www.ziyouz.com kutubxonasi
41
нималарни гаплашдинг?» деб сўраганида бир озгина гуллаб қўйди. Тўғри, гумонини, қасос
ҳақидаги гапларни айтмади. «Бу тасодифга ўхшамасмиш», дейишининг ўзиёқ онасини бир
қалқитиб юборди.
Чувриндининг хотини бу айрилиқнинг тасодиф эмаслигини хабар эшитганидаёқ ҳис қилган эди.
У бир кунмас бир кун оқибат шу бўлар деб қўрқиб яшади. Қўрқиб кутганининг юз берганини
билибоқ кўз олди қоронғулашди. Бир неча лаҳза тилдан қолди. Хаёлидаги «ким ўлдирди?»
деган савол булути қуюқлашди. Бу борада она-боланинг фикр-ўйлари ҳамоҳанг эди.
Умиднинг гапларини эшитиб қалқишига сабаб бўлган нарса гумонининг тўғри экани эмас,
балки бу ҳақиқатдан ўғлининг хабар топиши эди. Отасининг ўлдирилганини билган қайси ўғил
тинч юраркин? Ёшликнинг қайноқ қонига қасос ўти ҳарорат берса янги фалокат юз очмасми
экан? Бу фалокат боласини бирон балога гирифтор этмасми экан? Шу хавотир онанинг
юраккинасини ёриб юборай деди. «Опоқ даданг адашганлар. Аданг бировга ёмонлик
қилмовдилар. Бировнинг адангда хусумати бўлмаган. Бу бир фалокат, бир тасодиф», деб
ўғлини чалғитмоқчи бўлди. Ўзи ҳам ишонмайдиган бу гапга ўғли ишонарми экан?
Бу ҳақда ўйламади.
3
Eртасига эрталаб Асадбек яна келди. Бу сафар меҳмонхонага кирмади. Хассакашлар учун
дарвозахонага қилинган жойга ўтирди. Кесакполвонни кўриб феъли бир бузилди, ранги бир
бўзарди-ю, дарров ўзини қўлга олди. Худди кеча қабр тепасида туриб «Йўқол! деб
ҳайдамагандай, сир бой бермаган ҳолда сўрашди. Аъёнининг «Ўзинг тузукмисан, хавотир олиб
уйингга борувдим, йўқ экансан», деган саволига «Яхшиман, шукр», деб жавобни қисқа қилди.
«Сен меникига борганингда мен бу ерда эдим», дейишининг ҳожати йўқ эди. Асадбек уйига
қайтгач, бу ердан чиқиб қозихонага борган Хумкалла барча хабарни ҳожасига етказган, ҳатто
қатиқ қўшилмаган мошхўрданинг ичилмаганини ҳам айтиб «бир нимадан
хитланмадилармикин?» деб илова қилган эди. У садоқати учун ҳожасидан ширин сўз
кўринишида бўлса ҳам бир мукофот кутган эди. Шўринг қурғур Хумкалла шўри қуриб
қолганини, охирги мукофот ўлим шароби эканини тасаввур ҳам қила олмас эди. Умри
адоғидаги сўнгги хабарини айтиб бўлган Хумкаллани Қози маишатга таклиф қилиб «ижозат
беринг» деган маънода ҳожасига қаради. Кесакполвон:
— Бўпти, бугун жа-а эзадиган кун бўлди, би-ир чигил ёзди қилларинг, — деб марҳамат қилди.
Асадбек Кесакполвонга сир бой бермай ўтиргач, атрофни зимдан кузатиб Хумкаллани
қидираётган паллада шаҳар чеккасидаги ахлатхона атрофида ҳамиша оч юрувчи итларнинг
байрами авжга чиққан эди. Итлар галасидаги зўрлар қоринларини тўйдириб, узун тиллари
билан тумшуқларини ялаб нари кетишган, заифроқлари эса Хумкалланинг сўнгги этларини
суякдан айириб ейиш билан овора эдилар.
Кесакполвон ҳозирча ўз тахтида ўтирган ҳожасининг олазарак қараб қўйишларини сезди,
Ҳалимжонни чақириб қулоғига шивирлаганини кўрганда сергакланди. Ҳалимжон кетгач,
Асадбек аъёнини имлаб чақирди.
— Дастурхонга қараб қўйсанг бўлмайдими? — деди Асадбек бир оз зардали оҳангда. — Ўлар
жойда эмасмиз-ку, ё бозорда мева-чеванинг уруғи қуриб кетибдими?
— Энди... маъракада сипороқ бўлсин, дебман-да. Ҳозир қотирамиз, — деб ўзини оқлади
Кесакполвон.
— Ўтир,— деди Асадбек, — Ҳалимни жўнатдим. Сен йигирмани ўйладингми?
— Ҳа, ўн тўққиз кунда қиламиз. Маҳмуднинг ҳурмати бор, дарров ўтказиб юборсак, айб бўлар.
— Қаерда бўлади?
— Шу ерда, ҳовлиси кенг, бемалол.
— Осмонга қараб қўй-чи?
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |