www.ziyouz.com kutubxonasi
40
Чувриндининг ўғли Хумкалла киришидан то чиққунига қадар унга ғалати қараш билан қаради.
Асадбек буни сезиб, у ҳам Хумкаллага тикилди. Тикилди-ю, унда саросима ёки довдираш
ҳолатини илғамади. Кўпроқ Чувринди билан бирга бўлувчи Хумкалланинг феълини,
қилиқларини яхши билмагани учун ҳам Асадбек ҳеч нима сезмади.
Асадбек ота уйидаги паловхўрликда Жалилнинг зўри билан уч-тўрт қошиқ ош еган эди. Бошқа
пайт бўлганида балки таомнинг ҳиди нафсни қитиқлаб уйғотарди. Аммо бир неча соат олдин
ўлик чиққан уйда нафс уйғона олмади. Асадбек кўнгил учун қўлига қошиқ олди-да, овқатга
ботириб айлантирди.
— Ич болам, совутма, — деди меҳрибонлик билан.
Чувриндининг ўғли ҳам кўнгил учун бир қошиқ ичиб опоқ дадасига қараб олди.
— Кечаси телефон қилган одамнинг овозини танидингми? — деб сўради Асадбек, косани сал
нари суриб. — Мен адангларни чақирмаган эдим. Бу гап орамизда қолсин. Аянгга ҳам айтма.
Овозни кимга ўхшатдинг?
Умид елка қисиб, ерга қаради.
— Айтавер, қўрқма. Бу тасодифга ўхшамаяпти. Агар адангларни... ўлдиришган бўлса... унда
сен... уларни ўлдирасан. Кетган келаркан, кетмонлаган қайтиб келмас экан. Мен бу ишнинг
тагига етаман. Ғаламисни топиб ўлдирмасак, аданглар биздан рози бўлмайди. Ҳаёт шунақа,
Умиджон болам, эркак одам қасос учун яралган.
Асадбек ҳаёт ҳақидаги, яралиш ва ўлим тўғрисидаги, меҳр ва зулм хусусидаги ўз дунёқараши,
ўз хулосаларига таяниб айтди бу гапларни. У «ал қасосул минал Ҳақ» — «қасос Ҳақдандир»
деган ҳақиқатнинг маъносига етмас эди. Асадбекдай одам бу ҳақиқат мағзини чақолмаса
ҳаётнинг аччиқ мевасини эндигина тотган бу йигит нима десин? Ярим тунда отасининг ўлими
ҳақидаги хабарни эшитибоқ «адамни ўлдиришибди», деган хаёлга банди бўлиб қолган йигитга
Асадбекнинг ҳозирги гаплари қанот берди. У отасининг мурдаси уйга олиб келиниб, ғассолнинг
қўлига топширилгунича ҳам, Ерга топширилиб, то фотиҳачилар оёғи узилгунича ҳам «Ким
ўлдирди?» деган саволга жавоб топмоқ истади. Кўнгил сўровчиларнинг аксари унинг кўзига
қотил бўлиб кўринди ҳам. «Бандалик...» деган сўзлари йигитнинг қулоғига «Бопладик...»
дегандай эшитилди. Ҳатто... «опоқ дада» деб эркалаб меҳр қўйгани Асадбек ҳам бу рўйхатга
бир кириб чиқди.
Ҳозир опоқ дадасининг дардли оҳангдаги гапларини эшита туриб ундан гумонсирагани учун
уялди.
— Ота-боболаримиз ҳамиша шундай қилишган, — деди Асадбек. — Биз ҳам шундай қиламиз.
Агар сен билан мен эплай олмасак, укаларинг улғайганида ўлдиришади у палидни. Агар
укаларинг катта бўлгунича у ўлиб қолса, ифлослиги учун болалари жавоб беради. Ҳукм шу.
Бошқача бўлиши мумкин эмас. Энди айт, овозни танидингми? — Умиддан садо чиқавермагач,
Асадбек унинг ҳозирги қарашига асосланиб — Хумкалла эмасми? — деб сўради.
Умид опоқ дадасига бир қараб олди-ю, ишончсизлик билан бош ирғади.
— Бўпти, бировга оғиз очма. Сен қарашингдан гумонингни сездириб қўйяпсан. Чақирган
Хумкалла бўлса, чақиртирган ким? Бу ёғига аралашмай турасан.
Боланинг ташқи кўриниши отага ўхшагани билан феъли ҳамиша ҳам бир хил бўлавермайди.
Умиднинг бўй-басти отасига тортса-да, қизиққонлиги ўхшамасди. Ёш йигитлардан вазминлик,
чуқур мулоҳаза юритишни талаб қилишнинг ўзи тўғри эмас. Қизиққонлик барча ёшларга хос.
Вақти келиб, бош турли деворларга урилиб, кўзи очилгач, унда ўша вазминлик,
сермулоҳазалилик ўз-ўзидан уйғонади. Худо умрини берса, балки Умид ҳам отаси каби бўлар,
валлоҳи аълам.
Ҳозир эса... Агар ҳозир Асадбек «тўғри фаҳмлабсан, отангни шу ўлдирган» деса, ўйламай-
нетмай қўлига пичоқми ёки болтани олиб югуриб қолар эди. Асадбек шуни назарга олдими, ҳар
нечук уни тийди.
Бола — бола-да. Асадбек «аянгга айтма», деб та-йинлаган бўлса-да, онаси «опоқ даданг билан
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |