www.ziyouz.com kutubxonasi
68
сўзсиз ўтирдилар. Абдусамад гумону тахмин, фаразларини тарози палласига бир-бир қўйиб
кўргач, уф тортиб:
— Биз ростданам гўл сичқонлар эканмиз, — деб қўйди.
— Нима дединг?
Оралиқдаги фарқ бир ёш бўлгани сабабли Абдулҳамид акасини кўп ҳолларда сенсирарди.
Фақат ота-онаси ҳузурида танбеҳ эшитмаслик учунгина сизлаб қўярди. Укасининг бу қилиғига
кўникиб кетган Абдусамад ҳозирги сенсирашга ҳам аҳамият бермади.
— Устознинг гаплари эсингдами? — деди укасига қараб.
Eсида...
Ватанга қайтиш куни, вақти аниқ бўлгач, доктор Худоёр уларни меҳмонга таклиф этди.
— Мени авфу айлангиз жигарбандларим, сизлар учун вақтимдан бир соатни белгиладим. Қаҳва
ичиб сўзлашажакмиз. Сўнг менинг юмушларимда вордур.
Устозларининг немисларга хос меҳмондўстлиги уларга янгилик эмасди. Зиёфатларда маишат
қилиб узоқ ўтириш ёки уйда зиёфат ташкил этиш унинг табиатида йўқ эди. Шогирдлари билан
мулоқотда бўлганида «енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар» ояти калимасини тез-тез
тилга олар, «исроф қилмаслик фақат таомгагина нисбат эмасдур, вақтга ҳам тааллуқлидир,
валлоҳи аълам. Қиёмат куни беҳуда исроф этган умримиз учун ҳам ҳисоб беражакмиз.
Ҳамонки, бешикдан қабрга қадарли илм олмоқлик бизларга фарз этилмиш экан, вақтни зое
кетказмакдан биза қандай наф келур?» деб насиҳат қиларди.
Ватандошлар доктор Худоёрнинг бу табиатини ҳазм қила олишмас, «илмдаги омад уни кибрга
олиб борди», деб афсусланишарди. Гап келганда отасини аямайдиган доктор Худоёр
Саъдуллохонга ўхшаганлар билан тез-тез баҳслашиб «Сизлар Ватан ҳижронида эмас, бойлик
ҳасратида юрган бандасизлар», деб уларнинг наф-ратини қўзирди. Унинг аччиқ ҳақиқати
фақат Музаффархонгагина маъқул бўларди. Шу боис уйидаги бирон-бир йиғин Худоёрсиз
кечмас эди. Ана шу яқинлик оқибатда тўрт ёшни бир-бирларига қовуштирди.
Доктор Худоёрнинг чорлаши ўзига хос хайрлашиш маросими эди. Устоз Ватанга қайтаётган
шогирдларига ҳаваси келаётганини қайта-қайта таъкидлаб:
— Дунёда омматан абадий ўлан ҳеч нимарса йўқтур. Хоссатан Ватаннинг истилодаги умрининг
адоғи кўринмакдадир. Оҳким, мана бу қадар чўх марҳаматлар этган Тангрим яна биргина
каромат этса-да, ман Ватан озодлигин кўрсам, Ватан эрки хусусиндаги даракни эшитсамгина
бас, орада тўрт уммон ўлса-да, сузиб ўтажакман, Ватан туфроғин ўпажакман! Банда учун шу
бахтнинг ўзи басдир. Банда бандага таъзим этмас, аммо ман — банда Ватан истиқлолин олам
аро овоза этмиш бандага таъзим қилажакман. Сиза сўзим шулдир, азизларим.
— Биз билан бораверсангиз бўларди. Тўйимиз баҳонасида орзуга етардингиз. Сиз — олимсиз,
советларга ёмонлиғингиз йўқ. Москвага бордингиз, индашмади-ку?
— Оҳ, жигарларим, қалбимдасиз! Ман қўрқув исканжасидаги ожиз бир банда эмасдурман.
Манинг-да бу кўзларим истилодаги юртни эмас, ҳур Ватанни кўрмак истаюр. Қалбим
топталмиш туфроғни эмас, озод ўлмиш заминни ўпмакни орзу этиюр. Ожиз фикрим айтурки, бу
кунлара инша Оллоҳ, тезда етажакмиз. Унга қадар эса эҳтиёт ўлмоғингиз жоиздур. Жон
талвасасидаги бу беасллар иблис эплолмаган ишларни-да қилмоққа қодирдирлар. Ўтмиш ёз
чоғиндаги месхетиялик орқадошларимизга қилинмиш иғволарни унутмаслик шартдир.
Советнинг тавбаси мушукнинг тавбаси ила оҳангдош ўлмиш. Англаюрмисиз? Мушук ила сичқон
хусусинда чўх ривоятлар битилмиш. Мазкурлар орасинда ибрат шулким, бир қари мушук ўлар
олдиндан гўёким инсофга кирмиш экан. Сичқонлара мактуб битиб тавбаларини изҳор этибдур
ва яна дебдурким «сизлара бир зиёфат берсам-да сўнгра жон версам. Сичқонлар бу ваъдага
инониш ёхуд инонмасликни-да билмай донишмандга юз тутмиш эканлар. Донишманд дебдики:
«Мушукнинг тавбасига зинҳор инонмангиз. Ўлиб, кўмиб-да қўйилмиш мушукнинг бир дона
мўйлаби туфроқдин чиқиб турганини кўрмоқ бўлсангиз-да ҳов наридан айланиб ўтмагингиз
дуруст ўлур». Сичқонларнинг жўжуқлари насиҳатга зид ўлароқ мушук ҳузурина борибдилар.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |