тугмасини босгунича товонидан сочининг учига қадар бир совуқлик югуриб ўтди.
«Қассоб» эса хотиржам равишда унинг чўнтагига қўл солиб, калитни олди. Ўзининг билагидаги
ҳалқани ечиб, Солиевни сув қувурига кишанлаб қўйди-да, эшикка хавотир билан қараб-қараб
олганича сумкани очди. Ундан елим халтача олиб, кафтига кукун ташлагач Солиевга «ана энди
хуморбосди қиламан» дегандай қараб олди. Кейин кукунни бурнига тортди. Кўзларини юмиб
чуқур нафас олди. Ҳузурли онлардан роҳатлангач, бу кайфни қувватлантирмоқ мақсадида
ароқни кўтарди.
— Сен дунёнинг мазасини билмайсан, фараон. Ўлсам ҳам менга алам қилмайди. Чунки мен
маза қилиб яшадим. Мен қамоқдан ўлимдан қўрққаним учун қочмадим. Ўлимимни кутиб
ётишдан безиб қочдим. — Шундай дегач, яна кукун ҳидлади.
— Фараон, — деди у ҳузурланиб кўзларини юмгани ҳолда. — Сени бир миллионга олишмади.
Сенинг ўлимингга рози улар. Лекин мен рози эмасман. Кел, сен билан шартнома тузайлик: мен
сенинг ҳаётингни сақлаб қоламан. Сен эса менинг ўлигимни крематорийга ёқтирмайсан. Одам
қаторида тобутга солиб кўмдирасан. Гўримнинг тепасига битта бут ҳам қўйдирасан.
— Худога ишонмайсан-ку?
— Ишонмаслигим тўғри. Лекин... ким билади, балки бордир? Сен эҳтиётдан бут қўявер. Балки
фойдаси тегиб қолар. Келишдикми?
— Келишдик.
— Сенга ишончим бўлмаса ҳам ишоняпман. Бошқа иложим йўқ. Фараон, умрингда биттагина
ўғил болалик қил: ваъдангни бажар, хўпми?
«Қассоб» шундан сўнг гапирмади. Солиев ҳам уни кузатиб жимгина ўтираверди. Ароқнинг
сўнгги қултуми бу дунёдаги ҳузурли роҳатнинг сўнгги нафаси якунланганига далолат бўлди.
«Қассоб» шишанинг бўғзидан икки бармоғи билан ушлаганича баланд кўтарди-да, унинг
ичидан бир нима излагандек тикилиб турди. Сўнг бехос ташлаб юборди. Шиша чил-чил синди.
«Қассоб» чап кафтида қолган кукунни шиша синиқлари устига сочди-да, Солиевга яқинлашиб,
панжасидан бомбани олди, аммо эҳтиёт тугмасини босмади.
— Фараон, бўлди, ўзингни қийнама. Бу бомба порт-ламайди. Сенларни лақиллатиб хумордан
чиқдим. Менга шу етади, — «Қассоб» шундай деб бомбани тувакка ташлади.
«Қассоб» портламайди, дегани билан Солиев кучли портлашни кутди. Ана шунда юраги яна
бир қалқиди. «Қассоб» эса ён чўнтагидан икки тўппончани олди-да, ўқдонни текшириб,
Солиевга қарамаган, «хайр» ҳам демаган ҳолда эшикка яқинлашди-ю, уни зарб билан тепиб
очиб ташқарига отилди.
— Қани, отларинг энди! — деганча ҳайқириб тўппончаларнинг тепкиларини босди.
Солиев жонҳолатда:
— Отманглар! — деб бақирди.
Лекин унинг овозини ҳеч ким эшитмади. Пала-партиш отишма бир неча сонияда тинди.
Солиев шуларнигина эслайди.
Йўқ, бўшашиб, нафаси қайта бошлаганида йигитлар киришди...
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |