www.ziyouz.com kutubxonasi
65
деб ғижинди.
Саволга дарров жавоб бермагани учун чарм палтоли йигит ўрнидан туриб унга яқинлашди:
— Биз ҳатто наркокурерларингни ҳам биламиз.
Асадбекнинг талвасага тушишини кутган йигит унинг кўзларига тикилиб хавотирни кўрмади.
— Ким бўлса ҳам сизга нотўғри маълумот берибди. Мен ҳеч қачон қора дорига
аралашмаганман.
— Ҳа, — йигит тисарилиб яна столга омонат ўтирди: — Гапинг тўғри. Бизда бунақа маълумот
ҳам бор. Хўш, қайси бири ҳақиқат?
— Иккинчиси.
— Қара, фикримиз бир ердан чиқди: мен ҳам ҳамкасбларимга шундай дедим. Аммо улар
ишонишмаяпти. Уларни ишонтириш учун нима қилиш керак?
Асадбек елка қисди-ю, «билсанг ўзинг айт» дегандай унга қараб тураверди.
— Сен биз билан ҳамкорлик қилишинг керак. Тушуняпсанми? Ҳеч бўлмаса бир-иккита
наркокурерни бизга тутиб берасан. Мулоҳазага ўрин йўқ. Кўнишга мажбурсан. Ҳар ҳолда
ўғилларингни бекорга чиқармаяпмиз. Улар гаровда, билиб қўй!
Чиндан ҳам тортишиш, мулоҳаза юритишга фурсат йўқ эди.
— Ким билан боғланаман?
— Сен билан ўзимиз боғланамиз. Энди боравер. Уйингга қайтиб, тўйингни бошлайвер.
Қўрқма, энди сен бизнинг ҳимоямиздасан.
Асадбек паст овозда «хайр» деб хонадан чиқди. Саломига алик олинмагани каби
хайрлашишига ҳам лутф қилинмади.
Жамшид билан ўғилларининг савол билан қарашларига жавобан:
— Тезроқ бўлларинг, мен тоза ҳавода тураман, — деб ташқарига юрди.
Кўчага чиқди-ю, қуруқ қор бўрони юзига урилиб нафаси қайтди. Палтосининг ёқасини кўтариб,
бошини тошбақа каби ичига тортди. Москванинг совуғига мосланмаган юпқа палтоси бўрон
ҳамласини қайтара олмади. Бир пасда баданига муз югуриб қақшай бошлади. Изига қайтмоқчи
бўлганида беш қадам нарида, кўча четида қорга бурканиб турган «Волга» эшиги очилиб
Жамшиднинг шериги тушиб келди:
— Бек ака, бўлдими, чиқишдими? — деб сўради.
Асадбек «ишинг нима!» деб жеркимоқчи бўлди-ю, қўл қовуштириб сомеъ турган йигитни
ўкситгиси келмай қисқагина қилиб:
— Ҳа, — деди.
— Ҳайрият-е, Бек ака, мошина иссиқ, ўтириб туринг. Мен ичкарига кирайми?
Йигит энди ҳаддидан ошган эди. Шу боис бу сафар хожасининг ғазабидан бенасиб қолмади:
— Жойингга бор, ишингни қил!
Йигитнинг маҳмаданалиги ғашини келтиргани учун у таклиф этган иссиқ машинага бормай
жойида тураверди.
Унинг хаёллари кўчада сарсари кезаётган қор бўрони каби тўзиган эди. «У мени кутиб ўтирган
эдими? «КГБ ходимиман» деганида ишониб қўя қолганим яхши бўлди. Гувоҳнома сўрасам гап
майдалашарди. Майли, мени калтафаҳм деб ҳисоблаб ўтираверсин. Агар унинг КГБ эмас,
Хонгирейга тобе лайча эканини билмасам, унда чиндан ҳам пайтавафаҳм бўламан. Хонгирей
қорадорифурушликка тоқатим йўқлигини билади. У ўзича усталик билан қўл-оёғимни боғлади.
Агар ҳароми Ҳайдар билан тил бириктирган бўлса, ишини қилаверади. Мен нодон эса
наркокурерларни аниқлаб, хабарлайман. Бу маълумот тўғри Хонгирейнинг қўлига бориб
тушади. У энағар илгаритдан қанжиқ* эди. Мени ҳам ўзига ўхшатяпти шекилли? Яхши, ўхшатса
ўхшатиб турсин. Мен унга ўхшаган паст ўғри эмасман. Меники битта гардкам бўлади. Остидан
ҳам устидан ҳам қўпориб ташламасам юрган эканман. У башарасига ниқоб тақиб арслонман
деб кериляптими? Башара арслонники, дум эса тулкиники. Э, нодон, ўша тулки думингнинг
остига сенинг...» Асадбек шундай деб сўкиниб ён томонга ўгирилганича тупурди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |