www.ziyouz.com kutubxonasi
58
—Касалликларини билдим.
— Худо бир асрабди ошнамни. Ундан кўра елкасиданми ё сониданми яралангани минг марта
яхши эди. Инфарктнинг иши қийин, ука. Энди уни бу идорада бошқа кўрмайсан, мажруҳликка
чиқариб юборишади. Мана шуниси инфарктнинг ўзидан ҳам ёмонроқ. Умр бўйи кўчада юрган
одамнинг «қачон инфаркт бўларкинман, иккинчисида ўлармикинман ё учинчисидами?» деб
уйда Азроил келишини кутиб ўтириши осонми? Мени қанча кутдингиз?
— Ярим соатча.
— Одам одамни ярим соатми ё беш соатми кутса бетоқатланади. Ҳар дақиқа, ҳар соатда
ўлимни кутса-чи? Буни ҳеч ўйлаганмисиз? Сиз ҳали ёшсиз, хаёлингиз бошқа ёқда. Мен ҳам кам
ўйлайман буни. Лекин ошнам энди тинмай шуни ўйлайверади. Ўйлай-ўйлай ўзини еб адо
қилади. Инфаркт нима, биласизми? Бу касаллик эмас, аслида Азроилнинг ташриф қоғо-
зи. Кутилганга нисбатан кутилмаган меҳмон анча дуруст.
Илёсов ҳаёт ва мамотга доир фалсафасини айтиб бўлгунича Зоҳид тоқат билан ўтирди.
Ортиқча гап қўшмади. Яқин одами бошига кулфат ёғилса ёки хасталикка чалинса киши «бу
менинг тақдиримда ҳам бордир» деб хавотирланади. Ўзини гумонидаги кулфатни қаршилашга
руҳан тайёрлайди. Ҳозир Илёсов ҳамкасбининг тақдиридан куйиб гапираётган бўлса-да,
кўнглининг бир четида «каминанинг ёзуғи ҳам шу» деган ҳақиқат ғимирларди. Ўзининг ҳам
қачондир инфаркт бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикр кечмиш ва келажакка оид
фалсафаларини тўкиб солишга ундарди. Зоҳид ҳамсуҳбати руҳий ҳолатидаги туғённи сезгани
учун ҳам халал бермай тек ўтирди.
Азага келган хотин ростданми ё ёлғонданми ҳарчанд йиғламасин, оқибат ўзининг
ташвишларига кўчади. Илёсов гапира-гапира бир оз енгил тортгандай бўлиб, «бу йигит менинг
ҳасратимни эшитгани келмагандир», деган хижолатда изоҳ берди:
— Мақсуд акангиз сизга устоз бўлганлари учун айтяпман бу гапларни.
Илёсов бир неча нафас сукут сақлагач, фалсафа оламидан ҳақиқат дунёсига кўчди:
— Шокаримовнинг ишини сизга беришибди, эшитдим. Мендан бирон нарсани сўрамоқчимисиз?
— Ҳа, — Зоҳид шундай деб ўрнида бир қимирлаб олди. — Қоғозга тушмаган гаплар бўлса...
— Қоғозга тушмаган гапларми? — Илёсов Зоҳидга тикилиб қолди. — Қоғозга тушмай қолган
гапларнинг асосийсини Шокаримов ўзи билан гўрга олиб кетган. Унча-бунча қолган гаплар
ўйнаши билан ҳайдовчисининг тилида турибди. Билмадим, ҳақиқатни тилларига қўшиб суғуриб
олиш керакми? Ҳар ҳолда мен улардан керакли маълумот ололмадим. Балки сизга ёрилиб
қолишар? Сиз қидирадиган сир шу иккаласининг орасида. Узоққа бориб юрманг, ука.
— Ўлимга бошқа сабаб ҳам бўлиши мумкинми?
— Масалан?
Зоҳид таксопаркка асадбекларнинг таъсири борлигини айтишни истамади. Шилимшиқ, Сайфи
Турдиевга доир гапларни бу одам билмаслиги ҳам мумкин. Билмаса, хабардор бўлмай тургани
ҳам маъқул. Алҳол Зоҳиднинг мақсади уни гумонларидан огоҳ этиш эмас, билакс, ундан бирон
янгилик эшитиш эди.
— Масалан... таксопарк директорининг бетон заводига бошлиқ бўлиб қолиши мени
ажаблантиряпти. У соҳада ҳам бу соҳада ҳам маълумоти йўқ экан?
— Бунақа ўринларда ўтириш учун маълумот шарт эмас, ука. Пул санашни, пулни тўғри
тақсимлашни билса бўлди. Сиз китоб кўриб улғайган йигитсиз. Агар қоқилмайин десангиз, энди
бу китобларингизни четга қўйиб ҳаётнинг китобини ўқинг.
Илёсовнинг бу ўгити Зоҳид учун янгилик эмасди. Илмдаги муаллими Ҳабиб Сатторовдан ҳам, бу
соҳадаги устози Мақсуд Солиевдан ҳам эшитган. Ёши улуғроқ одам борки, Зоҳидга
ўхшаганларга шундай маслаҳат қилади. Зоҳидга бу гапларни эшитавериш эриш туюлади. Чунки
у ҳаёт бошқа, китоб бошқа деган фикрни мутлақо ҳазм қила олмайди. Унинг ақидасига кўра,
ҳар қандай китоб ҳаёт тажрибасига асосланган тарзда юзага келади. «Доно»лардан бири
Зоҳидга «ҳаёт китобини ўқинг», деганида у ғашланиб:
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |