www.ziyouz.com kutubxonasi
59
— Ўзингиз ҳеч китоб ўқиганмисиз? — деб сўраган эди.
— Китоб ўқиб, бошимни оғритиб нима қиламан, мен ҳаёт кўрганман, — деган эди «Доно».
Ўшанда Зоҳиднинг тили қичиб ўртоғига айтган гапларни айтиб юборган, кейин афсусланиб
«Доно» ранжийди, деб ўйлаган эди. Аммо «Доно» Зоҳидни ҳайрон қолдириб ранжимади.
Ҳолбуки у гап унча-бунча одамнинг баданини тешиб юбориши мумкин эди: бир куни Зоҳид
уйда ётганида ҳамқишлоқ ўртоғи йўқлаб келди.
— Ҳа, яна бош оғрияптими? — деб кўнгил сўрагач, ўзича ташхис қўйди: — Китобни кўп
ўқийсан-да. Мен сенга минг бир марта айтдим: ҳадеб ўқийверма. Мана мен битта ҳам китоб
ўқимаганман. Шу ёшга кириб бир марта ҳам бошим оғримади.
Зоҳид ўртоғига ярим ҳазил, ярим чин оҳангида:
— Бошингнинг оғримаслиги китоб ўқимаганингдан эмас, сен яна юз йил яшасанг юз йил бош
оғриғи нималигини билмайсан. Сенда оғрийдиган бошнинг ўзи йўқ, — деган эди.
Ҳозир Илёсовга ҳам шунга ўхшаган гап айтворай деди-ю, тилини тийди. Фикрни чалғитмаслик
учун муддаодан четламади:
— Ўйнаш билан ҳайдовчига қўлланилган эҳтиёт чораси сал ошириб юборилмаганми?
— Мен уларни ўз билгимча қамамадим. Жиноятга алоқаси бўлгани учун мен таклиф этдим,
прокурор тасдиқлади. Хотинини қамаб қўйганим йўқ-ку?
— Эҳтиёт чорасини ўзгартирсаммикин, сиз нима дейсиз?
— Энди ука, «Иш» сизнинг қўлингизда. Нима қилсангиз қилинг. Фақат шошилманг. Хўжайинлар
«Ҳа, бўл!» деб туришса ҳам арқонни узун ташлайверинг. Мен шошилмаган эдим, «Иш»ни сизга
олиб беришди. Ақлим етганича гумонларим бор, аммо буни ҳозир сизга айтмайман. Ўзингиз
бир ҳаракат қилиб кўринг. Кейинроқ маслаҳатим зарур бўлиб қолса келарсиз.
Илёсовнинг бу тарзда суҳбатга якун ясаши Зоҳидга малол келса-да, оғир олганини сездирмай
хушмуомалалик билан хайрлашди. Умри «Угро»да ўтаётганларнинг терговчиларни, айниқса,
ёшларни хушламаслиги, айрим ҳолатларда менсимаслиги Зоҳидга аён. Барча соҳаларда бор
бўлгани каби ёш-қари мутахассис орасидаги муаммо бунда ҳам мавжуд. Ёшлар катталарни
догмада, яъни қотиб қолганликда айблашади. Катталар эса уларни «думбул» деб билиб
ишларидан айб излашаверишади. Камчилик топилган тақдирда мамнуният билан танбеҳ
беришади. Мусулмон одобига зид ўлароқ, бирон ёшнинг қоқилишини истовчилар ҳам йўқ эмас.
Афсус шуки, бу тоифа «ёш биродарим илойим қоқилмасин, қоқилгудай бўлса ўзим суяйман»,
демайди. «Қоқилсин, йиқилсин, пешонаси ғурра бўлсин, бурни қонасин, шунда кўзи очилади,
менинг қадримга етади», деб умид қилади. Қуруқ умид билан кифояланса кошки, баъзан киши
билмас тарзда қоқилишига ёрдам бериб қўяди. Зоҳид бундай кимсаларни илм оламида ҳам
кўрди, бунда ҳам учратиб, кўзи пишди. Хайриятки, туннинг муқобилида кун бўлгани каби,
ёмоннинг пайини қирқувчи яхши ҳам бор. Солиев шу тоифадан бўлгани учун Зоҳид уни беҳад
ҳурмат қиларди. Зоҳид «Илёсов Солиевнинг акси», деган фикрдан узоқ. У ҳақда ёмон гап
эшитмаган. Ажабланарлиси шуки, яхши гап ҳам, айтайлик, «фалончига ёрдам берибди,
қўллабди, ёнини олибди», деганга ўхшаш олқиш ҳам қулоғига чалинмаган.
Бировга яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам қилмайдиган одамдан эҳтиёт бўлиш керакми ё фақатгина
аблаҳликни касб қилиб олгандан қўрқиш зарурми — Зоҳид бу масалани ҳам ўзича ҳал қилиб
олган: у учун кейинги тоифа хатарли эмас, чунки бундай одамларнинг ҳужумига эртаю кеч шай
турасан. Илимилиқ (Зоҳид биринчи тоифани шундай атайди) одамлар офтобда қолган сувга
ўхшайди. Чанқаб келасану ичолмайсан, ичсанг кўнглинг ағдарилади.
Илёсов айрим ишларни Солиев билан бирга бажарарди. Унинг тажрибали, мулоҳазали экани
Зоҳидга шундан маълум. Илимилиқ эканини яхши билмас экан, бугунги муомаласидан бунга
амин бўлди. Зоҳид лозим бўлиб қолганда Илёсовни бу ишга жалб қилиши мумкин эди. Хонадан
чиқа туриб «бу илимилиқсиз ҳам куним ўтар», деб қўйди.
Do'stlaringiz bilan baham: |