www.ziyouz.com kutubxonasi
61
— Сиздан ҳам олдин бир киши икки-уч марта келди. Қотилни сизларга биз топиб беришимиз
керакми?
— Сиз овора бўлманг, опа, ўзимиз бир амаллаб топамиз.
— Шунақами? — жувоннинг камалак қошлари чимирилди. — Унда нима учун келдингиз?
Адаларини... бу уйда ўлдиришмаган. Энди бошқа келманглар. Биринчи куни олиб кетган
нарсаларингни ҳам қайтаринглар.
«Адаларини... Демак, бу хоним Миркаримовнинг бевалари экан-да?» Зоҳид шу хаёл билан
жувонга тегишли саҳифаларни варақлади. «Ойсанам Эркаева. 1958 йилда туғилган... Ёшига
кеча эътибор бермабман. Эридан ўн саккиз ёш кичик экан...» Зоҳид беванинг талаб оҳангидаги
гапларига ҳам совуққонлик билан жавоб қайтарди:
— Миркаримовнинг бу уйда ўлдирилмаганини биламан. Лекин ўлимидан олдин шу уйдан ўз
оёғи билан чиққан. Олинган нарсалар вақти келганда қайтарилади, хавотирланманг. Рўйхат
билан олинган, рўйхат билан қайтарилади, игнадек нарса ҳам йўқолмайди, Ойсанам опа, —
Зоҳид шундай деб жувонга тик қаради. Чиройли кўзларга дош бериш қийин бўлса-да, нигоҳини
олиб қочмади. — Мен сўрайдиган айрим нарсалар сизга бемаъни ёки эриш туюлиши мумкин,
лекин шуларни сўраб, аниқлашга мажбурман. Эшитишимча, Миркаримов серҳиммат, қўли очиқ,
меҳмондўст, ҳотамтой одам эканлар, — шундай деб Зоҳид атайин ёлғон айтди. Пулдор
одамлар, уларнинг оилалари бахил бўлсалар-да, ўзлари ҳақида шундай тавсифни эшитмоқни
хуш кўрадилар. Зоҳиднинг мўлжали аниқ чиқиб жувон узоридаги қатъийлик сояси чекиниб,
мамнунлик офтоби кўринди. Зоҳид эса бу ўзгаришни сезмагандай давом этди: — Кунда бўлмаса
ҳам кунора меҳмон кутгандирсиз. Меҳмондўст одамнинг хотини бўлиш осонмас.
— Нимасини айтасиз... — жувон шундай деб енгил хўрсинди.
Яқин ўтмишнинг тотли хотираси юрагини энтиктирди. Меҳмон кутишда у эрталабдан хамир
қориб нону сомса ёпмас, бир қозонда суюқ, иккинчисида қуюқ овқат ҳам пиширмасди. Меҳмон
кутишни пазанда йигитлар, хизматчи аёллар ўрнига қўйишарди. Бу оппоқ, бўлиқ бармоқлар
қозон-сочиқ нималигини аллақачон унутиб юборган. Меҳмон кутиладиган кун бу бармоқлар
пиёз арчиб, тўғрамас, балки тилла узуклар билан ороланарди. Таманно билан юриб, кўп
кўзларни куйдирарди. Эри «еркакларнинг олдига ҳадеб чиқаверма» деса-да, «чойингларни
янгилаб берайинми?» деган меҳрибонлик билан кириб-чиқиб турарди. Унинг хаёлида бузуқлик
йўқ эди, эрига хиёнат қилмоқни ҳам ўйламасди. Фақат эркак зотининг еб қўйгудек бўлиб
суқланиб қарашидан роҳатланарди. Меҳмонга тақинчоқларини тақиб борганида эса
эркакларнинг хирсдай қарашларига қўшимча равишда аёлларнинг ҳасад билан боқишларидан
маст бўларди. Ҳозир ўша омон-омон дамларни эслаб энтикди. Жувоннинг бу олами Зоҳидга
қоронғу эди. Шунинг учун енгил хўрсиниш сабабини бошқача тушунди.
— Тез-тез келадиган одамлар орасида Асадбек ака бўлармидилар?
— Ким у киши?
— «Асадбек» деса бутун шаҳар танийди-ку? Сиз... эшитмаганмисиз?
— Эшитмаганман... оғайнилари орасида бунақаси йўқ эди шекилли?
— Ҳайдар ака, Маҳмуд деганларини-чи?
— Эсимда туради, дейсизми? Биласиз-ку, бизда эркаклар алоҳида ўтиришади. Ўрисларга ўхшаб
биллалашиб чўқиштириб ичишмаймиз.
— Бу гапингиз ҳам тўғри. Мен Асадбек акани танийсиз деб ўйлабман. Сизни қаердадир
кўргандай бўлиб ўтирувдим. Энди эсладим: Асадбек аканинг тўйларида кўрган эканман.
Зоҳид бу ёлғонни таваккал қилиб айтди. Унинг фаразича, тўйга шаҳарнинг барча пулдорлари
келишган. Асадбекларга хизмат қилиб юрувчи таксопарк директорининг келиши эса исбот
талаб этилмайдиган ҳақиқатлар сирасига кирарди. Шундай дабдабали тўйга бундай гўзал
хотинни олиб бормаслик эса нодонлик бўлади.
Зоҳиднинг бу ёлғони ҳам яхши самара берди. Жувон кафтини ўнг бетига босиб,
ўйлангандай бўл-ди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |