www.ziyouz.com kutubxonasi
73
билардинг, а?
— Зелихонми?
— Ҳа, Зелихан! У менинг устозим эди. Тоғда машинаси ҳалокатга учрабди. Ўлигини олдириб,
овулига кўмдирдим. Қўлимдан келгани шу бўлди. — Хонгирей шундай деб хўрсинди-да, бир оз
сукут сақлади. Ке-йин: — Кутаисига бориб келдим, — деб Асадбекка савол назари билан
қаради: — Нега бординг, деб сўрамайсанми?
— Нима учун борганингни айтгинг келса мен сўрамасам ҳам айтарсан, — деди Асадбек
хотиржам тарзда.
— Суликони кўмишга бордим. Танирдинг-а?
Хонгирей Асадбек билан Суликонинг қадрдонлигини яхши билса-да «Танирдинг-а?» деб атайин
таъкидлаб сўради. Хонгирей Кутаисидаги дафн маросимига Асадбек ҳам етиб келар, деб
ўйлаган эди. У ерда учратмагач, «нима учун келмади экан?» деб кўп ўйлади. Суликонинг
вафотидан Асадбекнинг бехабар эканини у билмасди.
Асадбек учун Хонгирейнинг хабари кутилмаган зарба бўлди. Кеча ўғилларининг ташвиши
билан Суликонинг уйига сим қоққан, жавоб бўлмагани учун «бирон ёққа кетгандир», деб гумон
қилган, «биров ўлдириб кетгандир» деган фикр эса хаёлига ҳам келмаган эди. Суликодан
дарак бўлмагач, укаси Иликога телефон қилиб «Босс Кутаисига кетган» деган жавобни эшитган
эди. Иликонинг ёрдамчиси Асадбекни яхши таниса ҳам фожиани нима учундир айтмаган эди.
«Кутаисига бирон иш билан кетгандир» деб ўйлаган Асадбек унга Манзура билан келинларини
зудлик билан Москвадан жўнатиб юборишга ёрдам зарурлигини айтган эди.
Асадбек кучли муштдан зарба еган одам каби бир зум карахт ўтирди-да:
— Сулико? Датунашвилими? — деб сўради.
— Ҳа, ўша, эски қиморбоз ошнанг, — Хонгирей шундай деб суянчиққа ястанди. — Сен билан
телефонда қачон гаплашдим? Ҳа, шунинг ё эртасига ё индинига уйига кириб чопиб
ташлашибди. Ундан аввал омади келиб катта пул ютган экан. Негадир пулга тегишмабди.
Иликони биласан-а, ҳа, укаси. Унинг мендан гумони бормиш. Бу биласанми, кимларнинг иши?
Славянларнинг иши. Кавказликларни бир-бирига қай- рашяпти. Пўстаккалла Илико эса
буни тушунмаяпти. Славянларнинг мендан алами бор. Бир-иккитасининг пачағини чиқариб
ташлаган эдим. Шулардан бири — сенинг Козловинг. Илико ҳам Козловнинг ёнини олган эди.
Нега Козловни ҳимоя қилди, билмайсанми?
Асадбек саволдан келиб чиқувчи мақсадни англаб, истеҳзо билан жимайди:
— Билмайман, азизим. Мени ўртага тушган деб юрувдингми? Менинг даллоллик қиладиган
одатим йўқлигини билмасмидинг? Мен Сулико билан ошна эдим. Укаси менга нисбатан сенга
яқин. Ўзини кўрмаганимга ҳам бир йилдан ошдиёв.
— Буниси менга маълум, — Хонгирей шундай деб чуқур нафас олди-да, кўзларини лўқ қилиб
Асадбекка тикилди. Асадбек ундан нигоҳини олиб қочмади. Уларнинг бу ўтиришлари
болаларнинг «кўз уриштириш» ўйинини эслатарди.
Тўкин дастурхоннинг бир томонида Хонгирей, иккинчи томонида эса Асадбек — иккови ўзига
хос икки мулкнинг эгаси. Ўзини ақлли деб ҳисобловчи бу икки нодон билмайдики, улардан-да
аввал, улардан-да зўрроқ соҳиби мулклар ўтганлар. Лекин осмон барчасини ўз гардишига
олиб, кулга айлантирган.
Олдинроқми кейинроқми лаҳад тупроғи билан тўлувчи бу кўзлар ҳозир бир-бирига тикилганича
бир-бирига кафан бичади:
— Сенга жаҳаннам гуллари насиб бўлсин, — дейди Асадбекнинг кўзлари.
— Маҳмуд укангнинг ўлимини унутма, битта ўлик сиққан гўрга иккитаси ҳам сиғади, — дейди
Хонгирейнинг кўзлари.
Хонгирейнинг Илико ҳақидаги гапларидан Асадбек бу меҳмондорчиликдан мақсадни
фаҳмлагандай бўлди. Москвага бугун эрталаб келганини қайта-қайта айтишидан мақсади —
«ўғилларингнинг машмашасига менинг алоқам йўқ, мен Москвада йўқ эдим» демоқчи. Бунақа
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |