www.ziyouz.com kutubxonasi
66
Биринчи жомадонни кўтариб чиққан Жамшид:
— Бек ака, совуқда турманг, юринг, — деди меҳрибонлик билан.
Асадбек Чувриндига қандай итоат этган бўлса, Жамшидга ҳам шундай бўйсуниб, эргашди.
Кўчада турганида этини зириллатган совуқ меҳмонхонага борганида кучини кўрсатди.
Баданида безгак титроғи туриб, ҳолдан тойди. Жамшид устма-уст жунчойшабга ўраб қўйса ҳам
исимади. Хожасининг титроғи пасайиш ўрнига зўраяётганини кўрган Жамшид ресторанга
қўнғироқ қилиб қайноқ карам шўрва билан ароқ буюрди. Айтганлари муҳайё бўлгач, шишадаги
ароқнинг ярмини хожасига зўрлаб ичирди. Асадбек карам шўрвадан уч-тўрт қошиқ ичгач,
пешонасида тер маржонлари кўринди. Жамшид зўрласа ҳам шўрванинг ярмидан камроғи
қолди. Шундан сўнг Жамшид хожасини ечинтириб, баданини ароқ билан обдон артиб, худди
чақалоқни йўргаклагандай ётқизиб қўйди. Ана шу амалдан сўнг Асадбекнинг баданига илиқлик
югуриб совуқ титроқ азобидан қутулди. Ҳатто ташвишли гаплардан ҳам йироқлагандай бўлиб
ўзи сезмаган равишда оромли уйқуга кетди. Аммо бу ором олами уни бағрида узоқ ушлаб
туролмади. Бир соатга етар-етмай у яна ташвишли дунёсига қайтди.
Ювиниш хонаси томондаги ғўнғир-ғўнғир товушлар қулоғига кирмаганида узоқроқ ухлаши
мумкин эди. Аввалига буни кўраётгани мажҳул тушга оид товушлар деб ўйлади. Товушлар
аввал унинг сезгиларини уйғотди. Сўнг кўзлари очилди. Бир зум қулоқ тутиб ётди-да:
— Маҳмуд, ким келди? — деб сўраб қаддини кўтарди.
«Жамшид» демай «Маҳмуд» деб юборганини ўзи ҳам сезди. Жамшид эса устози ўрнини
эгаллаётганини фаҳмлади. Ётоқ эшигини қия очиб:
— Маматбей келди. Хонгирейнинг саломи бор эмиш,— деди.
— Ҳа... келибди-да, жуда яхши. Ҳозир кийиниб чиқаман. Сен чой-пой буюр.
— Ўтирмас эмиш. Сизни олиб кетгани келганмиш. Менам тайёрланайми?
— Сен укаларинг билан қоласан. Хонгирейинг билан ўзим би-ир отамлашай.
— Шеригим борақолсинми?
— Кераги йўқ. Бу сен ўйлагандақа учрашувмас. Яраш-яраш бўлади. Акангнинг зиёфатини
еймиз бугун. — Асадбек кийина туриб шундай деди-да, заҳарли тарзда кулимсираб қўйди.
У Хонгирейдан чопар келишини кутган эди. Шу сабабли милисахонадан чиқишгач,
меҳмонхонага боражагини билдирди. Хожасининг мақсадини англамаган Жамшид ажабланиб
қараб қўйиш билан қаноатландию «Ичкарига чақиришганда бир гап айтилгандир-да», деган ўй
билан чекланди. «Нега чақиришибди, тинчликми?» деб сўрашни хаёлига ҳам келтирмади.
Айтиш лозим бўлса, хожасининг ўзи айтарди. Сир сақладими, демак, бу сир қалъасининг
эшиклари Жамшид учун тақа-тақ берк. Очишга уринишлик эса энг камида сўкиш билан
мукофотланади.
Асадбек милисахонадан тўғри «Домодедово» деб аталмиш жойга қараб бормоғи, икки соатдан
сўнг эса учоққа ўтириб уйига жўнаб қолиши ҳам мумкин эди. Шундай қилса унинг ҳар қадамига
тикилиб, кузатиб турганлар жуда бўлмаганда қўрқоқлик тамғасини босар эдилар. Ёки юклар
қайта текширилиб бирон машмаша чиқарилмоғи муқаррар эди.
Асадбек кийиниб даҳлизга чиқиши ҳамон Маматбей қучоқ очиб кутиб олди.
— Ҳа, эски оғайнилар топишиб олдингларми? — деди Асадбек енгил пичинг оҳангида.
— Ў, жан гардашим, бу ўғлунг чўх буюк инсан. Бек гардаш, таъзияларими қабул эт. Маҳмутбей
чўх буюк инсан эди. Афсуслар чекмакдамиз, афсуслар.
— Оғанг Хонгирей қалай, дурустми?
— Ташаккур сана, гардаш. Сана Хангирейнинг саламлари вар.
— Эрталаб зиёратига бораман деб турувдим.
— Зиярет биздан лазим ўлур, Бек гардаш. Санда биза кўнакдирсан. Санида азиз этиб
башларимиза кўтаражакмиз. Хонгирей орқадаш бу онда сани кутмакдадир.
— Кутаётган бўлса кетдик.
— Жамшидбейда бизим ила боражакми?
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |