Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
www.ziyouz.com kutubxonasi
60
Миркаримовнинг уйида мотамсаролик сояси йўқ эди. Кўк кийган аёлни, ғамнок болаларни
учратарман, деб ўйлаган Зоҳид янглишди. Кейин «Бу уйдан ўлик чиққанига анча бўлди шу
пайтгача оҳ-воҳ қилиб ўтиришармиди», деган фикрга келди.
Баъзилар пул топадилару ақл топмайдилар. Ё дан-ғиллама уй соладилар. Ёки довруғи етти
иқлимга кетадиган тўй қиладилар, ё ҳар йили бир марта, иштаҳалари келиб қолса, икки марта
машиналарини янгилайдилар, шу зайлда қармоққа илинганларини ўзлари ҳам сезмай
қоладилар: «Сотсиалистик мулкни талон-тарож қилиш»да айбланиб бор будларидан
айриладилар. Зоҳид дарвоза олдида турганича атрофни кузатиб «Миркаримов бу тоифадан
бўлмаган экан», деган тўхтамга келди. Дабдабали тўй қилганми-йўқми — ҳозирча билмайди.
Билгани — Миркаримовнинг номида машина ҳам, уй ҳам йўқ. Уй қайнонасининг номида,
сутранг «09» хотинининг номида. Миркаримовнинг ақлига беш кетиш керакки, фақат
хотинигина ўзининг номида. Қўлга тушгудай бўлиб суд «мол-мулки давлат ҳисобига мусодара
қилинсин», деган ҳукм чиқарганда маълум бўладики, бу «бечора»да мол-мулкнинг ўзи йўқ.
Агар жиноят кодексида «Хотини ҳам мусодара қилинсин», деган модда бўлсами, бу зотлар
хотинни ҳам бошқа бировнинг номига расмийлаштириб қўйишармиди, валлоҳи аълам?
Бу дунёнинг қонунларини шу тариқа четлаб ўтиш мумкин. У дунёдаги сўроқлардан қай тарзда
бўйин товланар экан? У дунёда хотиннинг номидаги машина қай тарзда харид қилингани
хусусида ҳам ҳисоб берилармикин?
Шаҳар чеккасидаги қишлоқда чиройли пештоқли, кўкрак кериб турган оқ тунукали уйлар кўзга
деярли ташланмайди. Аксинча, синчи ёки пахсаси кўтарилиб, у ёғига қўл калталиги туфайли
ташлаб қўйилган уйлар кўпроқ. Миркаримовнинг уйи бошқалардан фарқли ўлароқ, кўча юзига
эмас, боғ ичкарисига қурилган. Уйнинг дабдабасини боғдаги дарахтлар ёмон кўзлардан ҳимоя
қилиб туради.
Зоҳид тўрт пахса баландлигидаги девор билан ўралган боғ дарвозаси олдида чалинган
қўнғироғига жавоб кутиб анча турди. Бетоқатланса-да, тирқишдан мўралашдан ўзини тийди.
Тўртинчи қўнғироқдан сўнг дарвоза ортида аёлнинг «Ким?» деган овози эшитилди. Зоҳид
ўзини танитгач, дарвоза ўртасидаги эшик қия очилиб, эгнига пахталик нимча кийиб, елкасига
жун рўмол ташлаган, киприклари узун-узун, қошлари камалак каби эгилган чиройли жувон
кўринди.
«Қошу ёсиму дейин, кўзи қаросинму дейин», деган ашулани шоирлар шундай гўзалларга қараб
туриб ёзишганда...» Зоҳид буни айни дамда, дарвоза остонасининг бу томонида турганида
эмас, кейинроқ қайтар маҳалида ўйлайди. Ҳозир эса савол назари муҳрланган чиройли
кўзларга қараб туриб мақсадини айтди. Жувон «бу одамнинг уйга киришга ҳаққи борми,
қўяйми ё қўймайми», деган ўйда пича турди-да, сўнг чекиниб эшикни кенгроқ очганича
«киринг», деб йўл бошлади. «Уйда эркак йўқ, гапингиз бўлса шу ерда сўрайверинг», дейиш
«еркаксиз уйга бегоналарни киритма», деган одобдан дарс олмаган жувоннинг хаёлига ҳам
келмади. Унинг изидан бораётган Зоҳид «бу қизими ё келиними?» деб ўзича фол очди. Бу
кўҳлик жувон Миркаримовнинг иккинчи хотини деган ҳақиқат тушига кирибдими?
Қишнинг ҳукм суриш вақти тақвимга кўра адоғига етган бўлса-да, совуқ нафаси ҳукмронликни
давом эттираётгани сабабли ташқарида туриб гаплашиш имкони йўқ эди. Кунгай қилиб
солинган ойнаванд айвон иссиқ экан. Зоҳид «шу ерда ўтира қолайлик» деган таклифни
айтишга улгурмай жувон телевизор қаршисидаги стулни кўрсатиб «ўтиринг» деди. Ўзи ён
томондан жой олиб, елкасидаги жун рўмолни суянчиққа ташлади. Сўнг портфелини очиб,
қоғозларини олаётган Зоҳиднинг ҳаракатларини зийраклик билан кузатди.
— Ўлдирган одамни топдингларми?
Сўроққа тайёрланаётган Зоҳид учун бу савол кутилмаган бўлмади. Бундай саволларни кўп
эшитгани учун ҳам шошилмай, қоғозларни кўздан кечириб олди-да, жавобни қисқа қилди:
— Топамиз.