www.ziyouz.com kutubxonasi
72
муқобилида даханини муштумига тираганича тикилиб ўтирарди. Маматбей кириб салом бергач,
Хонгирей орқасига ўгирилди. Асадбекни кўриб аввалига ажабланди. Маматбейнинг хаёлини
ёритган савол унга-да насиб этди. Унинг ажабланганини Асадбек сезди. «Ҳали ҳам
тирикмисан?» деб ҳайрон бўляпти шекилли?» деган фикрга келиб, «Сен учун афсуслар
бўлсинким, Худога шукр тирикман», маъносида жилмайиб қўйди. Асадбекнинг чеҳрасини силаб
ўтган жилмайиш Хонгирейга таъсир қилди. Тунд юзи ёришди. Ўрнидан турди. Узоқ вақт
кўришмай соғинган қадрдон каби қучоқлади. Шарқликларга хос одоб билан аввал ўнг, сўнг чап
бетини бетига қўйди.
Унинг бу тарзда кўришишидан таажжубланган Асадбек «Бу бола ўғри эмас, артист бўлиши
керак эди», деб ўйлади.
Хонгирей қучоғидан бўшаган ондан бошлаб Асадбек унинг кўзларига тикилди: бирон маъно
уқмади. Асадбек унинг қарашида ошкорами ёки яширинми «Ўғилларингни қўлга тушириб
бопладимми? Мен билан ўчакишадиган сенмисан ҳали?!» деган маъно бўлиши керак, деган
фикрда эди. Хонгирейнинг қарашида ҳам, ҳаракатларида ҳам бу фикрни исбот этишга
арзигулик ҳолат кўринмади.
Улар кўришаётган онда тўрдаги одам тили ғўдираган равишда:
— Афтандил! — деб чақирди.
Хонгирей ўгирилиб ўз тилида бир нима деди. Чақчайган кўзлари юмилай деб турган кал ҳам
нимадир дегач, Хонгирей Асадбекнинг билагини ушлаб ўтиришга жой кўрсатди.
— Бу менинг отам, — деди Хонгирей. — Сен билан ичишни хоҳлаяпти. Сен ундан ирганма.
Унинг турган-битгани шу. Мен уни шу ҳолича ҳам яхши кўраман. Чунки у менинг отам.
Кутаисига борган эдим, қайтишда овулга кирсам отам ётиб қолибди. Жигар қуриб битганмиш.
Дўхтирлар «яқинда ўлади», дейишибди. Онам ҳам қизиқ аёл. «Касал экан, ўлар экан», деб
ароқ бермай қўйибди. Бир ёқдан касаллик азоби, бир ёқдан хумор азоби отамни еб ташлабди.
Ҳолига қарагин... Чиндан ҳам унинг елкасида Азроил ўтирибди. У умр бўйи ичди. Онамдан
яшириб ҳам ичди, уришиб ҳам ичди, ялиниб ҳам ичди. Энди ўладиган пайтда қийнашнинг нима
кераги бор? Тўғрими? Ичсин, тўйиб-тўйиб ичсин, армонсиз кетсин.
Хизматчи йигит кириб бўғзи оқ сочиқ билан ўралган шишадаги ароқни қадаҳларга қуйди.
— Ота, бу Асадбек, менинг иззатли меҳмоним, — деди Хонгирей русчалаб. — Меҳмоним
саломат бўлсин. Ичамиз! — Хонгирей шундай деб ароқдан хўплаб қўйди.
— Отангнинг соғлиги учун! — Асадбек ҳам охиригача ичмади.
— Тилагинг учун раҳмат, — деди Хонгирей. — Лекин у энди соғаймайди.
Отаси титроқ қўллари билан чангаллаган катта қадаҳни лабига яқинлаштириб, афтини
бужмайтирди. Кўнгли ичишни истамасди, вужуд ароққа тўйган эди, аммо нафс ҳамон оч эди.
Тўймоғи ҳам мумкин эмас, чунки имони ожиз кишиларнинг оч нафси фақат лаҳад тупроғи
билан қаноат топади. Хонгирейнинг отасидаги кўнгил билан нафс олишуви ароқни хўриллатиб
ичиш билан якунланди. Асадбек чой, шўрва хўриллатиб ичилганини кўрган, бироқ бунақасига
энди дуч келиши эди. Хўриллатиш ҳам ҳолва экан, ароқ ичиб бўлингач, тамадди қилиш ўрнига
ён томонга қараб тупурилди. Эшик ортида шай турган хизматчи йигит кириб унинг оғиз-
бурнини оқ сочиқ билан артиб қўйди. Йигит изига қайтишга улгурмай бурун обдон тортилиб
сўнг яна тупурилди.
— Унга эътибор берма, — деди Хонгирей. Сўнг аввалги гапини такрорлади: — Уни
шундайлигича ҳам яхши кўраман. У — менинг отам!
Асадбек Хонгирейнинг мақсадини англамади. Отасига ичирмоқчи экан уйидами ё шу
рестораннинг бошқа хонасидами ичиравермайдими? Бу иркит тамошанинг нима кераги
бор экан?
— Кеча бу пайтда овулда эдим. Онам билан анча тортишдим. «Отангни олиб кетма,
мусофирликда ўлмасин», дейди. Москвага бугун эрталаб келдим. Ҳозир жони чиқса, овулга
ҳозироқ қайтаман. Бу ерга кўммайман. Чечен ўз тупроғида ётиши керак. Академикни
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |