www.ziyouz.com kutubxonasi
50
Темир йўл бекатида кўкрагига бомба босилган ҳолда ночор турган маёр Солиев айтолмайдиган
васияти баҳонасида шуларни ҳам ўйлаши кимгадир ғалати, балки ишончсиз туюлиши мумкин.
Ҳолбуки, ғалат ҳолатларда ғалат ўйларнинг фикрни ёритиб ўтиши мутлақо ғалати эмасдир.
Агар Солиевнинг ўрнида бир неча соат аввал «Қассоб»нинг ўқидан жон берган милитсионер
йигит бўлганида бошқача ўйлаб, ўзгача васиятни фикр қиларди. Агар унга «ҳозир «Қассоб»
сени отиб ўлдиради, васиятингни айтиб ол», деб имкон берилсами, биринчи галда ҳомиладор
хотинига қараб: «Мендан ке-йин турмушга чиқсанг, болани «детдом»га берма, ота-онамга
қолдир», демоғи шубҳасиз эди. Бироқ, унга бундай имкон берилмади, васиятсиз кетди.
Солиевнинг ўйларида жон бор: васиятни айтиб, сўнг жон бериш ҳам ўзига яраша бир бахт —
Тангрининг буюк марҳаматларидан бири...
Зулмат қаърида эканида ҳаёт ва мамот, васият тўғрисидаги ўйлар уни безовта қилмайди.
Зулмат пардаси тешилиб, ойдинликнинг заиф нури қоронғулик билан олиша бошлаганида
ниманидир сезди, қандайдир товушни эшитди. Ҳатто нималарнидир кўргандай ҳам бўлди. Аммо
сезгани, эшитгани, кўргани нима эканини идрок эта олмади. Қулоқларига кираётган товушлар
нотаниш, димоғига урилаётган ҳид ҳам бегона эди.
Кейин...
Ҳа, кейин «Қассоб»ни кўрди. Ҳамма ёғи қонга беланган «Қассоб» аввалига даф қилиш
мақсадидами, у томон бостириб келди.
Солиев ётган ерида қимирлай ҳам олмади.
— Қорним очди, — деди «Қассоб». — «Чучвара егим келяпти. Лекин сенинг гўштинг чучварага
ярамайди. Эркак гўштини ейиш — менинг принтсипимга тўғри келмайди...»
Темир йўл бекатида чангалида бомба ушлаб турганида ҳам шундай деган эди. Бу гапни эшитиб
Солиев «Шу тавиянинг ҳам принтсипи бор-а...» деб ўйлаб ғаши келган эди.
Ҳозир ҳам шундай ўйлади. Бир нарса демоқчи эди, тили айланмади. Ғудранди.
— Ҳали ҳам ўлганинг йўқми? — «Қассоб» шундай деб энгашган эди, Солиевнинг кўкрагига қон
томди. Томчи қон қайноқ сув каби этини куйдириб, азоб бера бошлади.
Кутилмаганда «Қассоб» тисарилди. Кутилмаганда Солиев қувватга кириб, қаддини ростлади.
Буни кўрган «Қассоб» қоча бошлади. Солиев қувмоқчи бўлди: негадир қуш каби енгил учди.
— Тўхта, қочма, нега қочяпсан? — деб бақирди.
— Қувлама мени, барибир ета олмайсан.
— Тўхта, гапим бор сенда.
— Гапларингга бир кеча камлик қилдими? Сен билан бир тун бирга бўлдим. Энди ўлгунингча
мени эслаб юрасан. Ўлгунингча мени қувлайсан. Қувлаш жонингга тегиб ҳам кетди.
Шундай деб «Қассоб» ҳам уча бошлади. Охири кўринмай кетди. Йўлда қонли излар қолди.
Шундан сўнг кўзларини очди.
Қаерда эканлигини билмади. Кўргани — оппоқ шифт унга қаерда эканини англатмади.
«Қассоб»ни қува-қува етиб келганим шу ерми, деган ўйда бир неча фурсат кўзлари
бақрайганича қотди. Нотаниш товушлар ҳам тинди. Сукунат жарангидан қулоқлари
шанғиллади. Кўп қатори у ҳам «Сукунат — жимлик демакдир» деб ҳисоблар эди. Аммо ҳозирги
аҳволида сукунатдан қулоқлари қоматга келди. Сукунат шовқинини даф этмоқ учун
қулоқларини кафтлари билан беркитмоқчи бўлди, бироқ қўллари унинг ҳукмига бўйсунмади.
Билаклари оғир тошга боғлаб қўйилгандай кўтарилмади. Шунда қотиб қолган нигоҳи ҳаракатга
келди. Унга хиёнат қилмаган жони аввалига киприкларини ўйнаб пирпиратди. Сўнг шифтга
қадалган нигоҳ аста пастлади. Дастлаб кўрга-ни — тўнтариб қўйилган дори шиша идиш
пўкагига уланган шаффоф ичак бўлди. Шиша идиш ичидаги яримлаб қолган заъфарон суюқлик
қайнашни бошла-ётгандай дам-бадам пуфакча чиқариб қўяди. Маёр Солиев ана шу
пуфакчаларни санаётгандай тикилиб ётди.
«Касалхонадаманми?»
Саволига заъфарон суюқлик оқиб ўтаётган шаффоф ичак жавоб берадигандай нигоҳини
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |